Суриштирувдаги суриштирувчилар

МУТОЛАА 26.09.2016, 12:56
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Суриштирувдаги суриштирувчилар

Ҳозир бировга яхшилик ҳам қилиб бўлмайди, - деди Олим тўмтайиб. – Миннатдорчилик билдирамиз, деб зўрға қутилдик-а!

Муҳаммад иккаласи каллаи саҳарлаб ишга кетмоқда. Олим йўл-йўлакай Муҳаммадни оливолган. Кечаги воқеалардан ҳанузгача хафа.

- Нимани айтасиз? – Муҳаммад гапга тушунмади.

- Зиёд акангни, нимани бўларди? 

Олимнинг асаби бузилди. Афтидан хафагарчилигини устознинг исмини айтмай баён этмоқчи бўлган-ку, Муҳаммад нопсихологик саволи билан вазиятни оғирлаштирган.

- Ҳа, нафасинг ичингга тушиб кетди? Сендан чиқувди-ку, тушлик олиб бериб, минатдорчилик билдириш таклифи? – Олим ҳужумга ўтди. 

- Ҳаммаси кўнгилдагидай ўтди-ку, қайтанга Зиёд ака хурсанд…- Муҳаммад ўзини оқлади. – Ҳар ҳолда у кишига невара шогирдман, ҳар-ҳар замонда йўқлаб турсак савоб бўлади.

- Йўқласанг, уйига бориб йўқла-да, хизматга судраб келишга бало бормиди?

Олим ҳасратларини айтиб, дакки бериш нияти бор эди-ку, қўл телефони жринглаб, гапни келган жойида, машинани эса йўл четида тўхтатиб, алоқани улади. Бироз эшитди, ранги бўзаргандай бўлди.

- Қайда дедингиз? – сўради ниҳоят, озроқ тинглаб, яна сўзлади. – У бизнинг ҳудудимиз эмас-ку!

Яна бироз тинглади ва:

- Бўпти, ўтамиз… Ўзи йўлдамиз… Бошлиққа «ана-мана етиб қолди», деб қўй, - деганча алоқани узди. Муҳаммадга ўгирилди. - Иш расвога ўхшайди… Кечаги йигит аварияда ўлибди!

Бояги ҳолатдан сабоқ чиқарган Муҳаммад «кечаги йигит» кимлигини сўрамади.

***

Бекободнинг йўлида, овлоқ жойда, кўчанинг ўнг тарафидаги жарлик ичида Илёснинг «Мерседес»и думалаб ётарди. Рулда ўзи. Қаҳрамонларимиз етиб келганда туман ички ишлар бўлими тезкор-тергов гуруҳи ишини тамомлаб, прокуратура раҳбарлари кўрсатмаси билан кетишга чоғланаётган эди. Жасад ва машинани олиб кетишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Олим нега бу ерга юборишганини ҳунузгача тушунгани йўқ.  

- Бўпти, кўрсаларинг кўринглар, - деди прокурор Олим ва Муҳаммаднинг хизмат гувоҳномасини текшириб, норози оҳангда. – Нима, бизнинг йигитлар ишлай олмас эканми? Сенларни юбормаса!

- Кеча шу киши билан гаплашгандик, - жарликдаги машинага ишора қилиб, изоҳ берди Олим. – Бир иш бўйича ҳамкорлик қилганмиз… Шунга айтишди, келдик…

Ўз ҳудудида бегоналарнинг келиб, ақллилик қилиши кимга ёқади? Прокурор қўл остидагиларга кўрсатмалар берди-да, машинасига ўтириб, жўнаб кетди.

Икки изқувар норози нигоҳлар остида машина ёнига тушди.

- Биз буларга ёқмаяпмиз, - деди Муҳаммад Олимга эргашиб.

- Жим келавер, барибир куёв қилишмайди, - Олим киноя қилди. – Булар сенинг психологлигингни билмайди. Шунга олайишяпти.

«Тез ёрдам»  ходимлари жасадни машинадан олишга ҳозирланаётган экан, Олим буйруқ оҳангида гапирди:

- Шошилманг, биз ҳам бир қўр кўздан кечирамиз.

Оқ халатли «тез ёрдам» ходимлари бу сирли йигитларга боқиб, итоаткорлик билан чеккага ўтди. Муҳамад улар ким катта-ю ким кичиклигини билмай, ҳаммага бирдай бўйсунаётганини пайқади.

Олим жасадни кўздан кечирди. Олдинига кўзларини очиб боқди, сўнг юзини, танасининг очиқ жойларин кўрди, кейин заррабинини олиб, кийимларини ўрганди. Муҳаммадга унинг бу синчковлиги ёқмади. Тепада – йўл четида норози боқиб турганларга ишора қилиб, Олимга гап ташлади:

- Биз вилоятдамиз… Бировларнинг ҳудудида… Иш уларники-ку!

- Халқит берма, - деди Олим ва ишида давом этди.

Жасад рулга суянган, юзида қонталаш жойлар бор, кийимлари ҳам тупроқ, ғижим, йиртилган, тана совиганидан англаш мумкинки, воқеа анча бурун, кечаси ёки кечга яқин юз берган ва машина тонггача, йўловчи машинадагилар кўриб қолганча шу ерда қолиб кетган.

- Нима дейсан? – сўради Олим анқайган Муҳамаддан, машинага ишора қилиб.

- Жалка, - деди Муҳамад.

- Нима?! – Олим тушунмади.

- Афсус, демоқчи эдим… Яхши йигит эди… Машина ҳам қиммат… Афсус…

- Сен билан менинг ишимда афсусни кейин, прокурор сўкканда қиламиз, ҳозир ишла... Психолог сифатида нима дейсан?

Муҳаммад устига совуқ сув сепилгандай ўзига келди. Шошиб машина ичи ва юкхонасини кўздан кечиришга киришди.

Олим «тез ёрдам» ходимлари билан бироз гаплашиб, Муҳаммадга «сен ўрганиб тур, мен ҳозир», деди-да, тепага чиқди, йўлни кузатди, машина пастга думалаган жойни ўрганди. Бу икковнинг ишини қолганлар ҳайрат билан кузатмоқда. Олим пастга тушиб келаётганда унга фуқаро кийимидаги киши эргашди ва ўзини таништирди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари экан.

- Машинани ҳеч ким тинтимадими? – сўради ундан Муҳаммад.

- Йўқ, - деди ўринбосар. - Нима бўпти?

- Ҳеч нима… - Муҳаммаднинг гапи сирли эшитилди.

- Илёс аварияда ўлмаган, - деди Олим. – Бу қотиллик!

Ўринбосарнинг кўзлари шокосадай чақчайди. Унга очилмай, бўйнида осилиб қоладиган  қотиллик текинга ҳам керак эмас.

- Илёсни калтаклаб ўлдиришган, - давом этди Олим. – Сўнг машинага ўтқазиб, бу ёққа думалатишган.

- Қайдан билақолдинг? - ўринбосар шубҳаланди.

- Машинанинг тепадаги изларини кўрдингизми? Билинар-билинмас… Машина секин келган… Думалаган жойни қаранг, Йўлдан чиққан-да, оҳиста ағдарилган, тез келганда анча наригача учиб борган, йўл четидаги тошларни ҳар ёққа сачратиб ўтган бўларди. Бу ерда гўёки машина оҳиста йўл четига чиқиб, секин думалаганга ўхшайди. Шундан машинанинг фақат ёнлари прачоқланган. Илёснинг танаси, кийимлари ҳам ғалати… Ҳаммаёғи кўкарган, лекин машинанинг на олд ва на ён ойналарида қон доғлари йўқ. Кийимларида эса тупроқ ва шох-шаббалар, асфальт доналари… Машина асфальтда ағнамаган-ку!

- Машина думалашидан олдин тинтилган, - деди Муҳаммад. 

Ўринбосар ва, ҳатто, Олим ҳам унга ҳайрат билан боқди.

- Машина тўрт марта ағнаган , - деди ўринбосар киноя ва кескинлик билан. 

У «ичидаги жиҳозлар шундан ағдар-тўнтар бўлган», демоқчи, Муҳаммад гап мазмунини тушунди ва изоҳ берди:

- Зихира ғилдирак жойидан олиб ташланган, салондаги гиламчалар суғириб олинган… Ҳатто думалагандан кейин Илёснинг оёғи остида, педаллар тагида қолиши лозим гиламча орқа томонда.

Ҳамма жим бўлди.

- Кетдик, - деди ниҳоят Олим. – Бу ерда қиладиган иш қолмади.

- Бармоқ излари топилдими? – сўради Олим ўринбосардан тепага чиқишаётганда. У тасдиқ маъносида бош ирғагач, давом этди. – Йигитларингизга айтсангиз, тезроқ базадан текширишса…

Муҳммад Олимни тушунмади. Бир кўнгил, «менинг хулосаларим алам қилди», деган фикрга ҳам борди. Ахир жиноятни фақат у очишига, қолганлар атрофида ўралашиб юришига ўрганган.

- Илёс Бекободга шунча пулни постда қўлга тушиб қолишидан қўрққани учун шалоқ машина орқали юбормаганга ўхшаяпти. У бошқа кимдандир чўчиган, - деди Олим шаҳарга қайтишаётганда. 

Муҳаммад тушундики, боя Олим ўринбосарнинг олдида тахминини айтишни истамаган. Бунақа фикрлар, тахмин ва тусмолларни ҳамма билавериши шарт эмас.

- Кимдан қўрққан? – сўради Олим.

- Сен билан мен энди шуни аниқлаймиз! Ҳозир асосий вазифамиз шу. Ҳар ҳолда Илёснинг ҳийласи иш берган ва ўша одамлар у пулни бошқа машинада юборганини билмаган, оқибатда эса ўзининг умрига зомин бўлган.

***

Икки изқувар бошқарма бошлиғига ахборот беришлари билан бутун бошқарма шахсий таркиби оёққа турғазилди. Ким Илёснинг кеча борган жойларини, ким қўл телефонидан кимлар билан гаплашганини, ким автоҳалокат бўлган жойдан ўтганларни қидиришга кетди. Олим билан Муҳаммад Илёснинг яқинларини сўраш учун юборилди. Бироқ сириштирув узоққа бормади. Илёснинг уйида акаси билан гаплашиб турганларида уларни ортга чақиришди. Муҳим юмуш чиққан эмиш.

Муҳаммад-ку, «яна бир иш чиққандир-да», деб бемалол эди, Олим хавотир билан бошқармага кириб келди..

Навбатчилик қисмида уларни бошқарма бошлиғи хонасида ички назорат бўлими ходими кутаётганини айтишди. Олим сесканди: улар бекорга келишмайди.

- Хўш, бир бошдан айтиб беринг-чи, нима иш қилдинглар? – иккаласи хонага кириши билан бошлиқ ўқрайди.

Унинг ёнида ўттиз ёшдан ўтган, озғиндан келган, нигоҳлари совуқ, бадқовоқ, фуқаро кийимидаги йигит ўтирарди. Бошлиқ дарров унга ўгирилди.

- Мана шу иккаласи-да…

- Яхши… 

Йигит уларга бошдан оёқ разм солди. Муҳаммад ҳали гап нимадалигини тушунмаса-да, йигитнинг нигоҳидан юраги музлади. 

- Прокурорга ўхшарканми? – деди Олимга паст овозда.

Олим индамади. Йигит ўзини таништирди:

- Ички назорат бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили  Худойназаров… Ўтиринг!

Олим ва Муҳаммад кўрсатилган жойга, унинг рўпарасига ўтирди. Бошқарма бошлиғи Худойназаровга ўгирилди:

- Буниси катта тезкор вакил, ёш бўлсаям иқтидорли… Наригиси психолог.

- Психолог?! – Худойназаров ҳайрат билан бошлиқдан сўради ва Муҳаммадга яна синчиклаб разм солди.

- Шунақа… тажриба учун киритилган бу лавозим… Жиноятчиларнинг психологиясини ўргаришда ёрдами тегармикин, деган фикр билан.

- Қандай?! – Худойназаров бошлиққа боқди.

- Кўриб турибсиз-ку, - бошлиқ аниқ гап айтишдан қочди.

- Ёрдами тегяпти, - деди Олим. – Шу пайтгача билмаган эканмиз, жиноятчи қолдирган излар унинг руҳиятига бевосита боғлиқ бўларкан…

- Умуман, жиноятчилар ўз руҳий ҳолати, қизиқишларидан келиб чиқиб жиноят қилади, - маҳмадоналик қилди Муҳаммад. – Жиноятга қараб содир этган кишининг ёши, феъли, қизиқишлари, бўй-басти, ҳатто кўринишиниям айтиб бериш мумкин.

Гап Худойназаровга ёқмади. Бирдан кайфияти ўзгариб, янада тундлашди-да, мавзуни ўзгартирди.

- Кечаги иш бўйича келдим. Раҳбариятга прокуратурадан «ходимларингиз аралашган иш қотилликка олиб келибди», деган қўнғироқ бўлган, шунга текширув ўтказиш топширилган… Қандай қилиб ишни шу даражага олиб келдингиз?

Олим бошлиққа «нима деяпти?!» дегандай қараш қилди.

- Илёс Мардиевнинг ўлимини айтаман, нега билмаганга оласиз, - Худойназаров «ҳужум»га ўтди. – Кеча унинг иши билан сиз шуғуллангансиз, кейин кимдир ўлдириб кетибди?

- Нима, биз ўлдирибмизми? Биздан гумон қиляпсизми? – ҳайрон бўлди ва асабий сўзлади Олим.

- Ҳеч ким сендан гумон қилаётгани йўқ, - деди бошлиқ. 

Бироқ ўта муҳим  ишлар бўйича тезкор ходимнинг фикри бошқача, шекилли, ўша оҳангда давом этди.

- Буни ҳали аниқлаймиз, ҳозирча, сизнинг совуққонлигингиз, вазифангизни виждонан бажармаганингиз учун бир инсон ўлдириб кетилганини инкор этмассиз…

Муҳаммад бунақа ишларга илк бор дуч келиб турибди, ҳайрон, Олимга боқди.

- Ҳали шунақаям бўлиши мумкинми? – сўради. – Биз ўлдирмадик-ку!

- Ҳар бало бўлиши мумкин, - деди Олим ва Худойназаровга ўгирилди. - Биринчидан, Илёснинг қотиллик қурбони бўлганини ўзимиз аниқладик, бу бизнинг тусмол. Иккинчидан, у бизга нима ёмонлик қилибдики ўлдирамиз?

- Биринчи, иккинчи, деб ақллилик қилаверманг, - Худойназаров кескин сўзлади. – Ҳаммасидан хабаримиз бор… Бу ишларнинг бошида сиз турмаган бўлсангиз, кеча бегоналарни аралаштирганингизни ҳам биламиз.

- Бегоналар?!

- Зиёд акани айтяпти, - деди бошлиқ ва Худойназаровга тушунтириш берди. – Жудаям бегона эмас, айтдим-ку. Бизда ишлаган, бир йилдан ошди, пенсияга чиққан.

- Биласизми, шу бир йил ичида кимлар билан ошно, кимлар билан ош-қатиқ бўлиб юрганини? Билмайсиз… Қолаверса, ички ишлар хайрия ташкилоти эмас, буни мендан яхши биласиз. Мана, озгина эътиборсизликка бир инсон ҳаётдан кўз юмиб кетди. 

- И-и-и, - бошлиқ ҳайратдан лол. – Нима деяпсиз ука? Бу ишда бизнинг йигитлар айбдор эмас.

- Суриштирамиз, аниқлаймиз, - деди Худойназаров. – Бир миллион доллар оз пул эмас. Ҳар бало бўлиши мумкин.

***

Зиёд ака илгариги хонасида, жиноятчиларнинг жойида, айб иш қилгандай бошини хам қилиб, қўлларининг жунини силаб, ўйнаб, беўйгина бўлиб ўтирибди. Рўпарасида Худойназаров – асабий, қўллари қалтираб, кўзлари олайган.

- Ўша, бир миллон пул ёки Илёснинг ишлари ҳақида кимларга айтган эдингиз?

Шу маҳал эшикдан Олим бўйлади:

-Анча кутамизми?

- Ўзим чақираман, - деди Худойназаров.

Олимнинг боши ғойиб бўлди. Худойназаров Зиёд акага ўгирилди.

- Айтдим-ку…- деди бемалол Зиёд ака.

- Кимга?! – Худойназаров хуноб бўлди.

- Сенга айтдим-ку, - гапида давом этди Зиёд ака. – Ҳеч кимга айтмадим, деб айтдим… Вақт ҳам бўлгани йўқ… Ука, мен жиноят-қидирувнинг ишини бугун, ё кеча кўрганим йўқ. Бир умр жиноят очганман. Ҳаммасини биламан. Қариганимда ўлиппанми, хато қилиб?

- Буни минг марта айтдингиз… Пенсияга чиққан бўлсангиз, нега бу ишга аралашиб юрибсиз?

- Тушликка борувдик… Улгурмадик…

Худойназаров асабийлашди.

- Буни айтдингиз…

- Ҳа, улугурмадик-да… 

- Иккаламизнинг гапимиз аҳмоқ билан дононинг суҳбатига ўхшаб кетяпти, Зиёд ака, - Худойназаров хуноб. - Бир-биримизни тушунмаяпмиз.

- Ука, ҳали ёш экансан, ўзингга унча паст баҳо берма, унчаям аҳмоққа ўхшамайсан, - деди Зиёд ака бемалол. – Кўриб турибман, анча ақллисан… Лекин ҳали ўрганишинг керак.

Бу пайт Олим ва Муҳаммад йўлак четидаги дераза ёнида туришар, Олим асабийлик билан рақам терар, Муҳаммад жўлайиб унга боқиб турарди.

- Сенга нима девдим, пенсионерларни ишга аралаштириш яхши эмас… Кўнмадинг, «бир чўқим ош кимни ўлдирибди, чақирайлик» деб жонга тегувдинг, мана оқибати, - Олим нигоҳини телефондан олмайди. – Жиноят очиш сенга психологик тренинг эмас, ими-жимида қилинади.

- Қайдан биламан…

- Энди умид Зиёд акадан, - деди Олим. - Сал чўзиб, анқовсираб турса, ҳақиқатни аниқлашга улгурамиз.

Шу пайт алоқка уланди, Олим шошиб қўл телефонига шошиб, ҳовлиқиб гапирди:

- Зиёев, ўзингмисан?. Танимадингими? Мен, Олимман… Академияда бирга ўқиганмиз… Эсингдами, пахтада… Ҳа, ўша… Вилоят бошқармасида эксперт, деб эшитдим. Нечта йўналиш бўйича рухсатинг бор? Тўққизта… Яхши, яхши… Бармоқ изларигаям борми? Бугун эрталаб автоҳалокат жойидан олиб келинганларини база орқали тез текшириб бер… Ҳаёт-мамот масаласи... Аниқлашинг билан хабарлаш, ошна.

Алоқани узди-да, бошқа рақам терди.

- Сардор, ўзингмисан? Постга етиб бордингми? Ҳали йўлда юрибсанми? Тезроқ ҳайда, боришинг билан сенга бир машинанинг рақамини бераман, постдан ўтган-ўтмаганини аниқлаб берасан.

Алоқани узди ва яна рақам терди.

- Алишер, ўзингмисан? Ўзи сен автомобил йўлари институтида ўқисанг бўларкан, шунча йил академияда ўқиб, ҳаракат хавфсизлигида ишлаб юрибсанми? Жиноят очсанг бўлмайдими ундан кўра… Бўпти, ҳазил, ҳазил… Ёрдаминг керак. Ҳозир сенга бир фамилия айтаман, машинаси бор-йўқлигини билиб берасан… Шошмасанг-чи, ҳали ўша фамилия йўқ-да. Зияев айтиши керак… Ўша, биз билан бир курсда, криминалистика гуруҳида ўқиган йигит.

Алоқани узиб, оғир нафас олди. Муҳаммадга боқди.

- Ҳозир, Зиёев қўнғироқ қилса, ишимиз юришиб кетади.

***

Бу пайт хонада Зиёд ака ва Худойназаров икккаласи ҳамон бир-бирини тушунмай, бири хуноб, бири бемалол ўтирарди.

- Бўлмаса, кеча бўлган воқеаларни бир бошидан ёзиб беринг, - Худойназаров Зиёд акани стол қаршисига таклиф қилди ва олдига қоғоз, ручка қўйди.

- Нима деб ёзай? – анқовсиради Зиёд ака.

- Бор гапни деяпман-ку!

- Бир пайтлар билдирга ёзардим, энди пенсиядаман, билдирги ёзолмайман. Ариза ёзайми? «Ариза» десам, арз қилаётган бўлиб қоламан. Мен эса умрим бино бўлиб, бировга арз қилган одам эмасман.

- Тушунтириш хати ёзасиз…

- Ҳа, шунақами?! Кимга?!

- Генералга… Генералнинг номига!

- Генералларинг ҳалиям ўша-ўшами?

- Эй, сиз қанақа одамсиз, шу калла билан жиноят-қидирувда қандай ишлагансиз? – Худойназаров ўзини зўрға босиб турибди.

- Биз калла билан эмас, оёқ билан ишлаганмиз.. Шунинг учун ҳам узоққа борганмиз-да.

Шу пайт яна Олимниг боши кўринди:

- Биз кутайликми?

- Кутинг! – Худойназаров дўқлаб юборди. – Сизлар билан кейин гаплашаман.

Собиқ жиноят-қидирув ходими билан суҳбатлашишга асаби дош бермаётган эди.

***

- Назаримда, биз гумондорни олиб чиққунимизча Зиёд аканинг суҳбати тугамайди, - деди Олим йўл четда безовталаниб тураркан. 

- Шарт тутиб чиқаверамизми? – ҳайрон бўлди Муҳаммад. – Алдаб чақирдик-да… Келарканми?

- Ўзидан кўрсин, ким унга телефон қилганимиз ҳамоноқ «кондиционер ўрнатаман», десин деди.

Сал ўтмай, уларнинг ёнига кулранг «Нексия» келиб тўхтади.

- Э, салом, - Олим ўзини қувноқ тутишга ҳаракат қилди. – Кондиционер ўрнатадиган йигит сизмисиз?

- Ўзим… - йигит машинадан тушди, сўрашишди. – Қайга ўрнатамиз?

- Юринг, кўрсатамиз, - Олим йўл бошлади. Йигит эргашди, Муҳаммад унинг ортидан йўлга тушди.

- Бу мелисахона-ку, - назорат-ўтказиш жойида йигитнинг кўзлари чақчайди.

- Мелисахонагаям кондиционер ўрнатса бўлади, келаверинг, -  Олим уни ичкарига бошлади.

Зиёд ака алламбалоларни ёзиб, имзо чекиб, Худойназаровга тутқазаётганда, эшик очилиб, олдин Олим, кетидан йигит ва Муҳаммад кириб келди.

- Мана, қотиллик қилганларнинг бирини тутдик, - деди Олим.

Йигит ҳайрон: 

- Қанақа қотиллик?!

- Илёсни ўлдирганингни айтаман, - деди Олим ва кескинлик билан сўзлади. – Кеча соат ўн тўққиз-у йигирма иккида, Илёснинг  машинасидан ўн дақиқа олдин постдан ўтгансан, кейин уни овлоқ жойда тўхтатгансанлар. Машинасида бир милионни олиб кетаяпти, деб хаёл қилгансанлар. Лекин Илёс «пул йўқ», деган, уни дўппослаб, ўлдириб қўйгансанлар, кейин жиноятни яшириш учун машинани жарга итариб юборгансанлар… Машинани пул излаб титкилаганларингда, бармоқ изларинг қолган. Тихирлик қилма, ҳаммаси аниқланган, ҳаммаси исботланган.

Йигит шалвираб ўтириб қолди, ранги оқариб, тили айланмай қолган эди. Олим Худойназаровга ўгирилди.

- Жиноятчи рўпарангизда, биздан кимдир унга шерик бўлса, ўзингиз сўраб билиб олаверасиз. Ҳозирча Зиёд акага рухсат берсангиз, ишимиз бор.

- Темирчига кўмирчи ҳоким, - деди Зиёд ака Олимниг машинасида кетиб борар экан. – Ички назорат ходимларини кўрсам ҳалиям оёғим қалтирайди-я, тавба.

- Сизга раҳмат, - Муҳамад. – Баҳонангизда жиноятни тезгина очдик. Ҳаммасидан бирдан қутила қолдик.

- Сен нима деб ўйлаяпсан? - деди Олим. – Ҳаммаси энди бошланади. Бу жиноятнинг тагига етгунимизча ҳали сен билан менинг сочимиз оқариб кетар-ов.

Исмоил Шомуродов

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1