1

“У қўшиқлари орқали бутун дунёга Ўзбекистон ҳақида жар соларди”

ЖАМИЯТ 07.09.2023, 23:53
“У қўшиқлари орқали бутун дунёга Ўзбекистон ҳақида жар соларди”

Ўткир Ҳошимов айтганидек, инсон шу қадар буюкки, унинг фазилатларини ўлчаш-дунёдаги энг баланд тоғнинг энг баланд чўққисига эмаклаб чиқиш заҳмати билан тенг. Бу курраи замин, бу ёруғ жаҳон ана шундай инсонларни қанчасини кўрмади. Лекин уларнинг ҳаммасига ҳам ўзгалар кўнглидан жой топа олиш бахти насиб қилдими? Йўқ, албатта.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Ўзбек санъатининг чинакам феноменига айланган ҳофиз Шерали Жўраев ана шундай бахтга муяссар бўлган кам сонли инсонлардан бўлди. 4 сентябр куни ўзбек санъатининг бир устуни қулади, Шерали Жўраев 77 ёшида оламдан ўтди. Унинг ўлими минглар эмас, миллионларнинг кўзига ёш қалқитган бўлса ажаб эмас.

Darakchi.uz марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг яқинлари, дўстлари, мухлислари билан суҳбатлашди. Уларнинг кўнгил кечинмаларини эшитди.

Озодбек Назербеков, маданият вазири:

– У нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамиздаги энг забардаст санъаткор сифатида эътироф этилган. Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига ҳаётини бахшида этган ҳофизнинг фавқулодда ноёб овози, ижро этган ҳар бир қўшиғи ҳар бир хонадонга, ҳар бир юракка кириб борган, қалбларни забт этган эди.

Санъаткоримизнинг ўзбек тили ва адабиёти, санъатига бўлган меҳри ва садоқати ҳар бир ижросида зоҳир эди. Афсус, бу табаррук зот, устоз-санъаткор бугун орамизда йўқ. Лекин, ҳақиқий санъат фидойисининг порлоқ хотираси қалбларда мангу яшайди. Ҳофизимиз ижро этган қўшиқлар энди унинг шогирдлари, фарзандлари томонидан давом эттирилади...

Демакки, салкам 80 йиллик умр бесамар кетмади, ортида ёрқин из қолди.

Отабек Умаров, Осиё Олимпия Кенгаши вице президенти, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари:

Мовороуннаҳр ва буюк Туроннинг буюк ҳофизи, Ўзбек миллатининг бетакрор санъат дарғаси, халқимизнинг суюкли хонандаси, дилбар шахс – Шерали Жўраев Ҳаққа қовушди. Шерали Жўраев халқимиз ёдида унитилмас хотира бўлиб, қалбида энг муқаддас куй бўлиб яшаб қолади. 

Элнинг буюк ва суюк санъаткори, Шерали Жўраевнинг оила аъзоларига, қавми-қариндошлари ва яқинларига Аллоҳдан сабр тилаймиз.

Василий Шимко, Словакиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули:

Биласизми, Шерали Жўраев ўзбек санъатининг афсоналаридан бири. У қўшиқлари орқали бутун дунёга Ўзбекистон ҳақида жар соларди. Тонгда бу хабарни эшитганимда катта йўқотиш сифатида қабул қилдим. Балки ҳозирги ёш авлоддан улар каби инсонлар етишиб чиқар, лекин бир нарса аниқки, бундай истедодлар камдан кам дунёга келади. Лекин й ўзидан муносиб издошлар қолдирди деб ўйлайман.

Леонид Якубович, Россиялик телебошловчи, актёр, ссенарийнавис, телепродюсер:

Мен бу инсонни яхши танир эдим. Мен у билан кўришганман. Лекин бугунги ҳолат ҳақида гапириш жуда қийин. Ҳар бир одам ўзидан сўнг қолдирадиган из бўлади, бу вақтинчалик из ёки абадий из бўлиши мумкин. Бу инсон қилган ишлари эса анча хотирланади. У сўзсиз истеъдодли эди. У билан фахрланса арзийди

Ашурали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

Шерали Жўраев қўшиқ оламига тоғнинг қоясидай кириб келди. У бизни ҳамиша қалбимизни кўтариб юришга, қаддимизни тик тутишга ва мард халқ бўлишга ундади. Бу қўшиқлар катта бир авлодни тарбиялади. У қўшиқчилик оламида, ўзбек санъати саҳифаларида ўзининг мактабини яратиб кетди. Бу мактаб ҳали кўплаб бизни авлодларимизни ҳайрат ва ҳаяжонга солади

Рустам Жабборов, жоурналист:

Кўпчилик Шерали акани бироз такаббур, калондимоғ деб ўйларди. Асида шерали акадек камтарин, хушчақчақ, кўнгли очиқ, мулойим инсонларни кам учратганман. Мен у киши билан бир неча бор ҳамсуҳбат бўлганман, уйларга борганман. Ҳатто бир йили Рамазон ойида бир қанча олим ва журналитслар, ҳофизнинг шогирдлари билан ўша ерда ифторлик қилиб, то саҳарлик пайтига қадар суҳбатлашиб чиққанмиз.

То бомдодга қадар суҳбатимиз узилмади.

Шерали ака ўзининг ҳаётидаги кўплаб воқеаларни айтиб берган. Қўлида торини олиб, фақат биз, 2-3 нафар меҳмон учун беш-олтита қўшиғини ижро этиб берганди.  Айрим хотираларини тилга оларкан, менга қараб "сен журналистсан, буларни яна "Даракчи"да чиқариб юрма" деб ҳазилашганди. Шу боис, майли ўша гаплар сир бўлиб қолсин. Шерали ака тонгга яқин биз билан хайрлашаётиб, ҳовлисидаги олма дарахтидан ўз қўли билан олма териб берган, "бугун уйларингда ифторлик қилганда ерсизлар, ўз қўлим билан экканман" деганди...  Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Ҳалигача бу нохуш хабардан ўзимга келолмаяпман...

Аброр Зоҳидов, журналист:

Алоҳида уммон – Шерали Жўраев! У ўзидан олдинги барча хонандаларнинг ҳурматини жойига қўйган, устоз деб атаган. Лекин қўлни кўксимизга қўйиб айтсак, устозлари ҳам ҳофиздек мактаб ярата олишмаган, ижоди икки олам фалсафасига йўғрилмаган, қўшиқлари ҳар бир дилда абадий меҳмон бўлмаган.

“Сен шу даврни кузатганинг учун шундай туйилади” дея тортишарсиз. Лекин шукрки бу замонда ижод ҳам, санъат ҳам изсиз кетмайди, тарихга турли шаклда муҳрланади. Биз эса таққослаб, баҳо бериш имконига эгамиз.

Мақсуд Жонихонов, “Жамият” газетаси бош муҳаррири:

Шерали Жўраев барча мухлисларни йиғлатиб бу дунёни тарк этди. Шерали Жўраев ўзбек санъатида катта мактаб, ашулачилик санъатида янги йўналиш яратган улуғ ҳофиз эди. Шундай хонандалар бор, бир йилда пайдо бўлиб ўша йили йўқ бўлади.

Шерали Жўраев 17 ёшидан бошлаб қўшиқ айтиб келмоқда. У сал кам 60 йил шу юртга хизмат қилди. Битта ўпка билан, битта овоз билан. Бунақаси дунё халқлари санъати тарихида ҳам кузатилмаган. Яна бир муҳим жиҳати, Шер акани репертуаридаги қўшиқлар ниҳоятда кўп ва ранг баранг. Нафақат ўзимизнинг, балки жаҳон классик шоирлари шеърларини куйга солиб, гўзал қўшиқлар яратган.

Шер ака тўйларда савдолашиб ўтирмасдилар, бораверардилар. Бир даврага борсалар, дискни қўйиб номига оғиз қимирлатмасдилар, хизмат қилсалар, охиригача чин дилдан хизмат қилардилар. Энг камида 3-4 соат хизмат қилардилар. Халқни дардини айтган, халқни ичидан чиққан ана шунақа халқ артисти эди у киши. Жойлари  жаннатда бўлсин.

Мирзабек Ҳолметов, актёр, сўз устаси:

Ҳар бир инсонни оламдан ўтиши, яқинлари, дўстлари, оиласи учун оғир жудолик. Лекин, шундай одамлар борки, оламдан ўтса ҳам, уларни яшаб ўтган ҳаёти, меҳнати, ижод фаолияти ва мақсади мангу қолади.

Шерали ака Жўраевнинг оиласига, яқинларига ва азиз мухлисларига ўз таъзиямни билдираман. Аллоҳ уларни ўз раҳматига ва Ҳабибимиз шафоатига муносиб кўриб, жаннати ила сийласин.

Осон эмас, яхшилардан бўлмоқлик жудо,

Тангри раҳмат қилсин, маҳшаргача алвидо.

Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ артисти:

Шер акада буюкдан, юқоридан айтилган қўшиқлар кўпда, шунинг учун ҳам севилган, эшитилган. У одам ҳам ёшлигида ўжарроқ эди. Шуни учун жабру жафоларни кўп чекди.

Шерали Жўраевни буюк санъати борлиги учун устоз деб билдик. Лекин менга ўхшаб бетига сапчиган ҳам бўлмаса керак. Кўп тортишардик, ака укадек эдик, меникини кўтарарди.

Ўша пайти орзуларимга, мотивациямга сабаб бўлган одамлар булар. Шунинг учун устоз менга.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсонни қанча яшагани эмас, қандай яшагани муҳим. Оламдан ўтгач, бошқалар ёдида қандай сақланиб қолгани муҳим.

Darakchi.uz жамоаси яна бир бор Шерали Жўраевнинг оила аъзоларига, дўст-биродарларига ва миллионлаб мухлисларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Карим Зарипов

Ойбек Шукуров 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1