“Ҳудудгазтаъминот” ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши муносабати билан табиий газ истеъмоли сезиларли даражада ошаётганлигини таъкидламоқда.
Компания ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 4 декабрида мамлакат аҳолисига (3,9 миллиондан ортиқ истеъмолчига) 68 млн куб метр табиий газ етказиб берилган. (2021 йил 4 декабрда - 55,8 млн куб метр, яъни жорий йил 21% га кўпроқ етказиб берилган). Шунга қарамай 516 та маҳаллада ёки 79 минг истеъмолчида газ босимининг пасайиши кузатилиб, 14 минг истеъмолчида эса газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларни “зангори” ёқилғи билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жалб этилган 10 мингдан ортиқ соҳа ходимлари маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилишмоқда. Улар томонидан айни пайтда “Бинокор” ва “Бектемир” газ тақсимлаш станцияларида чиқиш босимини ошириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар ҳал этилса Тошкентнинг Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Миробод ва Сергели туманларида табиий газ босими яхшиланади.
“Ўзтрансгаз” АЖ мутахассислари билан биргаликда Янгийўл тумани “Янгийўл” маҳалласи Зафаробод кўчаси бўйлаб жойлашган 30 та хонадонда бу муаммо ҳал этилган, “Чаманзор” маҳалласида эса бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Пойтахтдаги АГҚКШнинг иш жадвалига ўзгартиришлар киритилган. Жамоат ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга транспортларга ёқилғи қуйиш ишлари тунда ҳам амалга оширилмоқда. Чекловлар аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларидан ташқари бошқа истеъмолчиларга қўйилади.
"Фурсатдан фойдаланиб, барча истеъмолчиларни “зангори” ёқилғи билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳурматли фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишларини ва биринчи навбатда зарур бўлган газ жиҳозларини ишлатишни, уйдан чиқиб кетаётганда эса иситиш мосламаларининг ҳароратини иложи борича пасайтиришни илтимос қилади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати аҳоли ва ижтимоий обектларни ўз вақтида табиий газ билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилишни давом эттиради.
Барча мурожаатлар, шикоятлар ва таклифлар 1104 call-маркази ва 104 диспетчерлик хизмати рақамлари, шунингдек, Фаcебоок ижтимоий тармоғида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун очиқ гуруҳи орқали қабул қилинади", дейилади маълумотда.






