Турмуш чорраҳаларида: “Шифо топган дил”

МУТОЛАА 21.09.2016, 14:55
Теглар: Юрагимда сақлаганларим, Оила
Турмуш чорраҳаларида: “Шифо топган дил”

Умид қилиб уч йил кутган фарзандлари уч ёшга тўлганида, шифокорлар даҳшатли хабарни айтишди. 

– Болада юрак нуқсони бор. Ҳаёти қил устида турибди. Жуда эҳтиёт қилишингиз керак. Ўн ёшидан бошлаб операция қилиш мумкин. Бу операциялар ҳозирча бизда ўтказилмайди. Германиядаги шифокорларгина бу ишнинг уддасидан чиқишади…

Эр-хотин тиканларни босиб келгандек уйга етиб келишди. Ўғиллари мўлтираб қараб турарди. Шундан сўнг отаси, аввал эътибор бермаган бир жиҳатни ўзи учун кашф этди. Оғир дардга чалинган болаларнинг кўзларида, улар худди ўз тақдирларидан бохабардек ажиб бир мунг бўларкан. 

Бу юракни эзгувчи нигоҳларни нафақат ўз ўғлида, балки шифохонада шу сингари дардлар билан оғриган бошқа болакайлару қизалоқларда ҳам кўрди. Оила устуни ўғли билан хотинининг олдида ўзини тутса-да, четга чиқиб ўкириб-ўкириб йиғлади. Кейин олдига қатъий мақсад қўйди. Қандай бўлмасин, ўғлининг ҳаётини сақлаб қолади! Ўзи бир бурда нонга зор бўлса ҳам майли, шугина боласи соғ-саломат бўлса бас. Боласи бу дарди учун хижолат бўлгандек, қоп-қора кўзларини жавдиратиб турарди. 

Хотини ўғлига қараш учун ишидан бўшади. Энди бу ташвиш устига рўзғорнинг бутун камчилиги ҳам эркакнинг бўйнига тушди. 

Боланинг дарди билан олишиб йиллар ўтаверди. Ўн ёшигача тўпланиши керак бўлган зарур маблағ уларнинг оиласидан узоқлашса узоқлашдики, яқинлашмади. Муддат етиб келганида бола ҳам ҳамма нарсани тушуниб қолганди. Ёшига нисбатан анча катталарнинг гапини гапирди ва отасининг юрак бағрини ўртаб юборди: 

– Менинг дардимни ўйламанг дада, пешонамда борини кўраман...

Яна бир четга ўтиб бутун вужуди тўкилиб йиғлади. Юрагидаги дарди учун хотини, фақатгина битта фарзанд билан кифояланганди. Энди шу ёлғиз фарзанднинг беҳолгина уриб турган юраги ҳам, ҳар дақиқани санаб турибди…

Охири бир қарорга келди. Ўғлининг ҳаётини сақлаб қола олмайдиган бўлса, бу уйнинг нима кераги бор?! Фарзанди соғайиб кетса, бундай хонадонларнинг бир нечтасини совға қилади. 

Мўлжалларидан арзонроққа олувчи, лекин операция учун етадиган пулни берувчи харидор топилди. Пул олинди-ю, учовлашиб хорижга жўнашди.

* * *

Немис шифокорлари ҳақиқатдан ҳам мўъжиза яратишди. Қадамини аранг босаётган болакай йиллар ўтиб овози дўриллаган, чиройли қизларни кўрса нуқсонни ортда қолдириб, бақувватлашиб қолган юраги дукиллаб кетадиган йигитчага айланди. Йигитча кўксидаги оғриқни унутган, лекин ота-онасининг дарднинг тафтини пасайтириш учун эркалашларини яхши эслаб қолганди. Онасига унинг камчиликлари кўринмади, дадаси юрагидаги нуқсонларини йўқотиб, ҳаётга қайтган нуридийдасининг  кейин орттирган барча нуқсонларига кўз юмди.

Йигитча йигит бўлди. Кунларнинг бирида оғзидан ароқ бўлмаса-да, аллақандай ичимликнинг бадбўй ҳидини таратиб кириб келди.

– Дада шуям ҳаётми, биримиз ҳеч икки бўладими? Севган қизимнинг олдида қачонгача тилим қисилиб юради?! Биласизми, у кимнинг қизи, қанақа машина миниб юришини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ё мен ҳам хориждаги ёшлар сингари шартта кўчага суриб, ўз аравамни ўзим тортайми? Бахтимни ўзим қидирайми?

– Унақа дема ўғлим. Худога шукр, қора қозон қайнаб турибди…

– Э бу қора қозонингизга қачонгача тикиламан? Мен кетдим, ўз кунимни ўзим кўраман. 

Она ўғлининг оёғига йиқилиб ёлворди, отаси тушунтиришга ҳаракат қилди. Лекин йигит ўз режасини тузиб бўлганди.

Кўп қаватли уйнинг зинасидан тушганида, хориж машинаси келиб тўхтади. Эшикни очиб ўтирди. Машинани чийиллатиб ўрнидан қўзғатган қиз оғзида тутатаётган сигаретини йигитга узатди ва сўради:

– Нима дейишди?

– Нима ҳам дейишарди?..

– Бўлмаса эркин ҳаёт сари олға!

* * *

Бошларини чангаллаб турган ота-онани шу куни иккинчи зарба ҳам кутиб турарди. 

Эшик тақиллади. Ичкарига бемалол кириб келган одам шундай деди:

–  Уйни сотадиган бўлиб қолдик. Шунинг учун бир ҳафта ичида бўшатиб қўйинглар. Сизлардан олаётган ижара пулим урвоқ ҳам бўлмасди, ҳалиям шунча қўйиб бердим… 

Аброр Зоҳидов

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1