Бу ҳақда хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматига кўра, 4 нафар эгизак ва онанинг ҳолати назоратга олинган.
Маълум қилинишича, шу йилнинг 29 октябрида Самарқанд туманида истиқомат қилувчи 32 ёшли ҳомиладор аёл М. Тоҳирова Самарқанд вилоят перинатал марказига мурожат қилган.
Бўлажак она қабул бўлимида тиббий кўрикдан ўтказилиб, зудлик билан марказнинг реанимация бўлимига ётқизилган.
Унга “Ҳомиладорлик 4-даража. Преэклампсиянинг оғир даражаси. Сурункали пиелонефритнинг хуруж даври. Резус манфий қон. Кўп сувлилик. Анемиянинг оғир даражаси” ташхиси қўйилган.
— Бўлажак она марказнинг реанимация бўлимида тўлиқ клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилиб, доимий равишда мутахассисларимиз назоратида бўлди, — дейди марказ директори Лола Ҳамроева. — Унда туғуруқдан олдинги ҳомила профилактикаси, гемотрансфузия ва антибактериал терапиялар амалга оширилди. 2 ноябрь куни такрорий кўрик натижаларига асосан, аёлнинг айни пайтдаги тиббий аҳволини ҳисобга олиб, тажрибали мутахассисларимиз билан туғуруқни оператив йўл билан амалга оширишга келишилди.
Шу куннинг ўзида шифокорлар томонидан жарроҳлик йўли билан тўрт нафар соғлом чақалоқ туғдириб олинган.
Улардан икки нафари қиз бола бўлиб, бири бўйи 42 см., 1860 гр. вазн билан, иккинчиси бўйи 43 см., 2060 гр. вазн билан дунёга келган.
Икки нафар ўғил чақалоқнинг ҳам бўйи 43 см. бўлиб, бири 2090 гр., иккинчи эса 1800 гр. вазн билан туғилган.
️"Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Оғир туғуруқ жараёнидан сўнг онанинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик амалиётига мос бўлиб, у ва болаларининг ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинди. Айни пайтда барча керакли муолажалар давом эттирилмоқда", - дейилади хабарда.






