АсосийJamiyat

Кушербаев "Activist"га "кўпиртирилган" айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрда

'Кушербаев "Activist"га "кўпиртирилган" айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрда'ning rasmi

Кушербаев "Activist"га "кўпиртирилган" айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрда. У Хожиакбар Носировни қамалиши билан боғлиқ ҳолатга муносбатини "Диний адоватми ёки шахсий адоватми?" деб номлади.

"Activist лойиҳаси асосчиси Хожиакбар Носиров мен кузатиб борадиган кам сонли блогерлардан бири.  

Кеча унинг 15 суткага қамалганини эшитиб, бу воқеага доир барча хабар ва муносабатларни кузатдим. Ва блогерга "кўпиртирилган" айб қўйиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрга келдим", - дейди жамаочилик фаоли.

Расул Кушербаев фикрларини асослантиручи бешта фактни келтиради.

"Биринчидан, блогернинг йогуртлар бўйича билдирган фикри, яъни йогуртлар таркибида кармин моддаси бор йўқлигига ойдинлик киритилмаган. Агар у айтган йогуртлар таркибида шундай модда бўлиб, бу ислом динига эътиқод қилувчилар учун истеъмолда мумкин эмас бўлса, блогер ҳақиқатни айтган бўлиб чиқади.  

Иккинчидан, бирор бир маҳсулот таркибида мусулмонлар учун ҳалол ёки ҳаром модда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берганлик, гапирганлик қачондан бери диний адоватни уйғотадиган бўлиб қолди? Қатор колбаса ва бошқа озиқ овқатлар ҳақида ҳалол сўзини ишлатиб реклама тарқатганлар унда нима учун шу вақтгача жавобгар бўлишмаган?

Учинчидан, блогернинг айнан қайси гап ёки ҳаракати жамиятда диний адоват уйғотгани тегишли мутахассис ва экспертлар томонидан тасдиқландими? Бунга ойдинлик киритилмаган.

Тўртинчидан, блогернинг йогурт ҳақидаги фикри ишлаб чиқарувчига зарар етказган, деб ҳисоблаган тақдирда компаниялар блогерни судга бериши мумкин. Бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бир томоннинг ёнини олиб аралашиши керакмас.

Бешинчидан, "ИИБ ходимига бўйсунмаслик", деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган айрим орсизларнинг "дежурный статьяси"га айланиб қолгани учун, бу модда "страховка" учун қўйилган, деган фикр туғилмоқда. Агар диний адоват моддаси синса, ушбу модда захирада турсин учун.

Юқоридагиларга кўра, Activist лойиҳаси асосчисига берилган жазода диний адоватдан кўра кўпроқ шахсий адоват борга ўхшайди",  - дейди Кушербаев.

Айни пайтда Канадада яшовчи ватандошимиз, блогер Фарҳод Файзуллаев нормал давлатларда ҳокимият ҳар нарсага бурнини суқавермаслигини, йогуртни ҳалолмас деб чиқса, ўша йогурт ишлаб чиқарувчи блогерни судга беришини қайд этади. 

 "Суд ишни ўрганиб, жарима белгилаши мумкин. Аммо ҳеч қачон, ҳеч қачон бундай ишларда қамоқ жазоси қўлланилмайди.

Ëки яна “суҳбат учун” опкириб кетиш ҳам мумкин. Бир кун одамдан дарак бўлмайди, телефониниям олиб қўйишади, уйига ҳам хабар беришмайди. Уйдагилари юрагини ҳовучлаб, нима қилишини билмай, инфаркт бўлай деб ўтиради.

Одамга ўхшаб, тергов бўлса, олдиндан чақириб, уйдагиларига айтиб қўйишга имконият бериб, тергов давомида вақти-вақти билан яқинларига хабар бериб туришга имконият яратишсаям бўларди. Лекин унда мақсад — қўрқитиш — амалга ошмай қолади-да", - дейди у.

Эслатиб ўтамиз: Кеча Хожиакбар Носиров бўйича суд қарори эълон қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар