Қозоғистоннинг депортация қилинган икки фуқароси Жанубий Кореяда қочиб кетди, деб хабар берди Tengrinews.kz. Маълумотни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлаган.
Қозоқларнинг қочиши ижтимоий тармоқлардан маълум бўлган. Тармоқ фойдаланувчилари 21 ва 18 ёшли икки қозоғистонлик депортация қилинишини кутаётган пайтда якшанба куни эрталаб соат 4:20 атрофида аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги яқинидаги панжара устига чиқиб, қочиб кетганини хабар қилди.
ТИВ маълумотларига кўра, март ойи охирида Тошкентдан Koreana авиакомпанияси самолётида Жанубий Кореяга икки қозоғистонлик етиб келган. Уларга мамлакатга киришга рухсат берилмаган, шунинг учун улар депортация парвозини кутишган.
"Бироқ қозоғистонликлар Инчхон халқаро аэропортини ноқонуний равишда тарк этишган. Улардан бири маҳаллий полиция томонидан қўлга олинган. Иккинчиси эса қочқинда, уни қидириш давом этмоқда", - деди ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров.
Унинг тушунтиришича, бу воқеа Жанубий Кореяда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ва маҳаллий ОАВнинг эътиборига тушган.
“Қозоғистон фуқароларининг бундай хатти-ҳаракати уларнинг ушбу мамлакатдаги имиджи ва мавқеига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, келажакда фуқароларимизнинг Жанубий Кореяга кириш тартибига таъсир қилиши мумкин”, — дея огоҳлантирди у.