АсосийJamiyat

Халқ депутатларига ҳокимларни назорат қилиши ваколати берилмоқда

'Халқ депутатларига ҳокимларни назорат қилиши ваколати берилмоқда'ning rasmi

Халқ депутатлари Кенгашларининг ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш давлат бошқарувига оид ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир. Шу мақсадда мамлакатимизда кенг кўламли маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 120-моддасида “Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органларидир”, деган норма орқали ушбу органнинг мақоми белгиланмоқда. Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Ушбу янгилик асосида халқ депутатлари Кенгаши раҳбари алоҳида бўлиши ҳамдаҳокимнинг Кенгашларнинг раҳбари бўла олмаслиги тўғрисида алоҳида қоида белгиланмоқда. Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши Кенгашларнинг демократик табиатини ифода этади. 

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 122, 123- моддаларида халқ депутатлари Кенгашларининг ҳамда вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари алоҳида-алоҳида белгиланмоқда. Ушбу норма асосида маҳаллий даражада вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият функциялари ажратилади. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилиши ҳақидаги қоиданинг чиқарилиши, уларнинг Кенгашлар олдида масъулиятини оширишга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгаш ва депутатлар назоратини кучайтириш учун хизмат қилади. Ҳокимларнинг масъулиятининг оширилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнингмантиқий давоми бўлиб хизмат қилади.

Кейинги йилларда маҳаллий давлат ҳокимиятини такомиллаштириш ва жойларда ҳокимият тармоқлари бўлиниш тамойилини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. 2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган Маъмурий ислоҳотлар концепциясида маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш, алоҳида вазифа сифатида белгилаб қўйилди ҳамда ушбу йўналишда бир қатор вазифалар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятлари, халқ депутатлари Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулияти оширилди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармонида ҳам маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўриш белгилаб берилиб, ушбу ўзгаришларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Эътибор қаратиш зарурки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил этиш, шошма-шошарликка йўл қўймаслик мақсадида ҳам аниқ бир нормалар белгиланмоқда. Шунга мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар қуйидаги муддатларда амалга оширилади. Хусусан, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича; туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Шундай қилиб, бир шахс бир вақтнинг ўзига ҳам ҳоким, ҳам маҳаллий Кенгаш раиси бўлмаслиги ҳақидаги нормаларнинг белгиланиши маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки кучайтиради, жойлардаги маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти кенгайтиради. 

Шу билан бирга, халқ депутатлари Кенгаши ваколатларининг кенгайиши самарали депутатлик назоратининг амалга оширилиши учун зарур шароит яратади. Халқ депутатлари Кенгаши депутатлари олида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширади. Ушбу ўзгаришлар келгусида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Хайитов Хушвақт Сапарбаевич,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, 

юридик фанлар доктори, профессор

 

 

    Бошқа янгиликлар