АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 7,8 фоизни ташкил қилди

Жорий йил 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни, саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади. 

Бу ҳақда 13 октябр куни Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлисида қайд этилди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев олиб борди. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича дастурий чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Замин заҳматкашларининг фидокорона меҳнати ва миришкорлиги туфайли, мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бой ҳосили етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,4 фоизга ўсиши таъминланди. 

Аҳолининг даромадлари, турмуш даражаси ва сифатини узлуксиз ошириш йўналиши давом эттирилди. Ўтган 9 ойда ўртача ойлик иш ҳақи 12,6 фоизга ошган, жорий йил 1 октябрдан эса бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар яна 15 фоизга оширилди. Янги қишлоқ массивларида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингтадан ортиқ шинам ва қулай шахсий уй-жой фойдаланишга топширилди.

Бошқа янгиликлар