1

Қўлларингиз ипакдек майин бўлиши учун 8та ниқоб

СУҒДИЁНА 21.09.2016, 17:19
Қўлларингиз ипакдек майин бўлиши учун 8та ниқоб

Агар ҳафтада бир-икки маротаба меҳнаткаш қўлларингиз учун озгина хизмат қилсангиз, энг нозикойимлар ҳам уларга ҳавас билан қарайди!

Ажинларга қарши тухумли ниқоб

Кечқурун ётишдан олдин битта тухум сариғини 1 ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ сули уни билан аралаштириб, қўлингизга суртасиз. Юпқа матодан қўлқоп кийиб олиб, бемалол уйқуга ётишингиз мумкин. Эрталаб қўлларингиз майинлашиб, ажинлар ёйилади.

Қаришга қарши картошкали ниқоб

Иккита картошкани қайнатиб, сут солиб, бўтқа ҳолига келгунча эзилади. Суюқроқ ва ҳали совимаган аралашмани терига суртиб қўясиз. 2-3 соатдан сўнг илиқ сувда юқиб ташлайсиз.

Терини юмшатиш учун асалли ниқоб

1 ош қошиқ асални 2 ош қошиқ ўсимлик мойи, 1 та тухум сариғи ва бир неча томчи лимон суви билан аралаштиринг. Аралашмани қўлингизга суртиб, қоғоз-матоли қўлқоп кийиб олинг. Бу ниқобни кечаси қўйсангиз мақсадга мувофиқ.

Доғларга қарши сули ёрмали ниқоб

2 ош қошиқ сули (овсянка) унини 1 ош қошиқдан иссиқ сув ва кунгабоқар мойи, 1 чой қошиқ лимон суви билан аралаштиринг. Қўлга суртиб, қўлқоп кийиб олинг. Эрталаб қўлингизни илиқ сув билан ювиб, қуритинг.

Совуқда тиришган қўллар учун ниқоб

1 та  серсув сабзини қирғичдан чиқариб, икки чой қошиқ крахмал қўшинг. Сўнг битта тухум сариғини аралаштириб, қўлларингизга суртинг. 20 дақиқадан кейин олдин илиқ, сўнг совуқ сувда чайиб юборинг. Бу ниқоб қўл терисини юмшатади.

Қўлни майинлаштириш учун

Яримта тухум сариғини кўпиртириб, оз-оздан 1 ош қошиқ ўсимлик мойи қўшилади. Суртмани қўлга яхшилаб уқалаб суртилади. 15-20 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювиб, қўлга крем суртилади.

Тирсак учун апельсинли ниқоб

4 ош қошиқ ўсимлик мойига икки бўлак апельсин сувини сиқиб аралаштиринг. Уни тирсак терисига юпқа қилиб суртиб, 5-10 дақиқа уқалаб туринг. Агар тирсак териси қуруқ бўлса, ниқоб ярим соат турсин, сўнг салфетка билан артиб ташланг. 

Тери қуришига қарши петрушка шарбати

Барра петрушкани қиймалагичдан чиқариб, шарбатини сиқиб олинг. 1 чой қошиқ петрушка шарбатига ярим ош қошиқдан кўпроқ балиқ ёғи, 3 чой қошиқ ёғсиз творог аралаштирилади. Қўл терисига суртгач, 15-20 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. 

Аксарият ҳолларда қўллар аёлнинг ёшини фош этиб қўяди. Қўлларни тўғри парваришлаб, ёшингиз ҳақидаги фикрларни ҳам ёшартиришингиз мумкин.

Тўғри ниқоб тортиш қоидалари

•  Қўл парвариши учун ҳафтасига 1-2 маротаба махсус вақт ажратинг. Бунинг учун энг яхши вақт — уйқудан олдин.
•  Ниқобларни суртгач, 10-15 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Баъзи ниқобларни тун бўйи қолдириш мумкин.
•  Агар ниқобни тун бўйи қолдирадиган бўлсангиз, пахта матоли қўлқоп кийинг. Эрталаб илиқ сув билан ювиб ташланг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1