АсосийSUG'DIYONA

Кайфият сири — рангларда экан!

Ранглар терапияси стрессни қувиб солишда катта ёрдам беради. Фақат уларнинг тилини тушуниб олсангиз бўлгани!

Сариқ ранг қувноқлик ва қувонч бағишлайди

Қувноқ, фаол инсонлар одатда шу рангни танлашади. Сариқ ранг маълумотни тез ўзлаштириб олишда ёрдам беради, ақлни чархлайди.

Маслаҳат. Ўта тортинчоқмисиз? Атрофингизда сариқ рангли буюмларни кўпайтиринг: ручка, соябон, компьютер сичқончаси… Улар ўзингизга бўлган ишончни оширишда ёрдам беради.

Пушти ранг аёллик назокати беради

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, пушти ранг депрессия ва стрессдан қутулиш ва муаммолар ҳақида унутишда ёрдам беради. Бироқ бу рангни жуда эҳтиёткорлик билан қўллаган маъқул.

Маслаҳат. Ҳимоясиз ва кучсиз кўринишни истасангиз, пушти рангли кийим кийинг. Хизмат юзасидан учрашувларга эса бу рангда кийиниш умуман тавсия этилмайди.

Кўк ранг шинамлик ҳиссини беради

Айтишларича, кўк ранг диққатни жамлаш ва мулоҳазага мойилликни оширишда ёрдам беради. Айнан шунинг учун дизайнерлар мактаб синфхоналари ва уйда ўсмирлар хонасини мовий ранга бўяшни тавсия этишади. Дарвоқе, кўк ранг фикрлаш жараёнини кучайтиради, депрессиядан қутулишда самарали ёрдам беради. Бу ранг руҳий изтиробни баратараф этишда фойдали.

Маслаҳат. Бу ранг жуда кўпайиб кетса, чарчоқ ва депрессия чақиради.

Бинафшаранг интуицияни кучайтиради

Бу ранг қизил ва мовийни ўзида мужассамлаштиргани эвазига инсонга ишонч бағишлайди. Агар бирор муҳим учрашувга бораётиб, гардеробингизни шу рангдаги аксессуарлар билан мукаммаллаштирсангиз, ҳамманинг эътибори сизда бўлиши кафолатланади. Бинафшаранг инсонларни ўзига тортади ва ҳатто уларни мафтун қилади.

Маслаҳат. Шамоллашга мойилмисиз? Қишда бинафшаранг шарф ўраб юринг. Шу тразда иммунитетингизни қувватлаб турасиз.

Қизил ранг сиқилиш ва журъатсизликдан халос этади!

Бу ранг оптимистик таъсир кучига эга. У қувват ва ғайрат бағишлаб, ҳаракатга ундайди. Агар ўзингизда лоҳаслик ҳис қилсангиз, бажаришингиз шарт бўлган ишни қилишга хафсалангиз бўлмаса, столингизга қизил рангли буюм қўйинг. Ва вақти-вақти билан унга қараб, қувват олиб туринг.

Маслаҳат. Атрофингизда қизил ранг жуда кўп ҳам бўлмасин. Бу агрессия, жиззакиликни чақиради ва диққатни жамлашга халақит беради.

Яшил ранг тинчлантиради ва туйғуларни совутади

Руҳшунослар фикрича, яшил ранг қарор қабул қилиш белгиси саналади. Агар нимагадир иккилансангиз, кўзларингизни юминг ва ям-яшил, қалин ўтлоқли далани кўз олдингизга келтиринг. Бор эътиборингизни шу манзарага жамланг. Бу фикрларни тартибга келтиради ва бир қарорга келишни осонлаштиради.

Маслаҳат. Яшил ранг клаустрофобия, яъни ёпиқ макондан қўрқишда ёрдам беради. Бу ранг деворларни «суриб», хонани «катталаштириш» кучига эга.

Тўқ сариқ ранг ўзингизга бўлган ишончни орттиради

Агар ҳозир ҳаётингизда мурккаб даврни бошдан кечираётган бўлсангиз, тўқ сариқ ранг ёрдам беради. У олдинга интилиш ва умидсизликка тушмасликка туртки беради. Турли фобиялари бўлганларга ҳам тўқ сариқ рангли кийим кийиш ёки шу рангдаги аксессуарларни тақиб юриш тавсия этилади. Натижада мияга ўрнаши қолган қўрқувни енгиш мумкин.

Маслаҳат. Тўқ сариқ ранг иштаҳани қитиқлайди. Семирмоқчимисиз? Мандарин рангидаги идиш сотиб олинг. Ҳам вазн орттирасиз, ҳам эрталабдан яхши кайфиятда бўласиз.

    Бошқа янгиликлар