Тадбиркорлик – бу танлаш эркинлиги, янги кўникмалар ва ўзгарган тафаккур. Ўз қўлингиз билан муваффақият эшигини очиш демакдир.
2021 йилдан буён юртимизда 20 август – Тадбиркорлар куни сифатида нишонлаб келинади. Мазкур сана муносабати билан жорий йилда ҳам Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ишбилармонлари билан навбатдаги очиқ мулоқоти ўтказилиши кутилмоқда.
Дўстона ва ишонч руҳини берувчи очиқ мулоқотдан катта натижалар кутилмоқда. У орқали тадбиркорларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал қилиш йўлларини топиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга эришиш кўзланмоқда.
Ўтган 2 йиллик давр ичида тадбирларга тайёргарлик доирасида тадбиркорлардан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича 27 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушди. Ва улар янги ислоҳотлар дастурини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятида енгилликлар яратиш имконини берди.
Юртбошимизнинг навбатдаги учинчи Очиқ мулоқотига ҳам жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 27 июль куни Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимлиги мажлислар залида Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Очиқ мулоқотни ўтказишдан мақсад тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалалар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни муҳокама қилишдан иборат.
Учрашув чоғида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва таклифларни илгари суришди. Хусусан, солиқ, кадастр, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, дори воситаларига оид масалалар бўйича вакил девони ходимлари томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Очиқ мулоқот томонида кўтарилган масалалар Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан таҳлил қилиниб, Очиқ мулоқотга киритилади.
Бизнес-омбудсман: факт ва рақамлар
2023 йил 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлар:
2023 йил январь-июнь ойларида Бизнес-омбудсманга жами 4 414 та мурожаат келиб тушган.
Бизнес-омбудсманга келиб тушган асосий масалалар:
-солиқ 18 фоиз,
-ер, кадастр, архитектура 14 фоиз,
-банк, молия ва кредит 13 фоиз,
-инфратузилма 8 фоиз,
-суд ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиши 7 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот портали орқали тадбиркорлардан 4 399 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра тадбиркорлар манфаатида судларга жами 24 млрд сўмлик 74 та даъво аризаси киритилган бўлиб, бунинг натижасида тадбиркорлар фойдасига 12,9 млрд сўм ундирилиши белгиланган.
Мурожаатларини кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 1 675 та таъсир чоралари қўлланилди. Тегишли идораларга 81 та тақдимнома киритилди.
Ўтган давр мобайнида Бизнес-омбудсман девони томонидан шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 1 474 та баённома расмийлаштирилди.






