АсосийСиёсат

Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чоралари кўрилади

Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман ҳокимлари ҳар куни аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

'Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чоралари кўрилади'ning rasmi

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида асосий масалага ўтишдан аввал давлат раҳбари йил бошида яратилган аҳолини банд қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг мутлақо янги тизими — Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларининг ижросини таҳлил қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу борада яхши натижа кўрсатаётган туманлар кўп. Лекин айрим туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс раҳбарлари бу ислоҳотларни тўлиқ тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Уйчи тажрибаси асосида республика бўйича 500 мингта янги иш ўринлари яратилди. Лекин 15 та туман ва шаҳар режаси 90 фоизга етмаган.

Ёки Сайхунобод тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада 10 тадан микролойиҳа қилиш зарур. Бу орқали республикада жами 132 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 242 мингта янги иш ўринлари яратилди. Бироқ 26 та тумандаги 46 та маҳаллада номигагина 1-2 та микролойиҳа қилингани танқид қилинди.

Бир ой олдин Ғиждувон тажрибаси асосида туман ҳокимларига 1 мингта маҳаллани ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари ташкил қилиш топширилган эди. Лекин бирорта туман ҳокими ҳисоб-китоб қилиб, нечта лойиҳа қилиши ва қанча иш ўрни яратиши бўйича режасини тасдиқлагани йўқ. 

Зарбдор тажрибаси бўйича раҳбарлар ижро муддати 1 октябрь, деб хотиржам юрганига қатъий эътироз билдирилди. Мутасаддилар ушбу 4 та туман тажрибаси бўйича сусткашликка йўл қўйган барча раҳбарларга чора қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чораларини кўриш, қолоқликларни бартараф этиш топширилди.

Зарбдор тажрибаси асосида ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан драйвер лойиҳани шакллантириш, Ғиждувон тажрибаси асосида 1 мингта маҳалланинг ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари лойиҳаларини тайёрлаб, йил якунигача ишга тушириш вазифаси қўйилди. 

Умуман, тажрибаларнинг ҳар бири бўйича масъулларга аниқ KPI белгиланиб, ижроси устидан қатъий суров ўрнатилиши белгиланди.

Кун тартибидаги асосий масалалар – Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш, яшил манбаларни кўпайтириш, туман идораларини самарали ишлашга ўргатиш кўриб чиқилди.

Икки ой олдин Бухорога ташрифда ҳамма муаммолар ечими кўрсатиб берилган эди. Ташрифдан кейин вилоятга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бугун Президент томонидан имзоланган қарорларга мувофиқ вилоятга тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратилади. 

Вилоят ҳокими, уни ўринбосарлари, туман ҳокимлари шунга муносиб ишлаб, жойлардаги ташкилотлар олдига аниқ вазифа, ходимларига KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди. 

Келгусида ҳар битта тармоқ ва вилоятдаги ҳақиқий аҳвол шундай таҳлил қилиниб, муҳокама ўтказилиши белгиланди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар