Ислом қонунчилиги тарихида ўзига юклатилган масъулиятни ҳар доим чуқур ҳис этган, ҳалол, диёнатли қозилар кўп ўтган. Улардан бири Мирзо Улуғбек даврида яшаб ўтган Қози Бурҳониддин Мискин эди.
Қози Мискин фиқҳ ва қонунчилик масалаларига бағишланган “Шарҳи каср” асари бизгача етиб келган бўлиб, у Бухорода Садр Зиёнинг кутубхонасида сақланган. Қози Мискиннинг ўғли Мавлоно Муҳаммад Қози ҳам отасининг ишини давом эттириб, узоқ муддатдан Бухоро қозиси лавозимида ишлаган, “Силсилатул-орифин” ҳамда “Ҳукмдорга ўгитлар” рисолаларини битган.
Маълумотларга кўра, кунларнинг бирида Мирзо Улуғбек Қози Мискинни ҳузурига чақириб, уни синаб кўрмоқчи бўлади ва бир ноқонуний масала бўйича ҳукм чиқаришни сўрайди. “Султон, бу иш шариати исломияга зид ва унга мен розилик беролмайман” деб жавоб беради қози. “Агар мен сиздан шу ишга розилик беришни талаб қилсам-чи?” сўрайди Улуғбек. “Эҳтимол совуқ қаҳратонда устимдан муздек совуқ сув қуйсангиз, бу азобдан қутулиш учун мажбуран муҳр босарман, аммо бу ишингиз барибир шариатга тўғри келмайди” дейди таъзим билан. Шунда Улуғбек “Баракаллоҳ, мен сизни синамоқчи эдим, аслида мен ҳам бундай ноқонуний ишга рози эмасман” дея қозига таҳсинлар ўқийди.
Тарихий манбаларда Улуғбекнинг ўзи ҳукмронлиги даврида қозилар ишини шахсан назорат қилиб турган, кўплаб масалаларни ҳал қилишда ўзи ҳам иштирок этган.
Ҳар қандай салтанатда ота ва ўғиллар, ака-укалар ўртасидаги адоватдан усталик билан фойдаланишга уринган гуруҳлар бўлган. Мирзо Улуғбек салтанати ҳам бундан мосуво эмасди. Тарихий ҳужжатларга кўра, Мирзо Улуғбек аҳолининг кам таъминланган қатламларига алоҳида эътибор қаратиб, савдогарлар, катта ер эгалари, беклар ва амалдорлар учун солиқ миқдорларини оширган. Хусусан, мўғуллар давридаги тамға солиғини қайтадан жорий қилган.
Хуллас, Улуғбекдан норози томонлар Улуғбекнинг катта ўғли, Балх ҳокими Абдуллатиф ҳузурига келиб, уни отасига қарши гижгижлашади. Абдуллатиф уларнинг фитнасига учиб, отасига қарши уруш эълон қилади. Улуғбек 1448 йилда унга қарши Балх томон катта қўшин билан йўлга чиқади. Аммо, Амударёнинг икки соҳилида ота ва ўғил бир-бирига қарши юришга журъат қилмай ортга чекинади. Мирзо Улуғбек кўчманчи ўзбеклар ҳужумини бартараф этиш учун шаҳарни тарк этган пайтида Абдуллатиф сотқин беклар ёрдамида Самарқандни эгаллайди. Пойтахтга қайтган Улуғбек қўлга олинади ва тахтдан воз кечишга мажбур қилинади, кейин эса уламолар фатвоси билан ҳажга юборилади.
1449 йил 27 октябрь куни кечқурун Дарғам бўйидаги бир қишлоқда ҳамроҳлари билан тунамоқчи бўлган Мирзо Улуғбек ортидан юборилган навкарлар етиб келади. Улар буюк аллома ва ҳукмдорни ўғлининг розилиги билан уламолар тасдиқлаган ўлим фатвосига биноан шоҳни қатл этишади.
Аслида бу фатво шаръий кучга эга эмас, унга биргина Қози Мискин муҳр босмаганди. У шоҳнинг ўлимига тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Шундай бўлса-да, Улуғбек қозининг розилигисиз, хоинона ўлдирилади. Қозининг итоатсизлиги ҳам жавобсиз қолмайди. Айрим маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбекнинг ўлимидан сўнг уни ҳам заҳарлаб ўлдиришади.
Рустам Жабборов