“Jizzax auto” АЖ республика аҳолисига сифатли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бугун компания Соғлиқни сақлаш вазирлигига яна 108 та бешинчи авлод Volkswagen Caddyтез тиббий ёрдам машиналарининг навбатдаги партиясини топширди ва режалаштирилган жами 1000 дона автомобилдан 700 таси республика тез тиббий ёрдам хизмати эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқда.
Мазкур ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа Президентнинг қарорига мувофиқ, мамлакатда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма инвестициялари банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Ушбу янги Volkswagen Caddy тез ёрдам машиналари тиббиёт ҳамжамияти томонидан тан олинган ҳамда беморлар эътирофи ва ишончига сазовор бўлиб келмоқда. Боиси, улар тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда беморлар ҳаётни сақлаб қолишда ишончли ва самарали транспорт воситаси сифатида ажралиб туради. Янги автомобиллар барча сўнгги талаблар асосида замонавий ва қулай техникалар билан жиҳозланган бўлиб, улар самарали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлайди.
Тез тиббий ёрдам машиналарининг асосий хусусиятлари орасида автомобил тиббий салонида шовқин ва тебраниш изоляцияси, беморни намлантирувчи кислород билан таъминлаш тизими, дастакли инфузион тизим, беморни ташиш учун кўп функцияли носилкалар ҳамда кондиционер тизимининг мавжудлиги, нафақат бемор ва тиббиёт ходимлари учун қулайлик яратади, балки, ҳаракатланиш пайтида автомобил ичида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини беради.
Янги авлод Volkswagen Caddy автомобиллари Ўзбекистон тиббиёт тизимига Европа сифати ва ажойиб техник хусусиятларини тақдим этади. Бу соғлиқни сақлаш инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланганидан далолат беради, қолаверса, эскирган тез тиббий ёрдам машиналарининг замонавий ва ишончли автомашиналарга алмаштирилгани мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими ривожида муҳим қадам бўлмоқда.