Зарур масаллиқлар: бисквит учун: 2 стакандан шакар ва ун, 12 дона тухум, 2 ош қошиқ какао; крем учун: 800 мл. қаймоқ, 2 стакан шакар ва чой қошиқ учида ванилин; глазурь учун: 4 ош қошиқ шакар, 2 ош қошиқдан қаймоқ ва какао, ярим стакан сув; шахмат доналари учун: 1 донадан оқ ва қора шоколад.
Тайёрланиши: 1. Икки хил бисквит тайёрлаш учун масаллиқларни тенг иккига бўламиз. 6 дона тухум оқини кўпиртиринг. 1 стакан шакар қўшиб, кўпиртиришда давом этинг. Тухум сариғини қўшинг. Сўнгра 1 стакан ун қўшиб, ёғоч қошиқ билан аралаштирамиз. Айлана шаклдаги ёғланган қолипга солиб, 180 даражада қиздирилган газ печига 40-45 дақиқага қўйинг. Муҳими, шошма-шошарлик қилиб 40 дақиқадан олдин газ печини оча кўрманг. Бўлмаса, бисквитингиз шишиб чиқмайди.
2. Иккинчи какаоли бисквитни ҳам худди шу тарзда тайёрлайсиз. Фақат хамирига какао қўшишни унутманг.
3. Пишириқ қоғозига шахмат доналари суратини чизиб олинг. Шоколадларни алоҳида идишларда сув буғида эритинг ва «шприц» ёки «насадка» ёрдамида суратлар контури бўйлаб юрғизинг.
4. Қаймоқни ванилин ва шакар билан то қуюқлашгунча кўпиртиринг.
5. Сувга шакар ва какаони солиб, оловга қўйинг. Аралаштириб турган ҳолда қаймоқни солинг. То қуюқлашгунча оловда тутинг.
6. Бисквитларни энига 2 бўлакка бўлинг. Кейин оқ ва қора бисквитларни ўртасига крем суртиб, кетма-кетликда жойлаштириб чиқинг. Сўнгра устига ва ёнига ҳам крем суртинг.
6. Глазурь билан торт юзасига шахмат тахтасини чизинг ва «шахмат доналари» билан тортни безанг. Дастурхонга тортишдан олдин музлаткичга қўйишни унутманг.
2 соат
12 кишилик