Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига кўрсатилган номзод ўз сайлов олди дастурида илгари сурилган миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғояси доирасида бизга нималарни ваъда бермоқда?
Маънавий-маърифий соҳада эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Чунки ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутади. Ушбу муҳим вазифада эътибор қаратиладиган жиҳатлар қуйидагилар:
- Тарихимизни талқин этишда нохолисликка қарши курашиш;
- Маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш;
- ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига кирмаган архитектура ёдгорликларини унга киритишга қаратилган Давлат дастурини қабул қилиш ва амалга ошириш;
- Туристик фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобидан моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш;
- хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган ўзбек алломалари, мутафаккирлари ва ёзувчи-шоирлари томонидан яратилган илмий ва бадиий асарлар ҳамда халқимиз тарихига оид моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш;
- эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, миллий бадиий мактабларнинг анъаналарини сақлаб қолишни рағбатлантириш;
- ёшлар онгини «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилишда кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ва илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг дунёга келишига кўмаклашиш ҳамда уларни тарғиб қилиш;
- давлат тилини бойитишга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш;
- жамиятнинг ўта муҳим тармоқларида ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш ва бу соҳада махсус комиссия тузиш;
- Барча жабҳада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олиш;
- лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар етарли даражада нашр қилишни тубдан кучайтириш;
- Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кино асарлар яратилишида молиялаштириш манбаларини аниқлаш, хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда, таниқли режиссёр ва актёрлар иштирокида уларни бутун дунё жамоатчилигига етказиш;
- маънавий-маърифий марказларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг бой ахборот-кутубхоначилик фондини кўпайтириб бориш;
- тарихда хорижий мамлакатларда яшаб ижод этган ҳамда юртимизда туғилиб, тақдир тақозоси билан чет элларда вафот этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг қабрларини аниқлаш, уларнинг мангу қўним топган масканларини ободонлаштириш;
- ижтимоий-гуманитар фанларнинг мамлакатимиз тараққиёти ва ёш авлодимизнинг дунёқарашини шакллантиришдаги ўта муҳим имкониятларидан фойдаланиб, фундаментал асарларни босмадан чиқаришни ва уларнинг оммавийлашувини қўллаб-қувватлаш;
- Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш;
- болаларнинг миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг энг яхши асарлари билан ошно бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- жаҳон мусиқа санъатини чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, санъаткор, айниқса, ёш хонанда ва созандаларимизнинг халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига эришиш;
- одамларда, айниқса, ёшларда театр томошаси маданиятини ўстириш ва энг муҳими, мамлакатимизнинг барча театрларида «Очиқ эшиклар куни»ни ташкил этиш;
- оилалар ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган нохуш ҳолатлар (тўй маросимларини ўта дабдабали қилиб ўтказиш ва исрофгарчиликка асосланган бошқа тадбирлар)га барҳам беришга қаратилган ишларда фаол иштирок этиш.
Кейинги сонларда номзоднинг сиёсий ва суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар учун белгиланган муҳим вазифалари билан таништирамиз.
Мақола шартнома асосида чоп этилмоқда