1

«Синглим ва эрим... хиёнатга чидолмаяпман!»

СУҒДИЁНА 23.09.2016, 13:38
Теглар: Аёл, Оила
«Синглим ва эрим... хиёнатга чидолмаяпман!»

— Биринчи бор турмуш қуриб оғзим куйган. Эрим билан чиқишолмай, ота уйимга қайтгандим. Қизим бор, ҳозир кап-катта бўлиб қолди. Қайтиб келган пайтларимда дунё кўзига қорнғу кўринарди, мана шундай оғир дамларда кичик синглим далда бўлиб, жонимга оро кирган. Шу-шу орамиздан қил ўтмайдиган дугонадек эдик. Аксига олиб, унинг ҳам турмуши бўлмай, ажрашишга мажбур бўлди. Бу орада менга совчилар кела бошлади. Бир бор оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади дейишганича бор экан. Иккинчи марта турмуш қуриш олдидан узоқ ўйландим. Қарорим қизимнинг тарбиясига ёмон таъсир қилишидан қўрқардим. Умр эса тўхтамай ўтиб бораверар экан. Яқинларимнинг розилиги билан устачилик қиладиган бир инсон билан оила қурдим. Рўзғор оғирликлари менинг бўйнимда эди. Оилам тинч бўлсин, яқинларим ҳеч нарсага зориқмасин деб куну тун тиним билмай ҳаракат қилавериб, эримнинг эгри қадамларини сезмай қолибман. Тақдир ҳазилини қарангки, ўша яхши кўрган, сирдош синглим ўз поччасининг жазмани экан. Уларнинг хиёнатига гувоҳ бўлганимга ҳам бир ойдан ошди. Бўлган воқеалар ҳеч кўз ўнгимдан кетмаяпти, сира ҳазм қила олмаяпман! Эрим-ку майли, етти ёт бегона, аммо ўз жигаримнинг нима сабабдан бундай тубанликка қўл урганига ақлим етмаяпти. Хаёлимда фақат шу савол айланаверади. Агар унинг ўрнида дугонам ёки бегона аёл бўлганида ҳам чидашим, кечиришим мумкин эди... Энди қандай кўзимга қарайди, уни қандай жигарим дейман? Эрим кечирим сўраб олдимга келди, қизим бу гаплардан хабар топмасин деб, хиёнаткор билан бир том остида яшаяпмиз. Ўзимдан ўтганини ўзим билаяпман, бу туришда ё касал бўлиб қоламан, ё ич-этимни еб битираман. Синглим эса тинмай қўнғироқ қилади, аммо унга жавоб беришни истамайман. Энди нима қилишга бошим қотиб қолди, маслаҳат беринг.

Исми сир тутилди

 

Қайнонажон: — Она қизим, ҳаёт турли мураккабликлардан иборат. Мана шу муаммоларни ечиш, қийинчиликлардан устун келиш учун сабр, чидам ва кечиримлилик зарур бўлади. Эшитганим бор, вафот этган опанинг болаларига бегона аёл ўгайлик қилмасин учун синглисини узатишган. Аммо номи ўчгур хиёнатнинг бу турини энди эшитдим. Кечириш қийин, унутиш осонмас. Лекин ҳар қандай оғир дарднинг давоси вақт бўлгани учун кунлар ва йиллар ўзингизга ирода, қалбингизга шифо олиб келишини тилаб қоламиз. Жон қизим, бардам бўлинг. Сингилни кечиришга куч топа олсангиз, энг кучли инсонсиз. Кечиролмасангиз, дард ва алам ичингизда қолиб кетади. Бу воқеалар билмаганлар учун сир бўлиб қолаверсин. Қизингизни яхши тарбияланг, бор меҳр ва эътиборингизни унга бағишланг. Ҳаёт шундай беаёв ўз измида давом этаверади. Ҳа, яшаш керак, яшаганда ҳам одамлар орасида бахтини топган аёл бўлиб яшаш лозим. Аслида, сиз эмас, ўша ифлос ишга, хиёнатга қўл урганлар бошини эгиб юрсин. Уят уларга, шармадайи-шармисорлик! Инсонлар бировнинг бахтига чангал солмасдан ўз бахтини изласа бўлмайдими ахир?! Бу ҳаётда ҳалол яшаш керак, бировнинг толеига чанг солиш катта гуноҳ. 

 

Шаҳноза Халилова, руҳшунос: — Чиндан ҳам оғир вазият. Икки томонлама хиёнатга дуч келган инсоннинг дардини тушуниш, далда бериш ҳам мушкул. Биринчи турмушингиздан ажрашганингиз, иккинчисининг ҳам қил устида тургани инсонларга, айниқса, эркакларга нисбатан ишончингизни сўндирган. Синглингиз ҳақида-ку бирор сўз айтишга ожизман. Бироқ ҳозир муносабатларга ойдинлик киритадиган, сабабу оқибатларни аниқлаштирадиган вақт эмас. Биринчи галдаги вазифангиз ички аламлардан ва оғриқлардан халос бўлиш. Руҳий қувватингиз тикланганидан кейин бошқа муаммоларнинг ечими ўз-ўзидан кела бошлайди. Агар ички аламларингизга бас келишга қийналаётган бўлсангиз, малакали мутахассис ёрдамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1