АсосийSUG'DIYONA

Кичкинтойингиз оилада нечанчи фарзанд? Бу унинг феълига таъсир қилади!

Олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатяптики, боланинг феъл-атворига нафақат ирсий омиллар, балки унинг оилада нечанчи фарзанд бўлиб дунёга келгани ҳам таъсир қилар экан.

Тўнғичлар туғма лидерлардир. Аниқроғи, ғайриихтиёрий равишда лидерга айланадилар. Чунки улар ука ва сингиллари учун «паровоз» вазифасини ўташга мажбур: парваришга ёрдам бериш, ҳимоя қилиш, бирга ўйнаш… Тўнғичлар тезроқ улғаядилар. Улар жиддий ва масъулиятли бўлиб, ҳаммадан яхши бўлишга интиладилар ва ҳамиша муваффақиятни кўзлаб иш тутадилар. Шу сабабли оилада биринчи фарзанд сифатида дунёга келганлардан ажойиб раҳбарлар етишиб чиқади.

Ўртанча фарзандлар — номзодлар ва дипломатлар. Улар бутун умр катталарнинг тазйиқи ва кичикларнинг эркалиги орасида яшашга маҳкум. Ўртанчалардаги сабрлилик, мулоҳазакорлик, мақсад сари қатъий интилиш ва мулоқотга очиқлик келажакда яхши карьера қилишларига ёрдам беради. Аммо болалигида эътибор етишмаслигидан кўп азият чекиб, натижада ўзига нисбатан ишончи сусайиб қолиши мумкин.

Кенжалар — ҳамманинг эркатойи. Ота-оналар уларга нисбатан камроқ талабчан ва кўпроқ сабрлидирлар. Кичик фарзандлар катталарнинг ҳомийлигини жон деб қабул қиладилар ва бу ҳимояга ўчлик ҳисси уларни бутун умр тарк этмаслиги мумкин. Аммо баъзида кичик фарзанд ҳаммадан ожизроқ эканини тан олгиси келмай қолади. Опалари ва акаларини қувиб етиш орзусида жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб, ҳаммадан ўзиб кетиши ҳам мумкин.

Бошқа янгиликлар