Сал аввал, Тошкент вилоятида 6 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани хабар қилинган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спекири ўринбосари Одилжон Тожиев ушбу ҳодиса мисолида айни пайтдаги йўллардаги вазиятга муносабат билдириб, бу борада жавобгарликни янада кучайтиришни таклиф қилди:
“Шахсий фикримча, бундай вазиятнинг юзага келиши автотранспорт бошқариш “маданият”имиздан далолат. Кенгроқ маънода эса, минг афсус, жамиятимизда цинизм деб аталмиш феноменнинг кенг томир отаётганидан нишон.
Қоидабузарлик учун жазонинг муқаррарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўляпти. Мана, мисол учун, пойтахтимизда радарлар ва светофорлар ўрнатилган кўчаларда ЙТҲларнинг кескин камайгани қайд этиляпти. Менимча, мамлакатимиз бўйлаб ҳақиқий, халқаро меъёрлардаги автострадалар қурилгунигача ҳозирги магистраль йўлларимизда тезликни 80, 90 км/соатгача чеклаб, қўшимча фоторадарлар ўрнатилсагина босар-тусарини билмайдиган “лихач”ларимизни тарбияласак бўлади. Улар тўлайдиган жарималарни ҳам дадил, қўрқмасдан бир неча карра кўтарсак, халқимиз бундай қарорларни фақат олқишлаган бўларди назаримда. “Халқимиз” тушунчасига қонун-қоидага итоаткор ҳайдовчиларимизни ҳам қўшган бўлардим. Негаки, “ўпкаси шишган шумахерлар”дан, бир нарсадан қуруқ қолаётгандек орқадан “тақаб” келадиган “таъқибчилар”дан улар ҳам безор.
Инсоният тарихи шуни ўргатадики, одамлар умумий қоида ва қонунларни назар-писанд қилмай қўйса, қонунбузарлик учун жазоларни кескин кучайтиришгина самара берган. Айниқса, қонун, қонун устуворлиги, қонунга итоат маданияти энди-энди шаклланиб келаётган жамиятларда.
Бир сўз билан айтганда, йўлларимиздаги бошбошдоқликка чек қўйиш, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган ЙТҲларга барҳам беришни кўзлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кескин кучайтирсак, жазонинг эса муқаррарлигини (замонавий техник воситалар ёрдамида) қатъий таъминласак мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - дейди Тожиев.






