АсосийDunyo

Петербургдаги портлашда гумонланган аёл қўлга олинди. У Ўзбекистонга учиб кетмоқчи бўлган

'Петербургдаги портлашда гумонланган аёл қўлга олинди. У Ўзбекистонга учиб кетмоқчи бўлган'ning rasmi

Санкт-Петербургдаги кафеда «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлимига сабаб бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилинган 26 ёшли Даря Трепова қўлга олинди. Россия ИИВ томонидан эълон қилинган видеода у Татарский билан учрашувга ҳайкалча олиб келганини тан олади. Тахминга кўра, унда портловчи моддалар бўлган.

«Санкт-Петербургдаги кафеда содир бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, РТҚ ходимлари тезкор хизматлар билан биргаликда Даря Треповани қўлга олди. У билан зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят сабаблари аниқланмоқда», деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси (РТҚ).

Ички ишлар вазирлиги аниқлик киритишича, Трепова ижарага олинган квартирада ушланган. Маҳаллий ОАВга кўра, у Ўзбекистонга чиқиб кетишни режалаштириб, чипта сотиб олган.

Шунингдек, идора қиз кафега ҳайкалча олиб келгани тасвирланган видеони ҳам тақдим этди. Ундан бу ҳайкалчани ким берганини сўрашганда, у кейинроқ айтаман деб жавоб қайтаради.

Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) кафедаги портлашни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолади. Қўмита маълумотларига кўра, «Украина махсус хизматлари томонидан Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди билан ҳамкорлик қилган шахслардан агентларни жалб қилган. Ҳибсга олинган Трепова уларнинг фаол тарафдори бўлган».

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам воқеани теракт деб атади. Песковнинг сўзларига кўра, бу Киев томонидан ташкил этилган бўлиши мумкин. «Киев режими террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва, эҳтимол, 2014 йилдан бери кўплаб бошқа одамлар каби Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши ортида тургандир – шунинг учун ҳам «махсус операция» ўтказилмоқда», деди у.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк бир кун аввал Санкт-Петербургдаги портлашда Киевнинг алоқаси борлигини рад этиб, буни «ички терроризм» деб атаганди.

Ўз навбатида, Алексей Навалнийнинг шериги Иван Жданов Россия расмийларининг теракт ва Навалний тузилмаларининг бунга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларини «кутилган гаплар» деб атади.

«Табиийки, биз бу билан шуғулланмаймиз», деб ёзди Жданов ўз телеграм-каналида. «Улар узоқ вақтдан бери терроризмни бизга тўнкамоқчи бўлишяпти. Ва яқин келажакда Навалний устидан суд бўлади. Албатта, улар Навалнийга максимал узоқ муддат беришни режалаштирмоқда ва терроризм айблови бунинг учун жуда қулайдир».

«Ижодий оқшом»даги портлаш

Татарский (ҳақиқий исми Максим Фомин) якшанба куни кечқурун ўзининг «ижодий кечаси» ўтказилган Санкт-Петербургдаги Street Food Bar № 1 кафесида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўзини Анастасия деб таништирган меҳмонлардан бири Татарскийга ҳайкалча совға қилганидан кўп ўтмай портлаш содир бўлган.

ОАВ маълумотларига кўра, «портловчи моддалар солинган» ҳайкалчани айнан Даря Трепова «ҳарбий мухбир»га топширган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

3 апрел куни эрталаб Ички ишлар вазирлигининг қидирув маълумотлар базасида Татарскийнинг ўлимига алоқадорлиги сабабли исми кўрсатилган 26 ёшли Даря Трепова ҳақида маълумот пайдо бўлди.

    Бошқа янгиликлар