Бухоро шаҳрида қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бино қулаб тушди. ФВВнинг маълум қилишича, фалокат жорий йилнинг 31 октябрь куни соат 16:03ларда Бухоро шаҳар Дўстлик МФЙ Т.Фароғий кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган “Когон Қурувчи монтаж” МЧЖга қарашли 3 қаватли бинода содир бўлган.
Бинонинг қулашига ушбу бинонинг томга қурилиш материалларининг вазндан ортиқ юкланиши сабаб бўлган. Натижада бинода қурувчи бўлиб ишлаётган Жондор тумани “Хўжахайрон” МФЙ Хўжахайрон қишлоғида яшовчи 1973 йилда туғилган фуқаро Рўзиев Козим Файзиевич бино қулаши оқибатида тан жароҳати олган. У Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин-қутқарув отряди томонидан қутқарилган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ётқизилган.
Ҳозирги вақтда Бухоро вилояти қурилиши соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари томонидан бинонинг қулаб тушиши билан боғлиқ ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.






