АсосийСПОРТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу ўртасидаги тўртинчи партия ҳам дуранг билан якунланди

Дастлабки тўртта партиядан кейин умумий ҳисоб 2:2 ни ташкил этмоқда.

'Жавоҳир Синдаров ва Гукеш Доммаражу ўртасидаги тўртинчи партия ҳам дуранг билан якунланди'ning rasmi

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров ва ҳиндистонлик амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон тожи учун кечаётган баҳснинг тўртинчи партиясида ҳам ғолиб аниқланмади. Учрашув Швейцарияда ўтказилмоқда.

Тўртинчи партияда Синдаров қора доналарда ҳаракат қилди. Шу тариқа, дастлабки тўртта партиядан кейин умумий ҳисоб 2:2 кўринишига келди. Шахматчилар бешинчи партияда 29 ноябрь куни яна куч синашади.

Жаҳон чемпионлиги учун баҳс классик вақт назоратида ўтказиладиган 14 та партиядан иборат. Белгиланган қоидаларга кўра, дастлабки 40 та юриш учун ҳар бир шахматчига 120 дақиқадан вақт берилади. Кейинги юришлар учун ҳар бир ҳаракатга 30 сониядан қўшиб борилади. 40 та юришдан сўнг эса шахматчиларга қўшимча 30 дақиқа ажратилади.

Агар иштирокчилардан бири 14 та партия якунига қадар 7,5 очко тўпласа, жаҳон чемпиони муддатидан олдин аниқланади. Акс ҳолда, ғолиб тай-брейк баҳсларида маълум бўлади.

Маълумот учун, Гукеш Доммаражу 2025 йилда хитойлик Дин Лижэнни мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланган. Ўшанда 18 ёшли шахматчи тарихдаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпиони бўлган. У шу орқали 22 ёшида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Гарри Каспаровнинг рекордини янгилаган.

Жавоҳир Синдаров эса жорий йил апрель ойида Кипрда ўтказилган Номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон чемпионлиги учун баҳсда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган. У мазкур мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк ўзбекистонлик шахматчи ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар