Ҳар йилги меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш бугунги кундаги жиддий мунозараларга сабаб бўлмоқда. Маълумки, 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда - МК) 217-моддасида ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этиши, 221-моддасида эса ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилиши, шунингдек ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмаслиги белгиланган. Ушбу нормалардан аниқ кўриниб турибдики, ҳар йилги меҳнат таътили даврига календарь кунларда ҳисобланган вақт киради. Ушбу қоидани бошқача талқин қилишнинг имкони йўқ.
Таътил кунлари учун ҳақ тўлаш масаласига келсак, МКнинг 233-моддасида ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланиши кўрсатилган. Мазкур нормадаги “ходимнинг таътилда бўлган вақти” деганда эса календарь кунларда ҳисобланган таътил даврини назарда тутиш керак.
Мазкур фикрни қуйидагича асослаймиз:
Биринчидан, 1995 йилда қабул қилинган ва ҳозирда ўз кучини йўқотган Меҳнат кодексининг 148-моддасида йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланиши белгиланган эди.
Иккинчидан, эски МКнинг 139-моддасида эса, таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилиши ҳамда таътил даврига тўғри келиб қолган ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмаслиги аниқ кўрсатилган эди. Аслини олганда, эски МКнинг 139-моддаси билан янги МКнинг 233-моддаси нормаси деярли бир хил.
Таъкидлаш керак, илгари ушбу нормаларни қўллашда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Таътил иш кунларида берилгани, олти кунлик иш куни учун унга ҳақ тўлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, таътиллар олти кунлик иш кунида ҳисоблангани учун якшанба куни ҳамда ишланмайдиган байрам кунлари таътил даврига киритилмаган. Ҳатто беш кунлик иш вақти режимида ишлайдиганлар учун ҳам таътил даврида шанба кунига ҳам ҳақ тўланган.
Бундан ташқари, бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 17 мартда 2985-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 16-бандида таътил кунларини ҳисоб-китоб қилишда меҳнат таътили даврига тўғри келадиган дам олиш (якшанба), иш куни бўлмаган байрам кунлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган қўшимча ишланмайдиган кунлар ҳисобга олинмаслиги белгиланган. Мазкур Йўриқнома эски Меҳнат кодекси қоидаларини тўғри қўллаш учун ишлаб чиқилган эди. Янги МК кучга киргач эса унинг кодексга зид нормалари ўз-ўзидан аҳамиятини йўқотди. Сабаби Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.
Янги МКдаги асосий ўзгариш таътил даврида бўлмоқда. Шусабабли, МКда ҳар йилги меҳнат таътилига ҳақ фақат иш кунлари учун тўланиши белгиланмаганлигини инобатга олиб, таътилнинг ҳар бир куни (якшанба кунларини ҳам қўшиб ҳисоблаган ҳолда) учун ҳақ тўлаш тавсия этилади.
Аммо, UzASBO томонидан ушбу масалага билдирилган муносабатда таътилга ҳақ тўлашда якшанба байрам кунлари чиқариб ташланиши айтилмоқда. Бу эса, мутлақо нотўғри қоида! Чунки Меҳнат кодексида бундай норма мавжуд эмас. Агар Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиб, шундай норма жорий этилса ушбу масалани муҳокама қилишга бошқа ўрин қолмайди.
Асосий муаммо шундаки, Меҳнат кодекси 501-моддаси 6-қисмига кўра, таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига 36 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили берилади. Педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.
Юқоридаги норманинг ижросини таъминлаш мақсадида, кечикиб бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу Ҳукумат қарори билан Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари тасдиқланди. Унда ўқитувчиларга 56 календарь кун таътил берилиши белгиланган. Бундан ташқари, ушбу қарор иловасининг Изоҳ қисмида “Ушбу меъёрларда келтирилган ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун хақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди” деган қоидага кўзимиз тушади. Бундан келиб чиқадики, ВМ 263-сон қарорининг изоҳ қисми МКнинг 221 ва 233-моддасига зид бўлиб қолган.
Биринчидан, МКнинг 501-моддаси педагогларга таътил учун ҳақ тўлаш тартибини эмас, балки йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлигини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгилашни назарда тутмоқда.
Иккинчидан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмаслиги, 18-моддасида эса, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланган. ВМ 263-сон қарорида эса МКда мавжуд бўлмаган нормага изоҳ берилмоқда.
Учинчидан, ВМ қарорларининг изоҳ қисми қандай юридик кучга эга эканлиги бўйича аниқ норма мавжуд эмас. Агар Ҳукумат қарорларида назарда тутилган изоҳларни нормаларни аниқлаштиришга ва тўғри талқин қилишга йўналтирилган қисм десак, ундай ҳолда ушбу изоҳ Меҳнат кодексига мувофиқ бўлмаган талқин бўлиб қолади.
Тўртинчидан, ВМ 263-сон қарори иловасининг Изоҳ қисмида назарда тутилган қоида МКнинг асосий принципи - ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги принципига ҳам зид бўлиб қолган. Хусусан, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан ёмонлаштирмаслиги керак. Бундан келиб чиқадики, Кодекснинг 233-моддаси мазмунидан якшанба учун ҳам ҳақ тўланиши англашилса, ВМ 263-сон қароридан эса тўланмаслиги кераклиги тушунилмоқда. Демак, ВМ 263-сон қарори педагогларнинг ҳолатини МКга нисбатан ёмонлаштирмоқда.
Мазкур масалада UzASBO томонидан ҳуқуқшуносларнинг тавсиялари мутлақо нотўғри эканлиги билдирилмоқда. Гап ҳуқуқшуносларнинг тавсияси ёки муносабатида эмас, Ҳукумат қароридан юқори кучга эга бўлган Қонунда қандай норма ўрнатилганида!
Аслида Меҳнат кодексига 21 кунлик таътил киритилишига Халқаро меҳнат ташкилотининг 1970-йилда қайта кўрилган 132-сонли “Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида”ги Конвенциясини ратификация қилиш масаласи сабаб бўлган. Ушбу халқаро ҳужжатнинг 3-моддаси 3-қисмида ҳар қандай ҳолатда ишланган йил учун бериладиган таътил муддати 3 иш ҳафтасидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бундан ташқари, 6-моддаси 1-қисмида расмий байрам кунлари ва ишланмайдиган кунлар таътил даврига киритилмаслиги назарда тутилган. Агар ушбу Конвенция давлатимиз томонидан ратификация қилинса, МКнинг 221-моддасига ўзгартириш киритилиши зарур бўлади.
Шундай экан, агар Меҳнат кодексида “ҳар йилги меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмайди” деган норма ўрнатилмагунича, календарь кунларда берилган таътилнинг ҳар бир кунига, ҳатто якшанбани ҳам ҳисобга олган ҳолда, ҳақ тўлашга мажбурмиз!
Бону Рахимберганова, ҳуқуқшунос