АсосийSUG'DIYONA

Хитой хонимларининг хушбичимлик қоидалари

Айтишларича, хитой аёллари ортиқча вазн муаммосидан қийналмас экан. Ҳақиқатан ҳам, бошқа миллат вакилаларининг хитойлик хипчабел ва чиройли қоматли аёлларга ҳавас билан қарашади. Улар орасида ортиқча вазнли, қорни чиқиб қолган аёлларни учратиш деярли мумкин эмас. Аслида ҳар бир миллатнинг таом тановул қилишга хос ўз одат ва русумлари бор. Хитойлик аёллар ҳам бундан мустасно эмас. Хўш, уларнинг сарвқоматлиги сири нимада?

7 оддий қоида

Хитойликлар овқатланишга худди бир маросим каби жиддий қарашади. Кўпинча таом эркаклар томонидан ҳозирланади.

1. Овқатни шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш даркор. Яхши чайналган овқатни ҳазм қилиш енгил кечади. Яхши ҳазм бўлмаган таом турли ёғлар кўринишида бел ва бўксада йиғилади.

  1. Хитой мақолларидан бири: «Ошқозоннинг ўндан етти қисми тўлганда овқат тановул қилишдан тўхтанг». Бу мақолда овқатни меъёрдан оширмасдан истеъмол қилишга эътибор қаратилган. Ҳали тўйиб улгурмасдан овқат ейишни тўхтатиш лозимлиги деярли барчамизга маълум. Бу таомнинг жигар ва буйракларни зўриқтирмасдан ҳазм бўлишига ёрдам беради. Ва табиийки, тановул қилинган калориялар миқдорини ҳам қисқартиради.
  2. Ҳар нимага чалғимасдан сокин овқатланишга одатланинг. Кўп ҳолларда телевизор тикилганча ёки тик оёқда туриб овқат еймиз. Хитойликларнинг фикрича, овқат вақтида фақат ёқимли мавзуларда суҳбатлашиш керак. Ёқимли суҳбат асносида одам тез тўйинади, таом яхши «ишланади».
  3. Таом кўзни қувонтириши, иштаҳани қитиқлаши лозим. Шунда унинг ҳазми ҳам енгил бўлади ва инсонга лаззат бағишлайди.
  4. Ошқозонингиз безовта қилса, таомномангизда буғда пиширилган, енгил қовурилган овқатларни кўпайтиринг. Кам қовурилган, буғда пишган таомлар ҳазм бўлиш асносида танани зўриқтирмайди. Маҳсулотлар таркибидаги витамин ва микроэлементлар Ҳам сақланиб қолади. Бу эса саломатлигингиз ва гўзаллигингиз учун кони фойдали.
  5. Хитой хонимлари таомномада гуруч, балиқ, соя ва турли мевалар бўлишига катта аҳамият беришади. Турли сабзавот ва кўкатлар истеъмолини кўпайтиринг. Хитойлик аёллар унли нон ўрнига гуручли нонни афзал кўришади.
  6. Хитойлик аёллар спорт машғулотлари билан шуғулланишни, пиёда ёки велосипедда юришни канда қилишмайди.

Ёш кўринишни истасангиз…

Хитойликларнинг фикрига кўра, ҳар бир аёл 35 ёшдан кейин ҳар куни соядан тайёрланган таомларни ейиши зарур. Соя таркибида юқори миқдорли фитоэстроген моддаси бор. У ўзингизни тетик ҳис қилишга ёрдам беради ва терини қаришдан асрайди. Ёш кўринишни истасангиз, таомномангизга сояли маҳсулотларни қўшинг.

Юз ва сочлар учун кўк чой

Кўк чой турли антиоксидантлар, Е ва С витаминларига бой. Кўк чой овқат ҳазм бўлишини енгиллаштиради ва танага куч, тетиклик бағишлайди. Танадаги модда алмашинуви жараёнини яхшилайди, организмни хилтлардан тозалайди.

Бундан ташқари, хитой аёллари сочларини ҳам кўк чой ёрдамида парваришлашади. Улар кўк чойга бир чой қошиқ розмарин мойи солиб, бу аралашма билан сочларини чайишади. Натижада сочлар ялтираб туради. Кечки овқатдан қолган чой билан тонгда юзингизни ювинг. У юз терисини тетиклаштиради.

Дастурхондан ярим тўйган ҳолда туринг. Кўк чой ичинг, кўпроқ ҳаракатда бўлинг. Шунда сизни тез қариш ҳам, ортиқча вазн ҳам безовта қилмайди.

Бошқа янгиликлар