1

Фарзанд кўришни ният қилган эр‒хотинлар учун 15 муҳим тавсия

СУҒДИЁНА 19.09.2016, 14:45
Теглар: Фарзанд, Оила, Бола
Фарзанд кўришни ният қилган эр‒хотинлар учун 15 муҳим тавсия

Жуфтликлар туғилажак зурриёдларининг ҳаёти, саломатлиги олдида масъулиятлари жуда катта. Ҳомиладорлик ўз вақтида юз бериши, энг асосийси, меъёрда кечиши учун унга тайёргарлик кўриш шарт. Бунинг учун эр-хотинлар соғлом турмуш тарзига риоя қилиши мақсадга мувофиқ.

АЁЛЛАР УЧУН!

1-тавсия: Тиббий кўрикдан ўтинг. Бу борада, аллақачон, қадам ташлагансиз. Чунки никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, таҳлиллар топширган, мавжуд касалликларга қарши даво чораларини кўргансиз. Аммо сиз иккинчи ёки учинчи бор фарзанд кўришни режалаштираётган бўлсангиз, албатта, шифокорга мурожаат қилишингиз керак. 

2-тавсия: Дармондорилар ёрдамига таянинг. Ҳозир витаминлар қабул қилишнинг айни вақти. Уларнинг баъзилари болани наслий хасталиклардан ҳимоя қилиш ҳамда ташқи таъсирлардан сақлаш хусусиятига эга. Айниқса, фолий кислотасини қабул қилишга эътибор беринг. У ҳомиладорликнинг тезроқ юзага келишига ёрдам бериб, ҳомила ривожланаётганда уни нуқсонлардан ҳимоялайди. Ушбу воситани ҳомиладор бўлишдан 3-6 ой аввал қабул қилишни бошлаб, ҳомиладорликнинг 2-3-ойида тўхтатишингиз мумкин.

3-тавсия: Таомномага эътибор беринг. Бўлажак онанинг таомномаси витамин, минерал, оқсил ва ёғларга тўйинган бўлиши керак. Айни дамда қизил ва сариқ тусдаги мева-сабзавотларни имкон қадар кўпроқ истеъмол қилиши тавсия қилинади. Улар таркибидаги А, Е ва В гуруҳ витаминлари тезроқ ҳомиладор бўлишингизга кўмаклашади. Бундан ташқари, бўлажак она ҳафтада бир марта бўлса ҳам, балиқ, курка гўштидан тайёрланган таомларни тановул қилиши лозим. Улар ёғли кислоталар ва оқсилга бой бўлгани учун организмга қувват бағишлайди. Шунингдек, Е витамини (ловия, зайтун мойи)ва К витаминига (исмалоқ, ошқовоқ, помидор, бақлажон, яшил нўхат, тухум сариғи) бой маҳсулотлар бу даврда организм учун бебаҳо ҳисобланади. Соғлом ҳомиладорликнинг гарови ҳисобланган фолий кислотасини озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳам топиш мумкин. Кўкатлар (айниқса салат барги, сарсабил, кашнич), қора нон, гулкарам, банан, олма, лавлаги, қизил сабзи, гречиха ёрмаси, хандон писта ва бодом, жигар ва тухумда бу витамин бисёр бўлади.

4-тавсия: Ўзингизни асранг. Асабийлашиш, тушкунлик овуляцияга таъсир қилиши мумкин. Ўзингизни қўлга ололмай, арзимас нарсаларга ҳам асабийлашаверсангиз, руҳшунос қабулига ёзилишга уялманг. 

5-тавсия: Дам олишни унутманг. Узуккун бир жойда ўтириб ишлаш жинсий аъзоларда қон айланишини секинлаштиради. Бу эса яллиғланишлар учун имкон яратиб, ҳомиладор бўлиш орзунгизни ортга суради. Иш пайти ҳар 40 дақиқада туриб, хонада юриш, енгил гимнастик машқларни бажариш керак. Бундан ташқари, иш ва уйда ўзини зўриқтириш, вақтида ухламаслик натижасида аёл организми ҳолдан тояди. Бу ҳолатда миядаги ҳомиладор бўлиш истаги организм томонидан рад этилади. Шунинг учун аёл ўзини эҳтиётлаши, барча муаммоларни нари суриб, вақтида дам олиши муҳим. 

6-тавсия: Вазнга эътибор беринг. Вазн кам бўлса, аёл организмида эстроген гормони кам ишлаб чиқилади. Бу эса фолликулаларнинг яхши ривожланмаслигига олиб келади. Организмдаги ортиқча ёғлар эса  тухум ҳужайрани етилтирмайди.

7-тавсия: Кўп дори ичманг. Антибиотик, уйқудори, гижжага қарши воситалар тухум ҳужайранинг етилишига тўсқинлик қилади. Жинсий алоқа пайтида ҳар хил интим кремлардан фойдаланманг. Улар сперматозоидларни нобуд қилади. 

Агар маълум муддат ҳомиладорликдан сақловчи дорилар қабул қилган бўлсангиз, уларни тўхтатиш ва ҳомиладор бўлиш орасида камида 3 ой ўтиши керак. Бу оралиқ яқин бўлса, ҳомиладор бўлишингиз мумкин, аммо кейин овуляция вақтини аниқлаш қийин кечади. Спирални олдирганингиздан кейин ҳам организм тикланиши учун камида 3-6 ой талаб этилади. Акс ҳолда ҳомила тушиши мумкин.

8-тавсия: Иммунитетни оширинг. Пиёда юриш, эрталаблари иссиқ сувда душ қабул қилиш, бадантарбия машқларини мунтазам бажариш иммун тизимни кучайтириб, ҳомиладорлик пайтида аёлни юқумли касалликлар ва шамоллашлардан асрайди. Ҳимоя тизимингизни қувватлаш учун кўпроқ табассум қилинг. Ҳатто бунга хоҳишингиз бўлмаса-да, 2-3 дақиқа давомида жилмайишга урининг. Юз мушаклари бу ҳаракат орқали бош мияга хурсанд бўлиш ҳақида буйруқ боради ва қонда бахт гормони (серотонин) кўпаяди. Қарабсиз-ки, кайфиятингиз кўтарилиб, ўзингизни бахтли сеза бошлайсиз. Ҳомиладор бўлиш истагида бўлган аёл учун бундан яхши чора борми?

ЭРКАКЛАР УЧУН!

1-тавсия: Зарарли одатлардан воз кечинг. Фарзанд кўриш истагида бўлган эркак камида 3 ой олдин спиртли ичимликлардан воз кечиши шарт. Негаки, сперма миқдорининг тўлақонли алмашиниши учун 72 кун керак бўлади. Алкогольни хатто, кичик миқдорда қабул қилиш сперма сифатига таъсир қилади, жинсий майлни пасайтиради. Жинсий яқинлик кунларида эса спиртли ичимликлар ичиш умуман хавфли. Бу боланинг нуқсон билан туғилишига олиб келиши ҳеч гапмас. Тамаки чекишни ҳам камида 2 ой олдин ташлаш керак. Негаки, аёлингиз тамаки ҳидидан нафас олишга мажбур бўлгани учун ундаги фолликулалар вақтида ёрилмаслиги мумкин.

2-тавсия: Овқатнинг сарасини эмас, фойдалисини истеъмол қилинг. Тўғри, ёғли, қовурма гўштли шоҳона таомларга ўргангансиз. Аммо айни шу одатингиз бу даврда сизга панд бермаслиги керак. Сабаби, бу таомлар қорнингизни тўйдирса-да, организмга фойдаси йўқ ҳисоб. Олдингизда турган мақсадни амалга ошириш учун бироз парҳез қилишга тўғри келади. Енгил ҳазм бўладиган, буғда пиширилган таомлар, балиқ, ёғсиз гўшт маҳсулотлари (фақат колбаса, сосиска, қази-қарта эмас) таркибидан топасиз. Шунингдек, газли  ва ҳар хил энергетик ичимликлардан воз кечиш муҳим.

3-тавсия: Сауна ва спортни чекланг. Саунадаги иссиқ муолажалар таъсирида эрлик уруғи камҳаракат бўлиб қолади. Тос соҳасида иссиқликнинг ошишига завод-фабрика цехларида ишлаш, автомобиль ўриндиғига иситувчи мослама ўрнатиш, тор ички кийим кийиш ҳам таъсир қилади. Спорт билан шуғулланган пайтда эркак ўзини ортиқча зўриқтириб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, мушак массасини кўпайтирадиган ҳар хил воситалар қабул қилиш уруғ миқдорининг камайишига олиб келади. 

4-тавсия: Касалликларни вақтида даволанг. Гайморит, зарарланган тишлардан тортиб жинсий шамоллашларгача бўлган барча ҳолатларни изчиллик билан даволаш муҳим. Акс ҳолда, барча уринишларингиз зое кетиши мумкин. 

5-тавсия: Телефонни чўнтакда олиб юрманг. Бу одатингиз сизга қимматга тушиши мумкин. Компьютер ёнида иложи борича камроқ ўтиринг ёки вақти-вақти билан танаффус қилинг. Уяли алоқа воситаси ҳамда компьютер мониторидан таралаётган радиоактив нур жинсий фаолиятингизни сусайтириб, спермага таъсир қилади.

6-тавсия: Стрессларга чап беринг. Жиғибийрон бўлаверсангиз, организмингиз бу вазият оталик учун тўғри келмайди, деб баҳолайди ва эрлик уруғи ишлаб чиқилиши ўз-ўзидан сусаяди. Шунингдек, қанчалик банд бўлманг, тунда 8 соат ухлашга, ҳафтада бир кунни фақат дам олишга сарфлаш зарур. Негаки, доимий стресслар аслида зўриқиш ва чарчоқнинг аломати ҳисобланади.  

7-тавсия: Дармондорилар қабул қилинг. Кўпчилик эркаклар буни мутлақо кераксиз ҳисоблашишади. Аммо дармондори таркибидаги Е витамини ва руҳ моддаси спермани кўпайтиради, карнитин эса сперматозоидларнинг ҳаракатчанлигини ошириб, аёлнинг тезроқ ҳомиладор бўлишига хизмат қилади. Таомномангизда доим сут маҳсулотлари, тухум, ёнғоқ, цитрус мевалар, ўсимлик ёғлари, жигар, балиқ бўлиши витамин етишмаслигидан асраб, организмга керакли даражада қувват бағишлайди. Шундай экан, барча имкониятлардан фойдаланиб қолинг.

Шифокор-гинеколог Хулкар РАВШАНОВА ҳамда шифокор-андролог Зарифжон МУРОДОВ берган тавсиялар асосида Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Фарғонада болаларни мажбуран онага олиб бериш ижроси кутилмаган тус олди

13.12.2019, 19:35

Мажбурий ижро бюроси органларида давлат ижрочилари турли хил қизиқ воқеаларга ҳам гувоҳ  бўлиб қолишади. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2019 йил 17 сентябрдаги ижро...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1