Август-сентябрь ойларида узум сайллари авж олади. Қадимдан узум нонуштада нон билан истеъмол қилинган. Боболаримиздан мерос бундай нонушта бежиз эмас. Сабаби узумнинг калорияси биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ. Бундай нонуштадан сўнг тушликкача қорин очмайди. Узумнинг фойдалари ва организмга жуда кам ҳолларда учрайдиган баъзи зарарлари ҳақида доришунос Гулчеҳра Умарова сўз юритади.
1. Узумни ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган беморлар камроқ еганлари маъқул. Бир қарашда мева — енгил таом кўрингани билан узум анча қийин ҳазм бўлади. Бундан ташқари узумда жуда кўп миқдорда глюкоза ва фруктоза мавжуд бўлиб улар қонга жуда тез сўрилади ва қондаги инсулин ортиб кетади. Шунинг учун ҳам ошқозон ости бези касалликлари ёки қандли диабет, ортиқча вазн билан оғрийдиган беморлар узумни умуман истеъмол қилмаганлари маъқул.
2. Узумнинг фойдаси шундаки, унинг таркибида А, C, В6 витаминлари ва фолат(фолат кислотаси), шу билан бирга организм учун зарур бўлган кальций, калий, темир магний ва фосфор минераллари мавжуд. Бундан ташқари узум таркибида камёб модда — флавоноидлар бўлиб, улар қаришга ва эркин радикалларга қарши курашувчи жуда кучли антиоксидантдир.
3. Узумни, у табиий маҳсулот бўлсада истаганча еб бўлмайди. 0,5 кг бутунлай соғлом одам учун ҳам жуда кўп. Юқори каллорияси туфайли у озиш учун парҳез тутадиганларга умуман тўғри келмайди. Меъёрда узумни кунига 10-15 дона истеъмол қилган маъқул.
4. Узум кучли аллергенлар қаторига киради. Узум қанчалик тўқ рангда бўлса аллергия чақириш ҳавфи ҳам шунча юқори бўлади. Бироқ шу билан бирга тўқ рангли турларда инсон организми ҳимоя кучларини мустаҳкамловчи антиоксидантлар бирмунча кўп бўлади.
5. Узумнинг у ёки бу тури каллорияси кўпроқ деб ҳисоблайдиганлар — хато қилишади. Аслида узумнинг оч ва тўқ ранглилари каллорияси бир хил: 65ккал/100гр.
6. Кўпчилик узумни еганда уруғларини чиқариб ташлайди. Айтиш жоизки, узум данакчалари А, E, К витаминлари, ҳамда катта миқдорда табиий ёғлар манбаидир. Бу моддалар эса инсон организми ҳужайраларини мустаҳкамлаб, кишини ёшартиради. Шунинг учун ҳам диетологлар узумни уруғи ва пўсти билан ейишни буюрадилар.
7. Айримлар узум семиртиради, деб бу мевани умуман истеъмол қилмайдилар. Гап шундаки, узум иштаҳани очади. Агарда сиз тўйимли таомномангизга узумни ҳам киритсангиз у албатта семиришга олиб келади. Аммо енгил таомлар қаторида, оз миқдорда истеъмол қилинган узум қоматингизга ҳеч қандай зарар етказмайди.
8. Узум ўзининг шифобахш хусусиятлари билан кўпгина касалликларга даво бўлади. У инсон организмини умумий мустаҳкамлайди. Шу билан бирга узум шарбати — нафас сиқиши(астма)да ёрдам беради. Узум шарбати юрак мускулларини мустаҳкамлайди ва қондаги азот оксиди миқдорини ошириб, қон қуюлиши ва тромбларнинг олдини олади. Узум — пешоб ҳайдайди ҳамда буйраклар ва ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди.
Маълумот учун:
Узум таркибида 150 дан ортиқ биологик фаол моддалар мавжуд. Турларига қараб, тарикбида 20 фоизгача қанд, оқсил, ёғ, шунингдек органик кислоталар, турли дармондорилар мавжуд.
Узумнинг асосий хусусияти—унинг таркибида кислоталарнинг кўплиги. Улар нафас олиш йўлларини енгил қитиқлайди. Шу сабабли, балғам кўчишини осонлаштиради ва йўтални юмшатади.