1

Қишда болакай хасталанмасин десангиз...

САЛОМАТЛИК 21.11.2016, 09:27
Теглар: Саломатлик, Бола, Она ва бола
Қишда болакай  хасталанмасин десангиз...

Қиш мавсумида кичик ёшдаги болаларни парваришлаш оналарга бироз қийинроқ туюлади. Сабаби, бу даврда юқумли касалликлар хавфи одатдагидан кўра ортади. Энг тўғри ечим эса баъзи маслаҳатларга амал қилишдир. Ана шунда фарзандингизнинг саломатлиги борасида қайғурмасангиз ҳам бўлади. Бор-йўғи гигиена ва чиниқтириш муолажаларига вақтида эътибор қилсангиз бўлгани.

САЙРНИ КАНДА ҚИЛМАНГ!

Шу йўл билан болажонингизни рахит касаллигидан ҳимоялаш билан бирга чиниқтирасиз. 6 ойгача бўлган чақалоқни шамолсиз, очиқ ҳавода 10-15 дақиқа сайр қилдириш, ундан катталари, эса, ҳатто қор-ёмғирли ҳавода 20 дақиқа айлантириш мумкин.

БУРУНЧАСИНИ ҲИМОЯЛАЙМИЗ!

Бир ёшга етмаган болани одамлар гавжум бўлган жойларга олиб борманг. Поликлиника ёки сайрга чиқишдан олдин бурни атрофига оксалин суртмасидан суртиш ёки интерферон томчи дорисидан томизиб, кейингина олиб чиқиш керак. Бу воситалар ҳаводаги инфекцияларнинг нафас йўлларига киришига тўсқинлик қилиб, боланинг иммунитетини оширади.

АСОСИЙ ТАЛАБ – ГИГИЕНА!

Шахсий гигиенага қишда кўпроқ аҳамият беринг. Нафақат кичкинтойнинг балки ўзингизникига ҳам. Бир ҳафтада бир марта хона эшикларининг тутқичлари, полни хлорли сув эритмасида артиб туринг. Болани овқатлантиришдан олдин қўлларини хўжалик совунида (у инфекцияларни ўлдиради) яхшилаб ювинг.

ЛИМОН + САРИМСОҚ

Уй хоналарини ҳар куни шамоллатиб туринг. Болакай хонасининг бурчакларига эса  лимон ёки саримсоқ бўлакларини ликобчага солиб,  қўйиб  чиқинг. Ҳаво алмашиниш пайтида вирус-микроблар тез нобуд бўлади. Саримсоқ ва лимон бўлакчалари ўзидан фитонцидлар ажратиб, вирусларни кўпаймаслигига хизмат қилади.

ЁҒЛИ МУОЛАЖА

Болани шамоллашдан асраш мақсадида ҳар куни қорин ости, қовуқ, қўлларнинг билак қисми ва оёқларнинг болдир, тўпиқ соҳасини стерилланган ўсимлик мойи ёрдамида уқалаймиз. Бу муолажамиз болани совуққотишдан асрайди ҳамда касалликларга нисбатан чиниқишини оширади.

ЭРКИН НАФАС ОЛСИН!

Болажонингизнинг бурни битиб қолмаслигига аҳамият беринг. Оддий кўринсада, бу жиддий муаммо. Шамоллаш таъсиридан ташқари ҳаво ҳарорати меъёридан исиб кетганида ҳам бурун битиши юз беради. Кўпинча иситгичлардан фойдаланилганида бу ҳолатни кўришимиз мумкин. Натижада хона ҳавоси ҳаддан зиёд қуруқ бўлиб, кичкинтойнинг бурни тез битади. Агар иситгични ўчириш иложи бўлмаса (хона яхши исимаса), бола каравотчаси атрофига хўл сочиқлар ёйиб қўйиш керак.

ШИФОКОРГА БОРАМИЗ...

Шамоллашнинг илк белгиларини сезганингиз заҳоти зудлик билан  бу ишни кечиктирманг. Сабаби, қиш мавсумида нафас йўлларидаги инфекция саноқли дақиқаларда ҳалқум ва ўпкага ўтиши, болада бўғилиш, пневмония (зотилжам) касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

 ДОРИЛАРГА ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Аксарият оналар кучли антибиотиклар ёрдамида шамоллашни тўхтатмоқчи бўлишади ёки хусусий поликлиникаларда гриппга қарши вакцина ёрдамида болани эмлатишади. Лекин ушбу ҳаракатларингиз қарши таъсир кўрсатиши ҳеч гапмас. Антибиотик ҳеч қачон нафас йўллари шамоллашида даво бермайди. Балки вазиятни оғирлаштиради холос. Гриппга қарши вакцинани қўллашда эса умуман эҳтиёт бўлиш керак. Улар таркибидаги моддалар фаразндингиз саломатлигига қандай таъсир қилишини билмайсиз. Шундай экан, фақат синалган шифокорингиздан (ҳудудий) поликлиникангизда белгиланган вакциналарни қабул қилишингизни сўрардик.

ТУТАТҚИЛАРНИНГ ЗАРАРИ БОР!

Шамоллаш пайтида исириқ ёки хушбўй тутатқилар тутатиш ярамайди. Бу болада аллергик таъсирни келтириб, аҳволини янада оғирлаштириши мумкин. Худди шу ҳолат тамаки чекувчиларга ҳам тегишли. Яхшиси, исириқли ёки мойчечакли  ванна тайёрлаб, болажонингиз оёқчаларини иссиқ муолажа қилинг.

Тиббиёт фанлари номзоди, педиатр Мактуба МИРРАҲИМОВА тавсияларига асосан

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади. 

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1