1

Ўзбек хирургияси тарихида биринчи марта бир вақтнинг ўзида юрак ва буйракда операция ўтказилди

САЛОМАТЛИК 04.11.2022, 23:08
Ўзбек хирургияси тарихида биринчи марта бир вақтнинг ўзида юрак ва буйракда операция ўтказилди

Давронбек Ғойибов 47 ёшда. Юқори қон босими, бош оғриғи, кўз хиралашиши ва доимий чарчоқ каби асоратлардан азият чекиб келган бемор ўзида сурункали буйрак етишмовчилиги борлигидан хабар топади ва диализ муолажаларини ола бошлайди.

Қолаверса, Даврон ака кўп йиллардан бери қандли диабет, гипертония касаллиги билан кардиолог ва эндокринолог назоратида ҳам турарди. Буларнинг барчаси унинг аҳволини янада оғирлаштирди.

Натижада сентябрь ойида Хирургия марказига буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат қилади. Беморга ўз қизи Зебинисо Ғойибова донорлик қиладиган бўлди.

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бир вақтнинг ўзида юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. Миллий хирургиямиз тарихида илк бор амалга оширилган бу ноёб операция ўзбек кардиожарроҳ ва трансплантологлари томонидан мустақил бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

"Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли буни хастанинг юраги кўтара олмаслиги мумкин эди", — дейди марказнинг бўлим мудири, профессор Фазлиддин Баҳриддинов.

 — Чунки текширувлар давомида бемор юрагининг учта жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди.  

Биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинди.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади. Ўзбекистон ҳудудида эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзоларининг рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли яқунланди.

Ҳозир бемор ва донорнинг аҳволи яхшилиги айтилади.

"Уларни тиббий стандартлар бўйича даволаш жараёни давом эттирилмоқда", — дейди ССВ бу ҳақда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1