Ўзбекистонда айрим шахслар учун олдиндан тўловнинг камайтирилганлиги, шунингдек шартномани онлайн расмийлаштириш имконини берувчи қулай тизимнинг жорий этилиши автомобилни шахсий фойдаланиш учун эмас, балки фақат тижорат мақсадларида (қайта сотиш) сотиб олиш учун ишлатила бошланди. Шу муносабат билан UzAuto Motors компанияси огоҳлантириш билан чиқди.
"Агар бир шахс номига йилига бир хил модель учун 2 тадан ортиқ автомобиль харид қилинса, ҳар бир кейинги автомобиль «навбатнинг» охирига ўтади ҳамда автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга ошади. Кейинчалик бир киши томонидан бир нечта автомобилларни сотиб олиш амалиёти такрорланган тақдирда компания истеъмолчилар учун автомобиллар мавжудлигини таъминлаш мақсадида ушбу муддатни 270 кунгача узайтиришни кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, шу кунларда турли хил интернет реклама эълонлари хизматида (мисол учун, olx.uz) “автомобилни қайта сизнинг номингизга расмийлаштириш ваъдаси” билан тўлови амалга оширилмаган шартномаларни “сотиб олиш” таклифлари пайдо бўлди.
Эътибор беринг, шартнома «УзАвтоСавдо» тизими томонидан автоматик тарзда тузилади. Ундаги маълумотларни на харидор на дилер томонидан ўзгартиришнинг имкони йўқ. Қолаверса, автомобилни олгандан сўнг, тизим харидорнинг иштирокида давлат рақамини рўйхатдан ўтказиш учун Йўл-ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига (ЙҲХДХ) электрон ҳисоб-фактурани юборади.
Сиздан эҳтиёт бўлишингизни ва шартномаларни "сотиб олиш" бўйича шубҳали таклифларга рози бўлмаслигингизни сўраймиз", - дейилади хабарда.






