Россия қисқа муддатли ярашув ҳисобига ҳарбий ҳаракатлардан танаффус олмоқчи. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди, дея ёзмоқда "Zamon.uz".
“Россия ҳозир қисқа муддатли ярашувга интилмоқда — мақсад кучларни тиклаш учун танаффус олиш. Кимдир буни урушнинг якуни дейиши мумкин, аммо бундай тўхталишлар вазиятни янада ёмонлаштиради”, – деган Президент Галифакс халқаро хавфсизлик форумидаги онлайн чиқишида.
Зеленскийнинг фикрича, ҳудудий ён беришлар Россия билан тинчликни кафолатламайди. У ҳақиқий барқарорликка эришиш учун РФ агрессияси унсурларини бутунлай йўқ қилиш кераклигини таъкидлаган.
Украина етакчиси тинчлик учун 10 та ташаббусини эслатган. Уларнинг орасида Россия қўшинларини бутунлай олиб кетиш, радиацион ва ядро хавфсизлиги, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлик, барча асир ва депортация қилинганларни озод қилиш, БМТ Низомига риоя этиш ва Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш каби шартлар бор.






