Қайд этиш лозимки, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 31-моддасида бешта муҳим қоидалар белгилаб қўйилмоқда:
биринчидан, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда;
иккинчидан, ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эгалиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши қайд этилмоқда;
учинчидан, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига кафолатланмоқда;
тўртинчидан, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги кафолатланмоқда;
бешинчидан, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмаслиги, уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши, уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши алоҳида қайд этилмоқда.
Биринчи қоидада келтирилган шахсий ва оилавий сирлар деганда, нафақат индивидуал характерга эга бўлган ҳаёт соҳасини, балки феъл атвор ва одатлар, ҳаётий воқеалар, қарашлар, учрашувлар, интилишлар, мойилликлар, жисмоний нуқсонлар, муддати ўтган судланганлик, руҳий ва бошқа касалликлар назарда тутилади. Шахсий сирлар - бу инсон ҳаётидаги воқеалар, фактлар, тақдир шароитлари тўғрисидаги ҳар қандай инсоннинг ўзи очиқлашни хохламаётган ва бу маьлумотлар бошқаларга маълум бўлмаслигидир. Унинг шахсий сир эканлиги ўша шахс томонидан очиқланиши мумкин эмаслигини эътироф этишдир.Оилавий сирлар шахсий сирлардан шуниси билан фарқ қиладики, у бир неча оила аьзоларига тегишли бўлади. Оилавий сирлар оиланинг аъзоларига тааллуқли бўлиши мумкин. Бунда сир оиланинг барча аъзолари томонидан ҳам эмас, балки бир-икки аьзоси томонидан ҳам конфиденциал деб топилиши мумкин. Оилавий сирларда маълумотлар оиланинг барча аъзоларини ёҳуд баъзи бирларига алоқадор ҳам бўлиши мумкин.
Иккинчи ва учинчи қоидада келтирилган жамиятда ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқ сирасига киради. Ёзишмалар, телефон сўзлашувлари, телеграф ва шахсий ёзишмалар, маълумотлар шахсий сир деб баҳоланиши учун инсон ўзи уни сир сифатида сақланиши учун ғамхўрлик қилиши, ҳимоялаши лозим. “Алоқа тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида шу ҳақда алоҳида норма киритилган. Ваҳоланки, инсон бундай маьлумотларни хоҳишига кўра очиқланишига ҳаракат қилса, у шахсий сир мақомини йўқотади. Шахсий ва оилавий сирлар давлат томонидан муҳофазаланиши ва бундай муҳофаза давлат сиридан кам бўлмаган даражада бўлиши лозим.
Эндиликда терговчи, суриштирувчи ва прокурор томонидан тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувини эшитиш заруратини судга асослантириши зарур бўлади. Қачон суд рухсат берсагина унинг телефон сўзлашувлари эшитилиши, уй-жойи тинтув қилиниши мумкин. Чунки суд прокурорга нисбатан жиноят иши юзасидан ҳеч бир идоравий ёки бошқа манфаатга эга эмас, у бетарафдир. 2019 йилда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган шахслар ушбу маълумот эгасининг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт.
Тўртинчи ва бешинчи қоидаларда келтирилган ҳуқуқ уй-жойнинг мулкдори ва ундан фойдаланувчиларнинг розилигисиз бирор-бир шахс уй-жойга киришга, жараёнларни кузатишга, фото ва видео тасвирга олишга ҳақли эмаслигини англатади. Дахлсизлик кафолатлари нафақат уй-жойнинг ўзига, балки унинг ичида жойлашган барча объектлар ва ҳужжатларга, шунингдек унда сақланадиган барча маълумотларга нисбатан ҳам қўлланилади. Турар жой дахлсизлигига оид нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (45-модда), Жиноят кодексларида (142-модда) ўз ифодасини топган. Мазкур қоидалар Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатлар конституцияларида мавжуд.
Янги таҳрирдаги Конституцияда бундай мазмундаги нормаларнинг белгиланиши инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади.
Шерзод Зулфиқоров,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлги университети профессори






