1

«Меҳрибонлик уйи»дан келган фаришта

МУТОЛАА 26.09.2016, 14:35
Теглар: Хикоя, Фарзанд, Аёл, Она, Ота, Ота-она, Оила, Она ва бола
«Меҳрибонлик уйи»дан келган фаришта

Таҳририятга кириб келган мухлисамиз ўз ҳаётий тажрибаси ҳақида ўртоқлашиш нияти борлигини айтди. «Менинг тақдирим балки фарзандсизлик аламида юрган оилаларга сабоқ бўлар», деди у ўз муддаосини билдираркан…

Бир куни телеэкранда берилаётган роликка кўзим тушиб қолди: «Боланинг бегонаси бўлмайди!» Кун бўйи шу жумла хаёлимда айланиб юрди. Турмуш ўртоғим билан ўн йил тирноққа зор яшадик. Бу йиллар давомида жон-жаҳдимиз билан ота-она бўлишга интилдик: Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё… хуллас, дардимизда даво излаб, бормаган жойимиз қолмади. Дўхтирлар нима деса, ҳаммасини бекаму кўст бажардик. Укол-дорилардан шунчалар безиб кетгандимки, борган сари ҳатто бир дона таблеткани ютиш азоб бўлиб қолганди. Қилган ирим-сиримларимизни айтсам, китоб бўлади. Қаерда қандай табиб борлигини эшитсак, оёғимизни қўлга олганча ўша ерга югурдик. Уларнинг ҳаммаси порлоқ келажак ваъда қилар, «бир этак болаларинг бўлади» деб башорат қиларди. Дўхтирлар ҳам «албатта бўлади» деб, тинмай даволашди. Натижа бўлавермагач, улар ҳам елка қисишди: «хафа бўлманг, фарзандли бўлишларингизга кафолат беролмаймиз...»

Йиллар, гап-сўзлар, таъна-дашномлар, кинояю пичинглар бизни шунчалар пишитган эканки, охири ҳаммасига қўл силтадик: нима бўлса бўлсин! Бир қўшнимиз айтганди: «Ҳозирча болаларинг бўлмаяптими, ўзларинг учун яшанглар. Кейин бир умр фарзандларинг учун яшайсизлар». Эр-хотин энди ўзимизни қийнамаслик, тақдирга тан беришни маъқул кўрдик. «Фарзандли бўлиш тақдиримизда битилган бўлса, бўлади. Пешанамизда ота-она бўлиш бахти бўлмаса, демак, боламиз бўлмайди». Охири шундай қарорга келдик. Буни мардларча тан олиш ва яшашда давом этиш керак. Хуллас, энди қўшнимиз айтгандек, ўзимиз учун яшай бошладик: кинога, театрга, кўргазмаларга бордик, сайр қилдик… қисқаси, фарзандсизлик дардини унутишга уриндик. Ҳатто кимлардир бизнинг бу тарзда «маза қилиб айланиб юрганимизга» ҳавас қилди. Биз эса ўзимиздан ўтганини ўзимиз билардик...

Уч киши бўлдик

Телеэкранда берилган ўша ролик ўз таъсирини кўрсатди: меҳрибонлик уйидан бола асраб олишга аҳд қилдик.

— Танишинг, бу Севинч! — Меҳрибонлик уйи тарбиячиси тим қора жингалак сочлари узун қизалоқни етаклаб келди. — Ақлли, чиройли…

Кўриб, юрагим уришдан тўхтаб қолгандай бўлди: кўзлари тим қора, киприкчалари қайрилган, сочлари атайлаб қилингандек жингалак, фариштанинг ўзгинаси! Бу ерга икки йил олдин келган, ота-онаси автоҳалокатда вафот этган экан. Қизалоқ беш ёшга тўлган, ақлини таниб қолганди. У аввалига эрим иккимизни синчиклаб кўздан кечирди. Балки ота-она ролига тўғри келиш-келмаслигимизни ўйлагандир. Сўнг менга юзланди:

— Менга ойи бўласизми? — Жилмайиб турса-да, кўзларида қандайдир қўрқув бор эди.

— Агар сен рози бўлсанг… — Мен ҳам ҳаяжонимни билдирмаслик учун жилмайишга ҳаракат қилардим.

— Бора қол, Севинч, — тарбиячи унинг елкасидан тутиб,  оҳистагина биз томон итарди.

Қизалоқ хурсанд бўлиб, эрим иккимизнинг қўлимиздан ушлаб олди:

— Уйларингиз қаерда? Қачон кетамиз?

Бу савол эрим иккимиз унинг «имтиҳон»идан ўтганимизни англатарди.

Шундай қилиб, уйга уч киши бўлиб қайтдик. Севинч ақлли қизча эди, ўргатганларимизни ўша заҳоти эслаб қоларди. Лекин тарбиясида айрим ҳолатлар ҳам сезиларди: ҳарфларни кам биларди, санаши ҳам қониқарли эмасди, у билан жиддий шуғулланмасак бўлмасди. Охири эрим билан келишиб, мен ишдан бўшаб, қизимизнинг тарбияси билан шуғулланадиган бўлдим.

Оиламизга Севинч келгач, эрим иккимизнинг муносабатларимиз олдингидан ҳам яхшиланди. Бахтимизнинг кемтиги тўлгандай эди. Шу митти одамча бизни бир бутун оила қилди. Биз уни бир кўришдаёқ яхши кўриб қолгандик. Лекин қийинчиликлар ҳам бўлди. Баъзида Севинч кайфиятсиз бўлиб қоларди. Нима гаплигини сўрасам, «ойимни соғиндим» деб йиғларди. Бор меҳрингни бериб, неча йил деганда зўрға «эришган» болангдан бундай гап эшитиш азоб экан…

Баъзида Севинч сўрамасдан сумкамни титкилар, дадасининг чўнтагини ковлар, бурчакка ўтириб олиб, гўёки кимдир олиб қўядигандек нималарнидир яширинча ер, ҳатто дарс тайёрлашни буюрганимда мени очиқдан-очиқ айбларди:

— Сиз ёмонсиз! Ўйнашга қўймайсиз. Ойим ҳар доим рухсат берарди.

Ёки:

— Мен сизни яхши кўрмайман. Ўзимнинг ойимни яхши кўраман.

Унинг гаплари юрагимни тилка-пора қилса-да, билдирмасликка уринардим. Лекин бир куни чидолмадим:

— Нега бундай қиласан-а? Мен сенга нима ёмонлик қилдим, қизим? — Йиғлаб юборишимни билиб, хонадан югуриб чиқиб кетдим.

У эса ортимдан бориб, мени маҳкам қучоқлаб олди:

— Ойи, ойижон, кечиринг! Энди умуман бундай қилмайман, чин сўзим! — Унинг лаблари, қўллари титрарди.

«Мени қайтариб бермайсизми?»

Қизимнинг гаплари қанчалик самимий бўлса, кўзларида шунчалик қўрқув бор эди. Титроқ эса бутун баданига кўчганди. Нима бўлаётганини тушунмай, шунчалар қўрқиб кетдимки…

— Сенга нима бўлди, қизим?!

— Мени меҳрибонлик уйига қайтариб бермайсизми?! — Унинг кўзлари хавотирга тўла эди.

Шу бир оғизгина гап менга ҳаммасини англатди.

— Сен буюммассан-ку қайтариб берсам! Ахир сени яхши кўраман-ку, қизим!

Ўн беш дақиқалардан кейин титроғи босилди. Сўнг қуюқ киприклари остидан айбдорларча қараб турди-да, маҳкам қучоқлаб олди. Қулоқларим остида унинг майин овози эшитилди: «Сиз дунёдаги энг яхши онасиз!»

Орадан саккиз ой ўтди. Севинчнинг илгариги инжиқликлари анча камайди. Улғайиб қолдими ёки оиламизга кўникдими, ўтмишини эсламай қўйди. Энди у одамови эмасди, менинг сумкамни, дадасининг чўнтагини титкиламасди. Иштиёқ билан рақсга қатнар, дарсларини тайёрларди. Дўстлари ҳам кўпайди. Меҳрибонлик уйида катта жамоага ўргангани учунми, болаларнинг ҳаммасини уйга бошлаб келарди. Биз ҳам эътироз билдирмадик. Ахир бир пайтлар ҳувиллаб ётган шу уйимиз энди болаларнинг кулгиси, қий-чувига тўлганди!

Севинчни мактабга беришдан олдин хорижда яшайдиган дугонамнинг таклифига кўра меҳмондорчиликка бордик. Кутилмаган воқеа ўшанда юз берди.

Ҳаёт мўъжизага бой!

Аввалига ҳаммаси одатдагидек кечаётганди. Офтобда тобландик, табиат қўйнида дам олдик. Бир куни соҳил бўйида ҳар доимгидан кўпроқ ўтириб қолдик. Мен қизим ва эримнинг мириқиб ўйнаётганини, кимўзарга қумдан уйча ясаётганини, бир-бирини қувлаб югуришини кузатиб ўтириб, хаёлга толдим: «Бахт! Мана у қанақа бўлади! Оддий, инсоний бахт!» Ота-болани суратга тушириш учун нарироқда турган фотоааппаратга узанган эдим ҳамки, кутилмаганда бошим айланиб, кўнглим айниб кетди. Эрим ўша заҳотиёқ «тез ёрдам» чақирди. Офтоб урган деган хаёл билан келган шифокорлар мени шифохонага олиб кетишди.

Эртаси куни мен ётган палатага дўхтир кирди. Қўлида бир нечта қоғоз. Таҳлил натижаларим бўлса керак…

— Нега офтобда бунча кўп тобланаяпсиз? Шу аҳволингизда-я? — Дўхтирнинг саволи хаёлимни бўлди.

— Аҳволимга нима қипти?

— Ие, ўзингиз ҳам билмайсизми? Менимча, сиз ҳомиладорсиз.

— Ҳомиладорман?! — Сакраб ўрнимдан туриб кетганимни ўзим ҳам билмай қолибман. — Ҳазиллашаяпсизми?! Бўлиши мумкин эмас! Дўхтирлар менга «боланг бўлмайди» дейишган!

— Ишонмасангиз, УЗИга боринг.

Дўхтир ҳақ бўлиб чиқди: саккиз ҳафталик ҳомилам бор экан. Шунинг учун ўзимни ёмон ҳис қилган эканман-да!

Ярим соатдан сўнг эрим етиб келди. Худди кинолардагидек эримни қучганча қулоғига «яқинда ота бўласиз» дейишни орзу қила-қила, бу шунчаки хомхаёллигига ўзимни ишонтириб бўлгандим. Энди эса… ҳали ўзим ҳам ишонолмаётган янгиликни қандай айтишни билмай довдирардим. Юзларимни юваётган кўз ёшларим эса эримнинг бир хавотирига минг хавотир қўшар, ҳомиладорлигим ҳақидаги янгилик хаёлига ҳам келмасди. Оҳиста қадамлар билан эримга яқинлашдим-у, бағрига бош қўйдим. У йиғидан силкинган елкамдан тутганча мени овутишга уринар, нима гаплигини суриштирарди. Мен эса неча йиллар олдин юрагимнинг туб-тубига кўмиб қўйган орзум ушалаётганига ишонолмасдим. «Яқинда ота бўласиз!» Кинолардагидек эримнинг қулоғига шундай дея шивирлаганимда эримнинг шунча йилдан бери бирор марта ҳам кўрмаган кўз ёшларига гувоҳ бўлдим. Мен шу хушхабарни айтиш учун қанчалар кун санаган бўлсам, у ҳам эшитишга шунчалар муштоқ бўлган экан. Эр-хотин бир-биримизни маҳкам қучганча тинмай йиғлардик. Бу қувонч ёшлари эди!

Кечқурун уйга кетишим учун рухсат тегди. Байрамона дастурхон безадик. Овқат маҳали Севинчга тантанавор қилиб янгиликни маълум қилдик:

— Қизим, сен яқинда опа бўласан! Уканг ёки синглинг бўлади энди!

Лекин бу қизимизга ўзгача таъсир қилди: у бирдан ликопчасини нари суриб, ўрнидан турди:

— Бошқа емайман. Бошим оғрияпти… Ухлагани кетдим…

Ортидан бормоқчи бўлгандим, эрим қўлимдан тутиб қолди:

— Қўявер, шунчаки қизғанаяпти. Асабийлашма.

Лекин бир-икки соатдан кейин икковимиз ҳам асабийлашдик: Севинч ғойиб бўлди. Изламаган жойимиз қолмади.

— Беш яшар қизчага кўзингиз тушмадими? Сочлари қоп-қора, жингалак, — ўтган-кетгандан уни суриштира бошладик. Бироқ ҳеч ким «кўрдим» демасди. Охири эрим қидирувга қутқарувчиларни жалб қилди.

Излай-излай, уч соат деганда топдик. Маълум бўлдики, шунча вақт у том устида ўтирган экан. Қандайдир туйнукча орқали, ўша ерга чиқиб олибди.

— Қанақа онасиз ўзи?! Нега болани қаровсиз қолдирасиз? — қутқарувчилардан бири мени айблай кетди. — Тушиб кетганида нима бўларди?!

«Сен — бизнинг бахтимизсан!»

— Ойим айбдор эмас! — кутилмаганда Севинч мени ҳимоя қилишга тушиб кетди. — Ҳаммасига ўзим айбдорман… Чақалоқ туғилса, мени меҳрибонлик уйига қайтариб юборишади, деб қўрққандим.

Кечаси билан қизим иккимиз «сирлашиб» чиқдик. У менга ота-онаси, болалик хотиралари ҳақида сўзлаб берди. Қизалоғимнинг мурғак қалбида шунча дард бор эканки, шу пайтгача буларнинг барини митти юрагида қандай сақлаб юрганидан ҳайратга тушдим. Айни дамда гўё мурғак бола эмас, ўзим тенги дугонам билан сирлашаётгандай ҳис этардим ўзимни. Дард уни улғайтириб қўйгандай эди. Мен ҳам унга шунча йил фарзандим бўлишини қанчалик хоҳлаганимни, бу дард мени қанча қийнаганини гапириб бердим:

— Агар сен бўлмаганингда, отанг иккимиз бир умр бахтсиз ва ёлғиз яшардик. Сен уйимизга бахт олиб келдинг, қизим!

Бу сирлашув иккимиз учун ҳам фойдали бўлди. Шундан сўнг Севинч иккимиз янаям яқинлашиб кетдик. Бир йил ўтгач эса дугонамникига Севинч жонидан ортиқ кўрадиган ўғлимиз — митти Одилбекни ҳам олиб бордик.

Нилуфар ёзиб олди

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1