АсосийJamiyat

Сирдарёда янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди

'Сирдарёда янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди'ning rasmi

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида қурилган, қуввати 220 МВт бўлган янги газ-поршенли иссиқлик электр станцияси бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур электр станция йилига 1,7 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Станцияда ўрнатилган қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги ҳисобига йилига 150 млн метр куб табиий газ тежалиши кутилади. Тежалган табиий газ билан эса қўшимча 685 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон ва Туркия Президентлари томонидан мазкур электр станция қурилишига старт берилган эди.

    Бошқа янгиликлар