Сурхондарё вилояти Узун туманида юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti дарахтга урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 17 декабрь куни тахминан соат 00:40 ларда Узун тумани «Қарашиқ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р108А автомобиль йўлининг 13-километрида Сариосиё—Узун йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Лаcетти ҳайдовчиси йўл четидаги дарахтга урилиб, ЙТҲ содир этади.
Автомашина салонида бўлган ҳайдовчи ва йўловчи шу пайтнинг ўзида туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилади.
«Оқ Lacetti катта тезликда ўтиб кетди. Машина силтана бошлади. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, машина айланиб кетди. Автомобиль ичидан болаларни чиқариб олдик, ‘насилка’га қўйдик. Оғир аҳволдагисини Damas’га жойладик. Иккинчиси ҳушига келди. Кетаётганимизда дўхтир беморни текшириб, унинг жони узилганини айтди. Кейин шифохонага олиб бордик», — деди воқеа гувоҳларидан бири.
Аниқланишича, 2004 йилда туғилган фуқаро қариндошига тегишли бўлган автомашинани бошқарган вақтида юқори тезлик оқибатида бошқарувни йўқотган.






