АсосийMutolaa

Саид Аҳмад. Қоплон (ҳажвия)

'Саид Аҳмад. Қоплон (ҳажвия)'ning rasmi

Янги ҳовли Тиллаевга ёқди. Юкларни машинадан тушираётганда Қурбонбой бир гап айтиб қолди:
— Сизга энди битта ит лозим, ўртоқ Тиллаев. Ит уйнинг савлати. Албатта, ит боқинг. Ўзим ғалатисини топиб бераман.

Тиллаевнинг итга унчалик ҳуши йўқ эди, индамай қўя қолди. Қурбонбой хотинларнинг ҳайҳайлашига қарамай полни ҳам ўзи ювди, гиламни ҳам ўзи кўчага олиб чиқиб, қоқиб келди.

— Ия, ия, биз турганда нега энди сиз пол юваркансиз, опа? Ўзимиз қотириб ташлаймиз. Мен гилам қоқайину, сиз томоша қилинг. Аммо-лекин итнинг ғалатисини боқиш керак. Кўчадан кирган одам киройи директор бўлсанг, шунақа ит боқ, деб ҳавас қиладиган бўлсин.

Қурбонбой уйни саранжом қилиб бўлгандан кейин ҳам дарров кета қолмади. Ҳовлида анча айланиб юрди. Ит боғлайдиган жойни ўзи белгилади.

— Йўўўқ, ўртоқ Тиллаев, ит масаласини бизга қўйиб бераверинг. Мана, итнинг жойи шу. Кичкинагина, ихчамгина уйча қуриб берсам, итнинг ҳам жони кириб қолади. Хўп, биз кетдик.

Қурбонбой кетди.

— Бу киши ким бўладилар? — деди Тиллаевнинг хотини унинг орқасидан бориб эшикни илгаклаб қайтаркан.
— Жудаям аниғини билмайман, гаражимизда ишласа керак. Кўчишга машина сўраганимизда завгар, қарашиб юборади, деб қўшиб берган эди, — деди Тиллаев.
— Дуруст одамга ўхшайди. Чаққонгина экан. Эртасига Тиллаев ишдан қайтиб ювинаётганида Қурбонбой каттакон ит етаклаб келди. У итни айвоннинг устунига бойлаб, илжайди:
— Оти Қоплон, Тиллаев ака. Одамнинг яхшисини дарров танийди. Сизга тез ўрганиб кетади. Эртага яхшилаб уйча ясаб бериб кетаман.
У қўлини ювиб келиб, ярим соатча итнинг таърифини қилиб ўтирди.
— Ит ҳамма гапни тушунади, фақат жониворнинг тили йўқ.

Қурбонбой бир сўзли киши экан, айтганини қилди. Тиллаев ишга кетганида замбилғалтакда ғишт олиб келиб, итга уйча ясаб кетибди. Магазиндан алюмин тоғорача олиб, итга ялоғ қилиб берибди. Тиллаев идорадан чиқиб, энди машинага ўтираман деб турганида, югуриб келиб қоғозга ўроғлиқ нарса узатди.

— Хўжайин, Қоплонга насиба. Кабобчи ошнамга тайинлаб қўйган эдим, суякни бегона қилма, деб.
— Қурбонбойингиз одам экан, — деди хотини Тиллаев уйга келганда, — бечора жонини фидо қивораман дейди-я. Бола-чақали, камхарж одамга ўхшайди. Иморатини етти йилдан бери битказолмасмиш. Унча-мунчасига қарашиб юборинг.
Тиллаев хотинининг гапларига парво қилмай, чой ичарди.
Тиллаев билан Қурбонбой орасида яқинлик пайдо бўлди. Бир куни гап орасида у рўзғордан орттириб, участкасининг томини ёполмаётганини айтиб қолди:
— Айб ўзимда, ёшлигимдан шунақаман, ўзимга қарамайман, ошна-оғайниларнинг иши битсин, дейман. Ҳа, одам боласидан шу қолар экан. Бўлмаса, промкомбинатда ҳам, райпода ҳам ошнам бор, юзтагина шифер сўрасам, йўқ дермиди. Сўрамайман. Асло сўрамайман.

— Нечта шифер етмаяпти? — деди Тиллаев бепарво.
— Йўқ, хўжайин, сўраманг, складга юз элликта шифер ёзиб берсангиз ҳам олмайман. Сиз билан шу мақсадда ошна бўлмаганман. Бунақа гапни айтсангиз, уйингизга иккинчи қадам босмай кетаман.

Шу-шу бўлди-ю, Тиллаевнинг унга ихлоси ошиб кетди. Шундоқ яхши одам гаражда машина ювиб ўтирмасин, деб уни гараж мудирига муовин қилиб қўйди. Уйига бир юз саксонта шифер, ўттизта тунука тушириб берди. Аммо Қурбонбой ҳар тушликда келиб, Қоплонни ўйнатиб келишини тарк қилмади. Бу орада Тиллаевнинг эски бод касали тутиб, ётиб қолди. Аввалига Қурбонбой келиб, унинг ҳолидан хабар олиб турди. Докторлар энди бўлмайди, пенсияга чиқинг, деб маслаҳат беришгандан кейин Тиллаев министрликка ариза ёзиб, ишдан бўшатишларини сўради. Министрлик унинг талабини қондириб, ўрнига бошқа директор тайинлади. Қурбонбой ўша куни келиб, Қоплонни айлантиргани олиб чиқиб кетди-ю, қайтиб келмади. Тиллаев Қоплонга анча ўрганиб қолган экан, то ярим кечагача икки кўзи кўчада бўлиб, итни пойлади. Йўқ, Қоплон бедарак кетди. Қурбонбой ҳам қорасини кўрсатмай қўйди.
Орадан анчагина вақт ўтди. Тиллаев ҳассага таяниб кўча айлангани чиқди. Бир маҳал қараса кўчанинг нариги бетида Қурбонбой Қоплонни етаклаб юрибди. Чақирса ит қаради-ю, Қурбонбой қарамади. Ўша куни янги директор ўғлининг туғилган кунига ўтириш қилиб бераётган экан. Тиллаевга машина юборибди. Эр-хотин боришди. Дарвозадан киришлари билан йўлакда ётган Қоплон уларни кўриб, думини ликиллатиб эркаланди.
— Бизнинг ит қалай? — деди янги директор.
— Бу итни танийман, — деди Тиллаев ва нарирокда янги директорнинг чарм тўнини туфлаб артаётган Қурбонбойга бир қараб, уйга кириб кетди.
1962 йил

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар