19 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида Жавдат Йилмаз Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Мулоқотда саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ахборот технологиялари, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг ташкил этилгани ва унинг Тошкентдаги илк йиғилиши доирасида янги инвестиция лойиҳалари ҳамда савдо келишувларига эришилгани қайд этилган. 200 дан ортиқ компания ва ишбилармон иштирокида ўтказилган бизнес-форум ҳам юқори баҳоланган.






