1

Иззат ва Нилуфар Ибрагимовлар: «Севги бу – рашкка ўрин йўқлиги»

ШОУ-БИЗНЕС 19.10.2016, 12:18
Теглар: Хонанда, Шоу-бизнес, Оила, Эр-хотин
Иззат ва Нилуфар Ибрагимовлар: «Севги бу – рашкка ўрин йўқлиги»

Лойиҳамизнинг галдаги меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Иззатилла ИБРАГИМОВ ҳамда унинг рафиқаси Нилуфар ИБРАГИМОВА. Қаҳрамонларимиз билан учрашувни хонадонларида ўтказишга келишдик. Ташрифимиз чоғи бу оилада аллақандай осойишталик кайфияти борлиги диққатимизни тортди. 

–  Иззатилла ака, рафиқангиз билан муносабатларингизга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бахтли турмушингизнинг сири нимада? 

–  Аввало эр-хотин бир-бирини тўғри тушуниши, далда бўлиши, зарур вазиятларда ён босишни билиши керак. ҳамма оилада ҳам муаммолар, тушунмовчиликлар бўлиб туради. Ана шундай ҳолатларга кўз юмишни билиш ҳам оила фаровонлиги учун хизмат қилади. Иккаламизда ҳам ўзимизга яраша ютуқ ва камчиликларимиз бор. Аммо яхшисини ошириб, камчилигини яшириб яшаётганимиз учун ҳам бахтлимиз. Сиз назарда тутган сир шу, менимча. 

–  Умр йўлдошингизни қайси жиҳати учун севиб қолгансиз? Умуман, эркак ҳис-туйғулари ҳақида очиқ-ойдин гапириши шартми?

–   Келинойингизни, раҳматли онам билан у таҳсил олган Тиббиёт институтига борганимизда кўрганман. Узоқдан келаётган қизлардан Нилуфар ҳақида сўраганларида, бирлари айнан ўзи бўлиб чиққанди. Чеҳрасидаги ёқимли табассуми, одоб билан муомала қилишига мафтун бўлганман. Ҳозир ҳам орамиздан бирор  гап ўтса, табассуми билан вазиятни юмшатади. Унинг ана шу фазилатини жуда ҳурмат қиламан. Аёлимни севаман! Ва буни айтишдан уялмайман. Фикримча, эркак киши ҳис-туйғулари ҳақида гапириши шарт. 

–  Қойил, сиздан айнан шундай жавобни кутгандим. Лекин санъаткорнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Буни ўзингиз ҳам тан олсангиз керак?

–  Тўғри айтдингиз. Буни аёлим ҳам тан олади. Уни бирор марта нолиганини кўрмаганман. Санъаткор аҳли инжиқликларини атрофидагиларга, яқинларига қилади. Бизни тушуниш, кайфиятимиз ўзгаришини кўтара олиш учун сабр, ирода керак. Гоҳида бир неча кунлаб давом этадиган суратга олиш ишлари учун келинойингиз етти-саккиз хил либосларни дазмоллаб, пойабзалимгача тахт қилади. Шу кезларда қийналаётганини сезаман. Аммо буни менга кўрсатмайди. Уйга саҳарлаб меҳмон келадими ёки тунга яқинми, ҳеч қачон эътироз билдирмаган. Ҳамиша қўли кўксида кутиб олади. 

–  Бундан чиқди, экрандаги кўринишингиз рафиқангизнинг ҳиссаси экан-да?

–  100 фоиз деяверинг. (кулади) Кўча-куйда кўркам бўлиб юришим учун ташқи кўринишимни кўздан қочирмайди. 

–  Кўпчилик эркаклардан эшитамиз, «аёлим онамга ўхшасин» деб ният қилишади. 

–  Онам раҳматли қаерга борсалар, тўй-ҳашамми, йиғинми, доимо қайнойна-келин бирга юришарди. Ҳатто, бозорга тушишганида «қизингизми» дейишаркан. «Келиним» десалар, бир-бирингизга жуда ўхшаркансиз, деган ҳолатлар кўп бўлган. Нилуфарнинг ташқи кўриниши тугул, ички дунёси ҳам онамга жуда ўхшаш. Қайнона-келиннинг тупроғи бир жойдан олинади, деган ибора бизни оиламизда исботини топган. 

–  Чин маънода оиласидан ҳаловат топган инсон экансиз. Зеро эркакнинг кўча-куйда хотиржам юриши, яқинларининг бир-бири билан муносабатига ҳам боғлиқ-да.

–  Волидам раҳматли жуда оқкўнгил аёл эдилар. Ҳатто, келинлари билан ораларидан бирор гап ўтгудек бўлса ҳам ўғлим ранжимасин, ишида тинч юрсин, деб айтмасдилар. Уйга қайтганимда ҳар доимгидек самимий муҳитни кўрардим. 

–  Навбатдаги саволим балки бироз жўндир, шундай бўлса ҳам сиз учун энг чиройли ва  идеал аёл ким?

–   Идеал одамнинг ўзи йўқ. Бу таснифдаги одамни изласангиз, яккаланиб қолишингиз мумкин. Чунки ҳар биримизда камчилик бор. Бўйдоқлигимда умр йўлдошим қандай қиз бўлиши ҳақида ўз тасаввурим бўлган. Келинойингиз билан бир марта суҳбатлашгач, у айнан мени талабларимга мос қизлигини билганман. Кейинчалик биргаликдаги ҳаётимиз давомида яхши фазилатларининг бисёрлигини кўриб, танловда адашмаганимга кўп бора амин бўлганман. 

–  Агар Нилуфар опани икки оғиз сўз билан таърифланг десам, нима дердингиз?

–  Аёлимдан розиман! Мана сизга энг мақбул таъриф. Кимдир ёши бир жойга бориб қолганида ён-атрофдагиларидан рози-ризолик сўрайди. Шу пайтганча ҳам кўп айтганман ўзига, сендан розиман, деб. Хатти-ҳаракати, ота-онамга меҳри, хизмати, менга қилаётган ғамхўрлиги билан рози қилган. Бу йил турмуш қурганимизга 17 йил тўлади. Ишонсангиз, бутун умр бирга яшаётганга ўхшаймиз. Бир куни санъаткорлар даврасида шу ҳақида гапирдим. Шунда аёл ҳамкасблардан бири «Кўп ҳам гапираверманг. Кўз тегади» деди. Салдан кейин келинойингизнинг тоби қочди. Назар-нафас деган гаплар ростми дегандим, шунда.  Лекин аёлим ҳақида ҳозир ғурурланиб гапирмасам, қачон айтаман.

–   Суҳбат давомида саҳнадаги қиёфангиз билан оиладагиси бир хилмикан дея ўйлаб қолдим. Бунга нима дейсиз?

–  Саҳнадагисига яқин. Классик услубда, жиддий, кези келганида ҳазилкашман. Студиядан келиб, йўлакдаги магнитофонда тайёрланаётган қўшиғимни қўйиб эшиттираман. Мухлислар ҳукмига ҳавола этгунимча яқинларимнинг фикрига қизиқаман. Онам ҳаётли чоғи янги қўшиғимга рақсга тушиб, муҳокама қилардик. Оилавий кенгашимиздан ўтса, кейин тингловчиларга ҳавола этилади.  

–  Жиддийман, деяпсиз болалар тарбиясида ҳам шундайми? 

–  Қаттиққўллик қилинадиган вазиятларда талабчанман. Кези келса, танбеҳ беришим ҳам мумкин. Одамнинг қулоғини ортида ҳам кўзи бўлиши керак. Ҳушёр ва зийрак бўлинглар, дейман. Ҳаётда ота-она берадиган тарбиядан юксакроқ ҳеч нима бўлмайди фарзанд учун. Буни такрор ва такрор айтаман болаларимга. Отанинг асосий вазифаси ҳам зурриётларига тарбия, илм ва билим бериш.   

–  Иззатилла ака, суҳбат баҳона ижодингизга ҳам тўхталсак. Бир муддат кўринмай қолдингиз. Танаффусингизни ҳар ким ўзича изоҳлади. Асл сабабини ўзингиздан эшитсак. 

–  Бу битта менга боғлиқ эмас. Биласизми, санъаткорнинг ижодини сойга қиёслайман. Сув ўз йўлида оқиб, қаердадир иккига ажралади, секинлашади ёки кўлмакка айланиши ҳам мумкин. Соддароқ айтганда ҳар ким кўрпани ўзини тарафига тортқилаверса, ҳамжихатлик бўладими? Мувозанат бузилади. Хуллас, ижодий танаффуснинг ўзига яраша сабаблари бўлди. Мен тўғри деб билган нуқтаи назарга кўра, ижоддан пул қилиш деган тушунчам бўлмаган. Фақат тўйма-тўй юрсам, қўшиқларим хит бўлса, демаганман. Яхши қўшиқ яратсам, кимдир ундан маънавий озуқа олса дердим. 

–  Сизни оғир хасталикка чалинибди ҳам дейишганди.

–   2002 йили буқоқ касалига йўлиқдим. 2007 йилгача ўзимдан ўтганини ўзим билдим, яқинларим билишди. Даволаниб, ишлашда давом этавердим. Охийри касаллик асоратини кўрсатди. 2009 йили операция қилишди. Амалиётга киришдан аввал иккита қўшиқни ёзиб, уларга клип ҳам олиб қўйдим. Чунки кейин нима бўлиши, овозим қачон қайтишини ҳеч ким билмасди. Муолажадан 52 кун ўтиб, навбатдаги қўшиғимни ёздим. Аслида бир ой ижодингиз тўхтагани, бир йил ортда қолдингиз дегани, шоу-бизнеснинг ёзилмаган қоидаларига кўра. Лекин шуни аниқ айтоламанки, шу соҳанинг ичидаман. Балки бугун нисбатан кам кўринаётгандирман. Аммо мутлақо йўқ бўлиб кетмадим. Мухлисларимга атаган янгиликларим кўп. Насиб қилса, тез кунларда ҳавола этаман. Мен шунақа одамман, мингта имкониятдан биттаси қолса ҳам ундан фойдаламан. Осонликча таслим бўлмайман. 

–  Хўш, Иззат Ибрагимовни даври келдими, ўтиб кетдими ёки энди келадими?

–  Мен машҳурликка эришган санъаткорман ва ҳали ҳам шу даражани ушлаб турибман. Давр деган сўз эса нисбий тушунча. Бу масалада фикрлайдиган инсон машҳурлигимнинг умри қанча деган саволни ўйлаб кўриши керак. Шу саволингизни 70-80 ёшларимда берсангиз, балки бошқача жавоб берарман. ҳозир эса ижоддаман, тўхтаганим йўқ. 

–  Ўзингизга бўлган ишончингиз асло сўнмасин! Элда азизман дедингиз, илоҳим ана шу даражада қолинг. 

–  Ташаккур!

Рафиқаси – Нилуфар ИБРАГИМОВА, Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида шифокор-терапевт бўлиб, фаолият юритади. Уч фарзанднинг онаси. 

–  Нилуфар опа, рўзғор ишлари, фарзандлар, санъаткорнинг рафиқаси бўлиш – барчасига улгуриш, эплаш қийин эмасми?

–   Эр-хотин бир-бирини тушуниб яшаса, далда бўлса, ҳаммасини уддалайди. Қарс икки қўлдан чиқади, дегани шу-да. Турмуш ўртоғим билан ҳамиша  бамаслаҳат иш кўрамиз, бир-биримизнинг фикримизни тинглаймиз. Гоҳида хизмат тақозоси билан бир неча ойлаб чегара ҳудудларидаги ҳарбийлар саломатлигини текшириш учун кетаман. Уйда суянган, ишонган жуфти ҳалолим борлиги учун ҳам хотиржам вазифамни бажараман. Баъзан туни билан навбатчилик бўлади ёки тезкор сафарбарлик тайинланади. Шунақа пайтларда «нимага?» «қаерга?» деган сўроқлар бўлмаслиги қувонтиради. Аёлининг касбини тушунмайдиган эркаклар оз дейсизми?! Ишлашимга шароит яратиб берганларидан миннатдорман. Турмушимизнинг шу палласига келиб, ўзим учун кашф қилган ҳақиқатим шуки, эр-хотин бамаслаҳат ҳаёт кечирса, яшаш қийин бўлмайди. 

–   Иззатилла акани яхши билмаганлар жуда жиддий бўлса керак, дейишади. Рафиқаси сифатида нима дейсиз? 

–  Жиддийлиги ҳам бор. Лекин вазиятга мослашувчан инсон. Агар кулгу-мутойиба бўлаётган давра бўлса, дарров қўшилиб кетади. ҳаётда эса самимий, ҳазилкаш. 

–  Бирон қатъий талаби борми?

–  Ёлғон гапирмаслик, самимий ва ҳалол бўлиш. Энг асосий ва қатъий талаби шу. 

–  Сизнинг-ча, турмуш ўртоғингизнинг қайси одатини ўзгартириб бўлмайди?

–  Жаҳли тез. Бир пастда ёниб, ўчадиган одатлари бор. Менимча, буни ўзгартириб бўлмайди. Буржларига ҳам боғлиқ, ақраб-да. 

–  Кўп йил бирга ҳаёт кечирганлар бора-бора бир-бирига ўхшаб кетади, дейишади. Қўшиласизми?

–  Сўзсиз! Гоҳида битта нарса ҳақида ўйлаётганимизни баравар айтиб юборамиз. Ёки энди айтмоқчи бўлгандим-а, дейдилар. Ойижоним (қайнонаси) билан ҳам шундай бўларди. Бирор овқатни айтаман, деб чиқсалар, айнан ўйлаганларини тайёрлаётган бўлардим. 

–  Рости айтинг, мухлисаларидан ҳали ҳам қизғанасизми?

–  Йўқ, орамизда рашкка ўрин йўқ. Иззатилла акага юз фоиз ишонаман.  

–  Машҳур инсонни рафиқаси эканлигингиз қайси вазиятларда билинади?

–  Турмуш ўртоғим эл суйган санъаткор эканлигини ишда, кўча-куйда гапиришларини истамайман. Шунда ҳам беморлар ёки бошқа таниш-билишлар сўраб-суриштириб билиб олишади. «Нега бошқаларга ўхшаб, мақтанмайсиз фалончини хотиниман деб» айтишади.  

–  Сизнинг-ча, аёл киши турмушда нималарга кўз юмуши керак?

–  Ортиқча икир-чикирларга. Ҳамма нарсадан «кир» қидириб яшашдан маъно йўқ. Муаммо керакми, изласангиз баҳона топилади. Лекин нима наф?

–  Бахтингиз, турмушингизга кўз тегмасин!

–  Раҳмат!

БЛИЦ САВОЛЛАР:

–  Иззатилла аканинг ҳарактеридаги сиз қадрлайдиган УЧ хислат?

–  ҳалоллик, поклик ва тўғри сўзлиги.

–  Умр йўлдошингизни УЧ сўз билан таърифланг. 

–  Жаҳли тез, меҳрибон ва саҳий.  

–  Сизга аталган қўшиғи. Биттасини айтинг.

–  «Муҳаббатингдан»

ИЗЗАТ ИБРАГИМОВ:

–  БИРИНЧИ қизиқишингиз?

–  4 ёшимдан санъаткор бўлишимни билганман. Лекин қизиқишлар кўп бўлган. 

–  БИРИНЧИ тажриба?

–  3-синф эдим. Кичкина моторча устига ёғоч рейкадан пирпирак ясаб, орқасига батарейка қўйганман. 

–  БИРИНЧИ муҳаббатингиз?

–  Мактаб даврида бўлган, синфдош қизни ёқтирардим.

–  БИРИНЧИ қўшиғингиз?

–  1994 йил «Кўкда гўзал ой» номли қўшиқ, илк бор эфир орқали намойиш этилган. 

–  БИРИНЧИ интервью?

–  (ўйланиб) 1990-1996 йилгача «Хўжа» гуруҳида иккинчи хонанда бўлиб фаолит юритганман. Шунда «Салом, ёшлар!» кўрсатувида илк бор интервью берганмиз. Шахсан ўзим билан эса «Ўйнамайсиз» қўшиғимдан кейин бўлган.

–  Рафиқангизга БИРИНЧИ бор севги изҳор қилганингиз?

–  Тўйдан аввал, биринчи учрашувимизнинг ўзидаёқ айтганман. 

–  Тўнғич фаразндимнинг БИРИНЧИ сўзи?

–  Эслолмадим, Нилуфардан сўрайлик. 

–  Нилуфар Ибрагимова: Мадинахоннинг биринчи сўзи Опа бўлган.

–  Ҳар тонг уйқудан уйғониб бажарадиган БИРИНЧИ ишингиз?

–  ҳар тонг бугун бешта яхшилик қилишим керак, деб ният қиламан. 

–  Айни дам ёдингизга тушган БИРИНЧИ сўз? Ўйламай жавоб беринг.

–  Ишга кетишим керак! Шу хаёлимга келди. 

—  Муҳаббатни нимага қиёслайсиз?

—  Дарахтга қиёслайман. Уни шундай парваришлаш керакки, чинордек мустаҳкам бўлсин. Сиздан кейин набира, эвара-чеваралар бобо-бувим шундай яшаган деб ҳавас қилишсин.

Бу хонадондан илиқ таассуротлар билан қайтдик. Эр-хотиннинг муносабатларига ҳавасингиз  келиши рост. Кўз тегмасин! Бу каби оилалар юртимизда кўплаб бўлишини истаб қоламиз. 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Машҳур хонанда 61 ёшида вафот этди

10.12.2019, 20:06

 Таниқли швед гуруҳи — «Roxette» солисти Мари Фредрикссон 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Швеция ОАВларига асосланиб хабар берилди.Dagens Nyheter нашрининг ёзишича, хонанда узоқ йиллар давомида саратон хасталигига...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1