Дзюдо бўйича Париж Олимпиадаси ғолиби Диёра Келдиёрова инстаграм саҳифаси орқали мухлисларга мурожаат қилди.
"Бугун Ута Абенинг Инстаграм саҳифасида ўзбеклар унга нисбатан жуда ҳам кўп таҳқирловчи изоҳларни ёзаётгани ҳақида маълумот олдим. Барча мухлислардан улар ким бўлишидан қатъий назар ҳаммага чуқур ҳурмат-эътиборда бўлишини сўраб қоламан! Бу албатта спорт, бу бизни бирлаштирувчи куч! Биз дзюдо оиласимиз, илтимос, тўхтатинг! Менимча, дзюдони инсонларга ўргатадиган энг муҳим жиҳати бу - ҳурмат!", – деб ёзди Келдиёрова.
Эслатиб ўтамиз, Диёра Келдиёрова Париж Олимпиадаси нимчорак финали доирасида япониялик Ута Абени мағлуб этган эди. Бу Абе учун 5 йил ичидаги илк мағлубият бўлди.