1

⚡️ "Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир" Интернетни “портлатган” шеър муаллифи босимга учрадими? Эксклюзив интервью

ЖАМИЯТ 22.03.2023, 22:46
⚡️ "Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир" Интернетни “портлатган” шеър муаллифи босимга учрадими? Эксклюзив интервью

"Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак". Абдулла Қаҳҳор бу сўзларни айтганда қанчалик ҳақ эканини вақтлар ўтиб янаям чуқурроқ англаяпмиз, шубҳасиз. Бугун ижтимоий тармоқлар ривожланган, одамларнинг ўй-ташвишлари кўпайган бир вақтда адабиётга бўлган ихлос бироз сусайгандек, назаримизда. Бироқ қалбдан чиққан битиклар борки, ўз ўқувчиларини тез топади. Бугун халқнинг кечаси ва бугуни ҳақида баралла куйлай олаётган, яқин кунларда биргина шеъри билан ижтимоий тармоқларни "портлатган", шу билан бирга унинг бу чиқишидан кейинги тақдири жамоатчилик учун қизиқ бўлаётган ёш шоир Нажмиддин Эрматов Darakchi.uz меҳмони бўлди.  

Шоирнинг "Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир" шеъри ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Жамоатчиликни ўйлантирган айрим саволларга шоирнинг ўзидан жавоб олдик.

Ўша сизни машҳур қилган шеърнинг ёзилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз?

– Мен Ўзбекистон тарихи каналида ишлайман. Ўлганлар тинч, ўлганлар билан шуғулланамиз (кулади). Биз тарихий кўрсатувлар қиламиз, олимлар билан ишлаймиз ва бу менга катта илмий баъза берган. Битта академик билан гаплашсангиз битта китоб ўқигандек бўласиз. У ерда ишлаётганимга икки йил бўлган бўлса, шу вақт ичида тарихий йўналишдаги минглаб китоб ўқигандек бўлдим. Шеърларимда ҳам тарихнинг таъсири сезилади. Ўзим ҳам этник тарихга қизиқаман. Ўша шеърим ҳам шу ҳолатларнинг таъсирида ёзилган. Унда ҳеч бир сиёсий жараён ҳақида гапирмаганман. Лекин санъатнинг ҳар қандай тури замон ва макон билан ҳамоҳанг бўлади. Шу жиҳатдан қарасак, шеърда ким нимани кўришни хоҳласа шуни кўради. Ҳатто диний тарафга бурганлар ҳам бўлди. Шеърият бу журналистика эмас, аниқ айтиш керак бўлган. Ижод бу сизни қийнаётган ичингиздаги кечинманинг қоғозга кўчиши.

Шеър нега бу даражада машҳур бўлди?

– Шеър тармоқларда тарқалгангандан кейин, ёзувчи, адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам бир изоҳ ёзди. Маҳъсулотни қандай кўринишда, қандай ҳолатда ва қайси пайтда тақдим қила олиш ҳам кўп нарсани белгилайди. Менимча асосий сабаб шунда деб ўйлайман. Қолаверса одамларни ўйлантириб юрган айрим воқеалар ҳам сабаб бўлди. Аслида матн ҳолатда анча йиллар олдин ёзилган. У пайтда адабиёт ва ижод аҳли орасидагина тарқалган шеър эди.

Шеърдан кейин шоирга босимлар, қанақадир қўнғироқлар бўлдими?

– Бу шеърдан кейин менга нотаниш бўлган рақамларни кўтармай қўйдим. Шу ҳолатдан кейин янаям аниқроқ билдимки, бизда давлат цензураси эмас, ижтимоий цензура кучли. Яъни одамларни ўзи босим қилади, ўзи цензура қилади. Одамларимизни ўзи ҳали бир очиқроқ айтилган гапни эшитишга тайёр эмасдек туюлди.

Бугунги ўзбек шеъриятида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг издошлари борми?  

– Бизни тенгқурлар орасида катта тўлқин етишиб келяпти. Мендан ҳам кучли ёзадиган, бадиий жиҳати тўкис бўлган шеърлар бор. Мен бу авлоднинг вакили бўла туриб бундай дейишим ўнғайсизроқ туюлар, лекин жуда катта тўлқин келяпти ва адабиётни янгилашга иштиёқи, ҳаваси, умиди бор авлод. Ва улар ҳаммаси ўз номи билан келяпти, ўз номи билан чиқади.

Бугун ҳукуматнинг, Ёзувчилар уюшмасининг адабиётга эътибори қандай ва нималар етишмаяпти, нималар қилиш керак?

– Мен ижодга давлат ёки давлатга тобе бирор ташкилотнинг аралашишига, қандайдир ёрдам беришига қўшилмайман. Ижодни ва ижодкорни ўз ҳолига қўйиш керак. Чумчуққа дон бериб ўргатганингиздан кейин, қўлга ўрганади, учишни унутади. У хоҳлаган жойидан дон териб ейиши керак.  

Бизда кўпчилигимизни эсимиздан чиққан зўр шоирларимиз бор. Ёзувчилар уюшмасидан, давлатдан кутадиган нарсам шуки, фақат маълум шоирларни эмас, вафот этган ёки ҳаммасидан қўл силтаб, жамиятга сингиб кетган шоирларни ҳам китобларини чиқаришга ёрдам бериши керак. Зариф Султоний деган шоиримиз бор. Яқинда вафот этди. Зариф Султонийни ўқиб чиққан одам умуман бошқа одамга айланади. Мана шу даражадаги шоирларимиз бор.

Маддоҳ шоирлар ҳақида нима дейсиз?

– Маддоҳ дейман, шоир сўзини қўшиш шартмас (кулади). Мени бир яқин дўстим бўлсаю, шеъри ёқмаса танқид қиламан. Лекин уни ҳар қандай ҳолатда кечирса бўлади, бироқ маддоҳни эмас. Унақалар ўзи билинади. Буни аниқ меъзонлари йўқ. Ўқиганда билинади.

Сизга тенгқур шоирлардан кимларга ҳавас қиласиз?

– Тенгқурларим орасида яхши шоирлар кўп. Ҳавас деганда, айнан қайсидир шеърини ўқийсизда, эҳ шуни мен ёзсайдим дейсиз. Ана шу ҳавас бўлади.  

Одамлар шеър ўқияптими?

– Ўқиркан-ку. Нимадир ёзаётганда оммага таъсир қилиш учун ёзилади. Ижод ундай эмас, уни кимдир ўқиш-ўқимаслиги кейинги масала. Асл шоир ёзаётганда эртага одамларга қандай таъсир қиларкан, нима деб ўйларкан деган фикр бўлмайди.

Ижодкор тақдирланиши керакми?

– Ижодкор бир нарсани ёзади. Унинг ўйи ҳам, иши ҳам, оиласини боқиши ҳам, ўша ижодни орқасидан. Улар 24 соат ижодкор. Мен ва мен тенгилар 4 соат ижодкормиз. Бошқа пайт ходиммиз. Рағбат олаётганлар ҳам бор. Ҳамманинг ўз ўлчови бор. Уларни ҳам тўғри тушиниш керак. Фақат мана сенга уй бердим, энди уни ёз, буни ёз демаса бўлди.

(Батафсил суҳбат Youtube'да)

Каримжон Зарипов суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1