1

Бола тилидаги ёриқлар: хавотирга асос борми?

САЛОМАТЛИК 05.10.2016, 14:04
Теглар: Саломатлик, Бола
Бола тилидаги ёриқлар: хавотирга асос борми?

Уч ёшли фарзандимнинг тили ўйилиб қоляпти. Шифокорга мурожаат қилсам «Болангизда географик тил ёриқлари касаллиги, бунинг хавотирли ери йўқ, ўтиб кетади» деган жавобни олдим. Айтингчи, чиндан ҳам бу қўрқинчли эмасми?

Анора 26 ёш, Қашқадарё вилояти.

Саволга профессор Олтиной КОМИЛОВА ойдинлик киритади.

«ГЕОГРАФИК ТИЛ» НИМА ЎЗИ?

Географик тил ёриқлари тилнинг шиллиқ қавати яллиғланиши билан кечадиган ҳолат бўлиб, илмий тилда десковматик глоссит деб юритилади. Тилдаги ёриқлар жуғрофия харитаси кўринишига ўхшаш бўлгани учун ҳам уни шундай номлашган. Десковматик глоссит асосан тил ва тилнинг ён деворларида юзага келади ва дунё аҳолисининг 3 фоизидагина учрайди.

КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ

Замонавий тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, шу кунгача десковматик глосситнинг сабаблари тўлиқ  аниқланмаган. Шифокорларнинг кузатувларига кўра, у бир қанча омиллар туфайли ривожланиши мумкин. Асосан тил толалари озиқланишининг бузилиши, ошқозон-ичак тизими (буйрак, буйракости бези, жигар, талоқ аъзолари) фаолиятининг ўзгариши билан кечувчи хасталикларга алоқадор эканлиги маълум. Болаларда эса асосан тиш чиқиши дескваматив глоссит билан кечади. Шунингдек, ҳайз олди жараёнларини бошдан кечираётган ўсмир қизларда ҳам организмнинг гормонал ўзгаришларга жавоб реакцияси сифатида номоён бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда географик тил ёрилишига авитаминоз, камқонлик, эндокрин тизим фаолиятининг бузилиши, инфекцион хасталиклар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари хасталикнинг ирсий мойиллик сабаб юзага келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

БЕЛГИ БЕРАДИМИ?

Одатда болажонлар тилидаги доғлар ва ёриқлардан шикоят қилишмайди. Камдан-кам ҳоллардагина оғиз бўшлиғида нохушлик, қичишиш, санчиқлар, ачишиш, тил сезувчанлигининг ўзгариши кузатилиши мумкин. Агар бола егулик тановул қилиш вақти оғриқ ёки ачишишдан шикоят қилса, шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади. Чунки айнан шу белгилар кандидоз, стоматит, псориаз аломатлари бўлиши ҳам мумкин.

ДАВОЛАШ ШАРТ (МИ?)

Географик тил ёрилиши бирор ички хасталикнинг аломати, ёки тил тузилишининг ўзига хослиги туфайли юзага келгани боис алоҳида даво чораларини қўллаш шарт эмас. Уни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаб, даво чоралари кўрилса, тилдаги доғлар ва ёриқлар ўз-ўзидан йўқолади. Фақат яллиғланиш хавфи ортгандагина шифокор индивидуал даво чорасини тайинлаши мумкин. Инсоннинг наслий ўзига хослиги бўлганда эса хасталикни даволашда самарага эришиш қийин. Шунингдек, ота-оналардан боланинг оғиз бўшлиғи гигиенасига ҳам етарлича эътибор қаратишлари талаб этилади.

ЕГУЛИКДА ЧЕКЛОВ БОРМИ?

Хасталик аломатлари номоён бўлганда тил яллиғланиши ва ёрилиши зўрайиб кетмаслиги учун гўдак таомномасидан қаттиқ нон, аччиқ, шўр, жуда иссиқ ва жуда совуқ егуликларни чеклаб турган маъқул.

УЙ ШАРОИТИДА КЎРИЛАДИГАН ЧОРАЛАР

Агар оғиз бўшлиғи сувсизланиб, қурий бошласа овқатдан кейин ва уйқудан аввал мойчечак, мармарак ёки қизилпойча (зверобой) ўсимликларининг биридан тайёрланган илиқ дамлама билан оғиз бўшлиғини чайиш тавсия этилади. Бундан ташқари янги дамланган кўк чой оғриқни қолдириш ва яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига эга бўлганлиги учун вақти-вақти билан оғизни чайиш ҳам фойдалидир.    

Саодат тайёрлади.

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1