Тошкентда иш бошқарувчисига пичоқ урган ошпазга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова хабар берди.
Маълум қилинишича, судланувчи илк бор 28 ёшида ўғрилик билан жиноят “кўчаси”га кириб, озодликдан маҳрум қилинган ва “Амнистия акти”га асосан озод этилган. Шундан сўнг, 32 ёшида такрор ўғриликка қўл уради. 33 ёшида эса ўғриликка суиқасд қилиб судланади. Шунингдек, 2018 йилга келиб, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятини содир қилади. Бу гал жазони тўлиқ ўтайди.
Бу сафар у қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этди. 53 ёшли судланувчи Яшнобод туманида жойлашган ресторан олдида иш бошқарувчи билан жанжаллашади. Ўнг қўлида бўлган пичоқни иш бошқарувчининг қорин соҳасига бир маротаба тиқиб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказади.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида, жабрланувчининг танасида кўкрак қафаси соҳаси қорин бўшлиғига тешиб кирган талоқ ва йўғон ичак тутқичини қисман жароҳатланган санчилган-кесилган (тикилган) яраси мавжудлиги аниқланган. Ушбу жароҳат ўткир санчувчи-кесувчи жисм таъсирида етказилган бўлиши мумкинлиги, улар етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражасига кўра оғир турдаги тан жароҳатлари туркумига кириши аниқланган.
"Ресторанда иш бошқарувчи билан тузилган оғзаки келишувга асосан ошпаз бўлиб ишлаб келганман. Мазкур ресторандан ишдан бўшатилдим, сўнг иш бошқарувчидан иш ҳаққини олиш мақсадида ресторан жойлашган манзилга бордим. Мени қоровул кутиб олди. Шу вақтда иш бошқарувчи ўз автомашинасида ресторан биноси олдига келди. Ресторан ҳовлисидаги тапчан устида турган целлофан пакетга солинган пичоқни олиб, суҳбат давомида жанжал юзага келса ўзимни ҳимоя қилишни режа қилдим. Чунки иш бошқарувчининг гавдаси менга қараганда каттароқ эди. Автомашина ёнига бориб, иш бошқарувчидан иш ҳаққини беришини талаб қилганимда мени ҳақорат қилди. Ҳеч қандай пул бермаслигини айтди. Автомашинасидан тушиб, лабимнинг чап юқори қисмига бир маротаба урди. Зарба натижасида лабим қонаб кетди. Мен ўнг қўлимдаги пичоқни унинг чап биқин қисмига бир маротаба тиқиб олдим. Кейин тарқалиб кетдик, ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилмагандим. Чунки рўза ойи бўлган, рафиқамни даволатишим учун маошим жуда ҳам зарар бўлганлиги сабабли иш бошқарувчининг ёнига пулларимни сўраш мақсадида боргандим" , - дейди судланувчи.
"Ресторанни ижара шартномаси асосида бошқариб келаман. Судланувчи иш сўраб келди ва ошпаз қилиб ишга қабул қилдим. Бироқ у иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун ишдан бўшатдим. Воқеа содир бўлган куни маст ҳолатда ресторан биносига келди. Иш ҳаққи беришимни талаб қилди, шунда иш ҳақидан қарзим йўқлигини ва маст ҳолатида у билан гаплашмаслигимни айтдим. Лекин у автомашинадан тушишимни ва гаплашиб олишни талаб қилди. Талабига асосан автомашинадан тушган вақтимда яна пулини беришимни сўраб, турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Менга яқинлаша бошлаганида ўзимдан узоқлаштириш мақсадида қўлим билан елкасидан ушладим. У ўнг қўлида бўлган ва устки қисмига пакет ўралган темир жисмни қорин қисмимнинг чап томонига бир маротаба тиқиб олди. Натижада танамдан қон чиқа бошлади, тўхтатиш мақсадида ресторан биносига кира бошладим. Лекин у шунда ҳам пулини беришимни сўрашни давом эттирди. Унга пул бермаслигимни айтиб, автомашинамга ўтириб касалхонага кетдим. Судланувчи эса ресторан биносида қолди, - дейди жабрланувчи.
Анвар Икромов, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси:
— Суднинг ҳукми билан судланувчиЖиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо махсус тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.