«Фантазия»
Товуқ гўштидан қатлама сомса
Зарур масаллиқлар (8 кишилик): 1 та тайёр қатлама хамир, 200 гр. товуқ гўшти (суяксиз), 1 бош пиёз, 2 бўлак саримсоқпиёз, бир боғ петрушка ва шивит, тухум, седана, туз, мурч.
Тайёрланиши: 1. Товуқни гўштқиймалагичдан ўтказинг. Саримсоқпиёз, пиёз ва кўкатларни майдалаб тўғранг-да, товуқ гўштига қўшинг. Туз намагини созлаб, 15 дақиқа музлаткичда қўйинг.
2. Қатлама хамирни ўртача қалинликда ёйиб, бўлакларга ажратинг. Сўнгра ҳар бир хамир бўлаги ичига 1-2 ош қошиқ қиймадан солиб, четларини тугинг.
3. Сомса юзасига аталанган тухум суртиб, седана уруғидан сепинг. Сўнг қиздирилган газ печида 30-35 дақиқа давомида пиширасиз.
Тайёрланиш вақти: 40 дақиқа.
Бодом+лимон
Бетакрор микс!
Зарур масаллиқлар (8 кишилик): 1 стакан ун, 120 гр қанд упаси, 100 граммдан бодом мағзи ва сариёғ (ёки маргарин), 1 дона тухум, 1 та лимон қобиғи қириндиси ва шарбати, туз; безак учун: 1 дона тухум оқи, 100 гр. бодом мағзи.
Тайёрланиши: 1. Миксер ёрдамида сариёғни қанд упаси билан кўпиртиринг. Алоҳида идишда эса тухумни аталаб олинг. Сўнгра сариёғли аралашмага қўшинг. Ун, майдаланган бодом ва туз солиб, юмшоқ хамир тайёрланг.
2. Хамирни узунчоқ шаклга келтириб, целлофанга ўранг-да, ярим соат музлаткичда қўйинг.
3. Бироз қотган хамирни халқа шаклида кесиб, газ печи патнисига теринг. Ҳар бирининг устига кўпиртирилган тухум оқини суртиб, бодом мағзидан сепиб чиқинг. Печеньелар қиздирилган газ печида 15-20 дақиқа давомида тайёр бўлади. Пишганидан сўнг ликопчага териб, дастурхонга тортиқ қилишингиз мумкин.
Тайёрланиш вақти: 30 дақиқа.
Балиқли қопчалар
Антиқа газак тайёрлаймиз!
Зарур масаллиқлар (6 кишилик): хамирига: 300 мл. сув, 2,5 стакан сут, 1,5 стакан ун, 50 гр. сариёғ, 3 дона тухум, 1 чой қошиқ шакар, ярим чой қошиқ туз, 5-6 ош қошиқ ўсимлик ёғи, безак учун кўкпиёз; ичига солишга: 500 гр. балиқ гўшти (суяксиз), 300 мл. сут, 50 гр. сариёғ, 2 та тузланган бодринг, бир бош пиёз, 1,5 ош қошиқ ун, 1 та дафна барги, ярим боғ шивит, туз.
Тайёрланиши: 1. Дафна барги ва туз солинган идишга балиқ гўштини жойлаб, устидан 300 мл. сув қуйинг-да, оловга қўйинг. Қайнаб чиққандан сўнг 10-15 дақиқа ўтгач, оловни ўчириб, балиқни қайласидан ажратиб олинг.
2. Қиздирилган сариёғда унни қовуринг. Сўнгра сут қўшинг. Қайлага балиқ қайнатилган шўрвадан 200 мл. ва туз солиб, 10-15 дақиқа қайнатинг.
3. Қайлани оловдан олгач, сомонча шаклида тўғралган бодринг, балиқ гўшти ва шивит кўкати солиб, аралаштиринг.
4. Аталанган тухум, сут, ун, шакар, туз ва сариёғни аралаштириб, қуймоқ тайёрланг. Сўнг сариёғ суртилган товада ўртача қалинликда қуймоқ пишириб олинг.
5. Қуймоқнинг қизарган тарафини ичкарига қаратиб, 1-2 ош қошиқдан начинка солинг-да, суратда кўрсатилганидек ўранг. Кўкпиёз ёрдамида қопча оғзини мустаҳкамлаш мумкин.
Тайёрланиш вақти: 45 дақиқа.