Ўзбекистон делегациясининг Швейтцарияга расмий ташрифи доирасида Судоче кўли халқаро аҳамиятга эга бўлган Рамсар сув-ботқоқ ерлар рўйхатига киритилди.
Тегишли сертификатга асосан, сув қушларининг яшаш муҳити сифатида халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлари тўғрисидаги конвенция Бош котиби М.Мумба томонидан Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимовга топширди.
Таъкидлаш керакки, Судоче кўли Ўзбекистоннинг Рамсар конвенциясига киритилган 4-обекти бўлди. Бунга қадар Денгизкўл 2001 йилда, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йилда ва Тўдакўл ҳамда Қуймазор сув омборлари 2020 йилда Рамсар рўйхатидан жой олган.
“Сув қушларининг кўчманчи турларини сақлашда сув-ботқоқ ерларининг аҳамияти катта, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Бу ҳудудлар карбонат ангидридни ўзига сингдириб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатади, шунингдек, экологик туризмни ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга”.
Ўз навбатида Рамсар конвенцияси Бош котиби Ўзбекистоннинг Рамсар объектларини сақлаш бўйича Стратегияни ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, Судоче кўлида 24 турдаги балиқ, 230 турдаги қуш (118 та гидрофил тур) бўлиб, шундан 24 тури Халқаро Қизил китобга (12 тур) ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Шунингдек, кўлда 30 турдаги сутемизувчилар ҳам бор (шундан 2 тури Ўзбекистон Қизил китобига ва 3 тури Халқаро Қизил китобига киритилган).
Судоче кўли баҳор-куз даврида сув қушларининг оммавий концентрацияси жойи сифатида жуда муҳим рол ўйнайди. Сув ҳавзасида баҳорги миграция даврида қушлар сони 100 мингдан ошади.






