АсосийЖамият

Ҳоким учун журналистлар ҳеч кимми?

Андижон ҳокими журналистларга қўлингдан ҳеч нарса  келмайди деб нимага иддао қилди?

'Ҳоким учун журналистлар ҳеч кимми?'ning rasmi

Андижондан гапирамиз!  

Ҳоким учун журналистлар ҳеч кимми?  

Ижтимоий тармоқларда кўп айланаётган

“Дунё садолари” фестивали доирасидаги Андижон воқеалари аслида қандай бўлганди? Ширакайф Андижон ҳокимининг сафсаталари-ю, ҳақоратларидан калтакланган журналистлар  воқеаларида Darakchi.uz мухбири шахсан қатнашиб репортаж тайёрлади.  

Биринчи кунда кутиб олиш учун дабдаба-ю карнай-сурнайлар қўштирноқ ичидаги "маддоҳлар" мақтовлари ўзи шундоқ ҳам “ўзидан кетган” Андижон ҳокимининг кибрига кибр қўшди.  

Фестивалнинг илк куни одатдагидай ўтди-ю, ҳамма нарса кечги овқатга борганда кескин ўзгарди. Халқаро бир фестивални ўтказиш маъсулияти елкасидаги ҳокимнинг ширакайф сўзга чиқиб “юксак аратор”лигини кўрсатиши кимнинг ҳам тушига кирибди дейсиз.   
Майли, бунисига кўз юмдик. Аммо эртаси кунги воқеалардан пичоқ бориб суякка қадалди.  

Журналистлар тартибсиз режалар асосида ташкиллаштирилган фестивалда сарсон-саргардон бўлишни бошлади. Унисига ҳам индамадик. Тадбирни ёритиш учун нақд 350 км.дан ортиқ масофани автомашинада босиб келган ОАВ вакилларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тадбирга киритмаса бўладими?!  

Биз нима учун келдик? Тадбирни ёритиб, унга туристлар ҳажмини ошириш учунми? Юртимиздаги гўзал жойларни дунёга намойиш этиш учунми? Нега унда киргизишмади?                                          

Саволлар бисёр жавоб эса битта! Россиялик хонанда Jony “Агарда мендан интервью олинса, 20 минг "кўкида" жарима тўлайсизлар" деганмиш…  

Ажойиб… 

Биз Jony'га зор эмасмиз. ОАВ вакиллари фестивални ёритиш учун бордик. Jony келса ҳам, келмаса ҳам фестиваль ўтарди.  
Агарда Jony билан шартномада ундан интервью олмаслик шарти қўйилган бўлса, бу ҳақда журналистлар огоҳлантирилиши керак эди. Ҳатто уни юзини ҳам кўрсатмасдик. 
Ўзбекистон ҳудудига келиб Ўзбекистоннинг расмий тадбирида қатнашиб туриб, бу учун давлатнинг мўмайгина пулини олиб, айнан мана шу давлатнинг ОАВсига интервью бермаса, бизни чақирмасин ёки фестивалдаги журналистик эркинликни таъминлаб берсин эди. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига нафақат муомала маданияти, “Касб одобномаси”дан тортиб, қонунчиликдан ҳам дарс ўтиш керак. Ахир улар қонунларга бўйсуниши лозим, кимнингдур топшириғига эмас...

Журналистлар худди подани ҳайдагандай ҳайдалди. Урилди, туртилди, ҳаттоки муштлашишгача борилди. Аёллар кўкка кўтарилиб, “гендер тенглиги” дея бонг урилаётган  бир пайтда аёлларга куч ишлатилди. Ваҳоланки, масъулларнинг вазифалари журналистларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлаш эди. 
Қанча уринишларга қарамай тадбирнинг охирлаб қолганида киритилиш бошланди.

Энди нима фойдаси бор? Тадбир ниҳоясига етди-ку?  

Мана шунча машмашаларни бошидан ўтказган журналистлар учун Андижон хоқони ўзи таъкидлаганидек, манипуляторлигини уларга ҳам  кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Кеча саҳнада "сайраган" ҳокимимиз бу гал ўтирволиб кучи қаергача етишини мақтанди. 

Униси ҳам майли, “Тушунган инсон бўлса, ўзингизга энг яқин инсон деб қабул қилинглар. Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади холос бошқа нарса бўлмайди" деди ҳоким.

Журналистларни барчани олдида “ҳеч кимсангача”  чиқарган ҳоким бува “негатив” ёзмаслигимиз учун бизни “қистовга” ҳам олиб қўйди. 1 соат давом этган журналистларга аталган “ҳокимнинг ширин гапларидан” фақатгина бир қисми ижтимоий тармоқларда тарқалди.  

Энди гап бундоқ! Бўлган гаплар биринчи ўринда шахсни камситиш, ҳурматини тушириш билан шахс дахлсизлигини бузиш, обрў-эътиборини йўқотишдир. 
Иккинчи ўринда, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги  қонуннинг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади, деб ёзилган.  

Учинчи ўринда, журналистлик фаолиятга дахл қилиш билан уни чеклаш бу ҳатто жиноий жавобгарликкача олиб борилади.  

Шунингдек, Президентимиз журналистларга “Орқангларда мен турибман”, “Кўпларга улар ёқмайди, лекин улар менга ёқади” каби журналистларни қўллаган гапларига ҳоким томонидан бу муносабатми?  

Қани бизни ҳақ-ҳуқуқимиз? Бу ҳеч қандай қонун ва этикага тўғри келмайди-ку?!

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг журналистларга муносабати шундайми?  

Учунчи кун, тадбирнинг охирги куни ваниҳоят журналистларга махсус Миллий гвардия ва ИИВнинг муҳри туширилган гувоҳномалар тарқатилди. (Маълумот учун: бу гувоҳномалар фестиваль бошланиши билан  тарқатилиши керак эди!!!)

Амаллаб тадбирга кириб олинди ҳам, лекин яна ўша муаммо….  

Интервьюга рухсат йўқ! Операторлар тасвирга олишига ҳам  рухсат йўқ… “Ўзи нафас олишим учун ҳам рухсат сўраймикан, деб ўйлаб қолдим..!"

Энди яна бир масала! Андижон вилояти матбуот котиби тадбирдаги кўнгилсиз ҳолатларни оқлаб берган муносабати ҳақиқатга яқин ҳам келмаган. Буни тасвирлар ва ўша ердаги журналистларнинг ўзидан  билишингиз мумкин.  

Журналистлар тадбирга кира олмаяпмиз, деб Андижон вилояти матбуот котибиятига алоқага чиққанда уни шахсан ўзи ОАВ вакилларини тадбирга кирита олмади. Фестивалда эса хабарларда айтилганидек 6 та эшик йўқ! Бизга ҳатто бир эшикдан ҳам йўл топиб бера олмаган матбуот котиби, расмий муносабатда 6 та эшик борлиги ҳақида эртак тўқияпти. 

Хўш, у айтгандай 6 та эшик бор экан, нега ўша куни матбуот котиби ҳеч бир журналистни ичкарига кирита олмади?  

Нега бюджет пулидан тадбирлар уюштирган Андижон ҳокими чўнтагидан пул сарфлаётгандай “кекирдагини чўзади?” 

Андижон ҳокими журналистларга қўлингдан ҳеч нарса  келмайди, деб нимага иддао қилди?  

Ҳақоратланган, калтакланган журналистлар учун ҳокимлик жавоб беришга тайёрми?  

Йилларки "ҳунар"ларини кўрсатиб келса-да, тахтиравонидан тушмаётган Андижон хоқони журналистикани 4-ҳокимият эканлигини унутиб шахсан Президентнинг сиёсатига қарши чиқмоқчими? Хуллас, гапирса гап кўп, чора-чи? Бу мавзу ҳали ёпилгани йўқ. Аксинча, ҳамма ҳақиқатлар энди юзага чиқмоқда. Бошқа ОАВларда ҳам узлуксиз гапирилаётган бу "байрам" кайфияти қачонгача ҳукмрон бўлар экан-а?! Қизиқ...

Жасмина Шаимова

    Бошқа янгиликлар