Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманидаги "Silver Valley" оилавий дам олиш мажмуаси билан танишди. 29,5 гектар майдонда барпо этилган ушбу мажмуа тўлиқ ишга тушгач, кунига 2,7 минг нафаргача меҳмонни қабул қила олади.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати 148,5 миллиард сўмни ташкил этади. Уни амалга ошириш доирасида 200 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Мажмуа ҳудудида 120 ўринли 12 та шале услубидаги уй, замонавий қабул биноси, 300 ўринли ресторан, 200 ўринга мўлжалланган 12 та ўтов-ресторан, 100 ўринли терраса-кафе ҳамда тўртта спа мажмуаси ташкил этилган.
Шунингдек, меҳмонларнинг мазмунли дам олиши учун тафаккур йўлаги, машқ майдонлари, зиплайн ва тюбинг аттракционлари, ёзги кинотеатр ҳамда 10 та аттракциондан иборат кўнгилочар ҳудуд барпо этилган.
Президент мажмуада яратилган шароитлар билан танишар экан, сайёҳларга маҳаллий маҳсулотлар асосида хизмат кўрсатиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва шундай дам олиш масканларини бошқа тоғли ҳудудларда ҳам кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.
"Одамларнинг даромади кўпайиб, ишлари яхшиланган сари улар дам олиш учун қулай жой излайди. Паркентда шундай шароитлар яратсак, бу ерга оилалар фарзандлари билан келиб ҳордиқ чиқаради. Бундай туристик масканларни йил сайин кўпайтириб борсак, нафақат Тошкентдан, балки республикамизнинг барча ҳудудларидан одамлар келади", деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Паркентнинг имкониятларини янада кенгайтириш, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини ҳам қайд этди.
"Бугун Паркентга келишимдан мақсад — бу ҳудуднинг имкониятларини янада кенгайтириш, паркентликларни ўзгаришларга ишонтириш. Барча ҳаракатларимиз ҳар бир инсон ўз ҳаётидан рози бўлишига қаратилган", деди Президент.
Давлат раҳбари мажмуада сайёҳларнинг узоқроқ қолишини таъминлаш, қўшимча хизмат турларини кўпайтириш ва мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.






