АсосийSalomatlik

Кучли бош оғриғи, нутқ бузилиши, вақтинча кўрмаслик... Бу — кўз мигрени аломатлари бўлиши мумкин

'Кучли бош оғриғи, нутқ бузилиши, вақтинча кўрмаслик... Бу — кўз мигрени аломатлари бўлиши мумкин'ning rasmi

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси шифокори Мавжуда Жунадуллаева кўз мигренининг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллар ҳақида маълумот берди.

 — Мигреннинг бир нечта тури мавжуд. Уларнинг сабаблари, кечиши ва бошқа симптомлари ўхшаш ёки бир-биридан фарқланади, — дейди мутахассис. — Кўз мигрени эса мигреннинг бир тури бўлиб, бунда бош ва кўзнинг оғриши, кўнгил айниши билан бирга, кўриш майдонида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади.

 Баъзи беморларда кўз тирқиши қисилиши, кўз ҳаракати чекланиши ва нарсаларнинг иккита бўлиб кўриниши (диплопия)рўй беради.

 Касаллик бир неча босқичларда ривожланади. Аввалига беморда чарчоқ, уйқу босиши, кўп эснаш, чанқаш, ширинликка бўлган эҳтиёж кучаяди. Ёруғлик ва баланд товушлар беморга ёқмайди. Бошнинг энса қисмида тиришиш кузатилиб, бу ҳолат 1 соатдан 2-3 кунгача давом этиши мумкин.

 Кейинги босқичда кўз олдида ялтироқ доғлар ва ёруғлик чақнаши билан бирга,кўриш майдонида нуқсонлар юзага келади ва объектлар шакли бузилиши, ҳатто, вақтинча кўрмаслик кузатилади.

 Баъзи беморларда эса нутқ бузилиши, қўлларда увишиш намоён бўлиб, бу симптомларнинг давомийлиги одатда 5-60 дақиқа давом этади.

Учинчи босқичда касаллик бошнинг ярмида кучли оғриқ, кўнгил айниши ва қайт қилиш билан кечиб, кўпинча бош оғриғига қарши препаратлар беморга фойда бермайди. 

Кучли чарчоқ ва оғриқ туфайли у ухлай олмайди.

Тўртинчи босқич оғриқлар аста-секинлик билан қайтиши, кўриш қобилиятининг тикланиши билан 2 соатдан 3 кунгача давом этади.

Кўз мигренининг белгилари беморда мунтазам кузатилмайди ва бу хасталикка барча касб эгалари чалиниши мумкин. Қолаверса, касаллик ёш танламайди, яъни ёш болалар, ҳомиладорлар ва катта ёшли инсонларда ҳам бирдек кузатилади.

 Хасталик хуружи кўпинча қуйидаги сабаблар таъсирида бошланади:

  •  компьютер, телефон ва гаджетлардан узоқ вақт фойдаланиш;
  •  сурункали чарчоқ ва уйқусизлик;
  • кучли стресс;
  • гормонлар алмашинувининг бузилиши;
  • айрим дори воситаларининг асорати;
  • ширинликка ружу қўйиш;
  • кислород етишмаслиги;
  • об-ҳаво ўзгаришлари ва бошқалар.

 Касаллик ва хуружларининг олдини олиш учун ўз вақтида дам олиш, ортиқча жисмоний ва ақлий зўриқмаслик, ўткир ҳид ва таъмли маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, зарарли одатлар (тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш)ни тарк этиш, стресс ҳолатларига тушмаслик, спорт билан мунтазам шуғулланиш, бир сўз билан айтганда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозим.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар