Шариатимизда ердан топиб олинган нарса ёки пул бизларга ҳалол эмас. Эшитишимча кимки пул топиб олса, уни 1 йил сақлаши керак, эгаси чиқмаса садақа қилиб юбориши керак. Шунда ҳам ушбу садақанинг савоби сизга ёзилмас экан. Мен ерда ётган пулни кўриб, ишлатиб қўйишим мумкин деб олмасам, менга гуноҳ бўлмайдими? Аҳир эгаси мендан сўрашлиги мумкин, мен эса гуноҳдан қўрқиб бошқа гуноҳга тутилиб қолмайманми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Топиб олинган нарсалар икки турли бўлади.
1. Агар топиб олинган нарсани эгасини топиб қайтариб бериш учун олмаса, у нарса ўша ерда талофатга учраб йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли бўлса, топиб олинган нарсани олиш фарз бўлади.
2. Топиб олинган нарсани эгасига қайтариб бериш учун олмаса ҳам у жойда ҳалокатга учраб йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли бўлмаса, у нарсани олиш ихтиёри бўлади. Аммо эгасига қайтариб бериш мақсадида олиш афзал ҳисобланади ва бу иш учун савоб ҳам умид қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.






