АсосийДунё

Дунёга яна бир даҳшатли муаммо хавф солмоқда!

БМТнинг огоҳлантиришича, 2023 йилда деярли 733 миллион киши очликдан азоб чеккан.

'Дунёга яна бир даҳшатли муаммо хавф солмоқда!'ning rasmi

 2030 йилга бориб эса, сайёрамиздаги 600 млн киши очарчилик билан рўбарў келади, 2,8 млрд киши эса соғлом озиқ-овқатдан маҳрум бўлади. 

Бир сўз билан айтганда, дунё сўнгги ўн йилликлардаги энг даҳшатли очарчилик ёқасида турибди. Бу таҳдид иқлим ўзгариши, сиёсий можаролар, иқтисодий қийинчиликлар ва Covid-19 пандемиясининг таъсири каби омилларнинг уйғунлиги таъсирида янада кучаймоқда. Глобал озиқ-овқат тизимлари мисли кўрилмаган босим остида. Шошилинч чоралар кўрилмаса, миллионлаб одамлар омон қолиш ёқасига келиб қолиши мумкин. 

Хўш, кутилаётган озиқ-овқат инқирозига қандай омиллар сабаб бўлади?

Иқлим ўзгаришининг таъсири

Иқлим ўзгариши глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилувчи энг муҳим омиллардан биридир. Глобал исиш қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бўронлар каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг суръати ва интенсивлигини оширмоқда. 

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, сўнгги йилларда бундай ҳодисалар тез-тез рўй бериб, қишлоқ хўжалигига зарар етказиб, ҳосилдорликни пасайтирмоқда. Масалан, 2021 йилда Шарқий Aфрикадаги кучли қурғоқчилик миллионлаб одамларни озиқ-овқат таъминотидан маҳрум қилиб, минтақада очлик муаммосининг мураккаблашувига олиб келди. 

Қишлоқ хўжалиги, айниқса ривожланаётган мамлакатларда, иқлим ўзгариши олдида жуда заиф эканлигини кўрсатмоқда. Ҳар қандай кичик ўзгариш ҳам қишлоқ хўжалигига катта салбий таъсир кўрсатяпти. 

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, агар ҳозирги тенденциялар давом етса, 2050 йилга бориб 143 миллионгача одам озиқ-овқат ва сув танқислиги сабабли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Муҳожирларнинг янги тоифаси - “иқлим мигрантлари” пайдо бўлади. Меҳнат мигрантлари яхши иш ва фаровон ҳаёт қидириб ўзга юртларга кетишса, “иқлим” мигрантлари қулай об-ҳаво шароитлари сақланиб қолган, ичимлик ва экин учун сув муаммоси йўқ юртларга кўчиб ўта бошлайди. 

Иқлим ўзгариши туфайли деҳқончилик ҳам таназзулга юз тутади. Ҳосилдорликнинг пасайиб кетиши натижасида кейинги ўн йилликларда озиқ-овқат нархлари 20-50 фоизга ошиб кетиши мумкин.

Сиёсий можаролар ва уларнинг оқибатлари

Сиёсий можаролар ва фуқаролар урушлари ҳам глобал очликнинг муҳим омилидир. Можаролар мавжуд инфратузилмани вайрон қилади, озиқ-овқат таъминоти занжирини бузиб юборади ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини йўқ қилади. Масалан, фуқаролар уруши олти йилдан ортиқ давом этаётган Яманда 16,2 миллион киши тўйиб овқатланмайди, икки миллиондан ортиқ бола очлик ёқасида. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, можаролардан жабр кўрган мамлакатлар аҳолисининг 60% дан ортиғи очликдан азият чекмоқда.

Ёки бошқа мисол. Бир пайтлар дунёнинг энг йирик дон экспортчиларидан бири бўлган Украинадаги уруш глобал озиқ-овқат бозорларига ҳам жиддий зарба берди. Россия ва Украина биргаликда глобал буғдой экспортининг қарийб 30 фоизини таъминлайди. Бироқ Россия Украинага бостириб кириб, уруш бошлагач, жаҳон бозорларида дон нархи кескин кўтарилди, бу айниқса Aфрика ва Яқин Шарқ мамлакатлари учун сезиларли бўлди. Мисол учун, Кения ва Эфиопия каби Шарқий Aфрика мамлакатларида импорт қилинадиган буғдойга қарамлик асосий озиқ-овқат нархини ошириб, очлик муаммосини янада кучайтирди.

Covid-19 пандемиясининг иқтисодий таъсири

Covid -19 пандемияси глобал иқтисодиётга катта таъсир кўрсатди ва озиқ-овқат хавфсизлигининг ёмонлашувига олиб келди. Пандемия озиқ-овқат таъминоти занжирларини бузди, нархларни оширди ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг озиқ-овқатдан фойдаланиш имкониятини муаммога айлантирди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда 97 миллионга яқин одам ўта қашшоқликда бўлган ва 800 миллионга яқин одам очликдан азият чеккан бщлиб, бу 2019 йилга нисбатан 150 миллионга кўп деганидир.

2022 йилда Жаҳон озиқ-овқат дастури 43 мамлакатда 45 миллионга яқин одамга пандемия ва бошқа омиллар таъсирида очликдан ўлиш хавф солаётгани ҳақида огоҳлантирди. Пандемия иқтисодий нотинчликка олиб келган Лотин Aмерикаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида эса инфляция 12 фоизга етди. Бу эса кўплаб оилалар учун асосий озиқ-овқат турлари етишмай қолишига олиб келди.

Aҳоли кўпайиши ва озиқ-овқат тақчиллиги

Дунё аҳолисининг кўпайиб бориши ҳам глобал озиқ-овқат тизимларига босимни оширмоқда. 

БМТ маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб, дунё аҳолиси 9,7 миллиард кишига етиши мумкин. Бу эса озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 60 фоизга оширишни талаб қилади. Бироқ, ҳозирги қишлоқ хўжалиги тизимлари ҳозирги талабни қондиришда аллақачон жиддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Aҳолиси энг тез кўпайиб бораётган ва бу суръат янада ортиши кутилаётган Aфрикада очлик муаммоси ҳалокатли даражага етиши мумкин. Қитъада аллақачон 278 миллион киши очликдан азоб чекяпти. Агар шошилинч чора-тадбирлар амалга оширилмаса, асримиз ўрталарига келиб бу рақам икки бараварга ортиши мумкин. Иқлим ўзгариши, можаролар ва иқтисодий қийинчиликлар уйғунлигидан келиб чиққан озиқ-овқат инқирозлари тобора жиддий тус олмоқда. 

Озиқ-овқат исрофига чек қўйиш

Озиқ-овқат ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳам глобал очликка олиб келадиган асосий муаммо ҳисобланади. 

FAO маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқарилган барча озиқ-овқатнинг учдан бир қисми сифатсиз ҳолга келади ёки исроф қилинади. Демак, ишлаб чиқарилган озиқ-овқатнинг катта қисми асил эгаларига - эҳтиёжмандларга етиб бормасдан, очлик муаммосини янада оғирлаштирмоқда. 

Аҳолиси кам даромадли мамлакатларда озиқ-овқат исрофгарчилиги кўпинча ишлаб чиқариш ва сақлаш босқичларида содир бўлади. Юқори даромадли мамлакатларда эса энг кўп исроф қилиш истеъмол босқичида даражасида содир бўлади. Озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш ва озиқ-овқат тарқатиш тизимини такомиллаштириш сезиларли ўзгаришларга олиб келиши ва глобал очликни камайтириши мумкин.

Хулоса

Дунё иқлим ўзгариши, сиёсий можаролар, иқтисодий муаммолар ва аҳоли сонининг кўпайиши натижасида юзага келган глобал очарчиликнинг ҳақиқий таҳдиди олдида турибди. Халқаро даражада шошилинч ва мувофиқлаштирилган чораларсиз миллионлаб одамлар ҳалокат ёқасига келиб қолиши мумкин. 

Барқарор қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгаришига мослашув, озиқ-овқат маҳсулотларини тақсимлаш тизимидаги ислоҳотлар ва озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтириш чораларига инвестиция киритиш долзарб муаммога айланган. Фақат жаҳон ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина ҳалокатли келажакнинг олдини олиш ва биздан кейинги авлодлар учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашимиз мумкин холос.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар