Глобал иқлим муаммолари, қолаверса, айрим мамлакатлар ҳукуматларининг молиявий инқирозга етакловчи хатти-ҳаракатлари оқибатида 2030 йилга бориб сайёрамиздаги 600 млн киши очарчилик билан рўбарў келади, 2,8 млрд киши эса соғлом озиқ-овқатдан маҳрум бўлади. Бу ҳақда "Azerbaycan 24" хабар берди.
"БМТнинг очарчиликка қарши курашиш мақсадлари бажарилмаслиги мажбурий миграцияни янада кучайтиради, иш ўринлари сонини қисқартиради, Африка каби аҳолиси ўсиб бораётган минтақаларда ресурслар устидаги низоларни янада кескинлаштиради", — IFAD президенти Алваро Ларионинг сўзларини келтирди портал.
Очарчилик ва тўйиб овқатланмаслик фақат Африкага таҳдид солаётгани йўқ. Иқлим ўзгаришларининг сув тошқинлари ва юқори ҳарорат кўринишидаги ҳосилалари тўйиб овқатланмасликни глобал муаммога айлантиришга қодир.
Европадаги "Коперник" иқлим кузатувлари хизмати маълумотига кўра, Ерда қаторасига 12 ой ҳарорат рекордлари ўрнатилди. Яъни 2023 йилнинг июнидан бошлаб ҳар ой олдингиси (ўтган йилгиси)га нисбатан иссиқроқ бўлди, оқибатда жаҳондаги ўртача ҳарорат иқлимий барқарорлик даражасидан 1,64 даража юқорилашди. Бу эса сув тошқинлари сонини янада ошириб, экотизимнинг бузилишига ва очарчиликнинг кучайишига олиб келиши мумкин, дея хавотирланишмоқда экспертлар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 2023 йилда очлик билан юзма-юз келган одамларнинг сони тахминан 733 миллион эканлигини маълум қилди.
БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Жаҳон озиқ-овқат дастури, халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (ИФАД), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) "Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги" қўшма иҳисоботида қуйидагилар маълум қилинди:
Ҳисоботда, ўтган йилда дунёда 713 миллиондан 757 миллионгача одамнинг озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзма-юз келгани, ўртача 733 миллион одамнинг очлик муаммоси борлиги, дунё бўйича ҳар 11 кишидан 1 нафари очлик билан курашаётганлиги таъкидланган.
Дунё бўйича хавотирли даражада кўп одамларнинг озиқ-овқат таъминоцизлиги ва кам овқатланиш билан курашишда давом этгани кўрсатилган ҳисоботда, 2022 йилдан 2023 йилгача Осиё қитъасининг ғарбий қисми, Кариб минтақалари ва Африканинг жанубий ҳудудларида очлик даражаларининг ошгани қайд этилган.
Anadolu Ajansi нашрининг маълум қилишича, очлик билан курашаётган аҳоли улушининг Африкаъда 20,4 фоизга кўтарилганлиги айтилган, шу билан бирга, бу улушнинг Жанубий Америкада камайгани, Осияда эса ўзгаришсиз қолганлиги билдирилди.
Тахминан 582 миллион одам 2030 йилда сурункали кам овқатланиш муаммоси босимига тушиши, ушбу одамларнинг деярли ярми Африка давлатларида яшовчи инсонлар ташкил қилиши қайд этилган. Ҳисоботда шунингдек, бир инсоннинг ҳаётини давом эттириши учун зарур бўлган озуқа миқдорига эришиш ҳали ҳам миллиардлаб инсонлар учун қийинлиги таъкидланган.
Ҳисоботда, 2023 йилда дунё бўйича 2,33 миллиард кишининг ўртача ёки оғир озиқ-овқат таъминоцизлиги билан юзма-юз келгани ва улардан 864 миллиондан ортиғи баъзан бир бутун кун ёки ундан кўпроқ вақт давомида овқациз қолганлиги кўрсатиб ўтилган.